ОДИЛ СУДЛОВ САМАРАСИ: БИР ЭМАС, 3 НАФАР СУДЛАНУВЧИ ОҚЛАНДИ

Аввало шуни айтиш керакки, бундан икки ярим йил муқаддам — 2019 йининг бошларида «Хатирчи деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти раиси Башир Шоимов ҳамда бозор ходимлари Ҳалима Шукурова, Раҳим Хидиров ва Ҳилола Жамолова ўртасида адоват юзага келади. Бунинг оқибатида бозорда иғво, «ёзди-чизди»лар авж олади. Охир-оқибат Башир Шоимов, бозор ҳисобчиси (бозорқўмнинг жияни) Шерзод Қулматов ва Б. Шоимовнинг рафиқаси Луиза Шоимовага нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Тергов-суриштирув жараёни ниҳоясига етгач, бу иш жиноят ишлари бўйича Кармана тумани судида кўриб чиқилди. Суднинг 2019 йил 23 августдаги ҳукмига кўра, Б. Шоимов 2017 йил 25 майдан давлат иштирокидаги ташкилот ҳисобланган «Xatirchi dehqon bozori» масъулияти чекланган жамияти директори лавозимида ишлаб келгани ҳолда жамият ҳисобчиси Ш. Қулматов ва турмуш ўртоғи Л. Шоимова билан ўзаро жиноий тил бириктирган, яъни 2018 йил 1 апрелдаги 5-сонли буйруқ асосида турмуш ўртоғини бозор ҳузуридаги «Қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш» масъулияти чекланган жамиятига иш юри­тув­чи сифатида ишга қабул қилган.

Сўнг унинг номига «Агробанк»нинг Хатирчи тумани филиалидан банк плас­тик картасини очиб, гарчи Л. Шоимова ишламаган бўлса-да, 2018 йилнинг май-декабрь ойларида иш ҳақи сифатида 7 миллион 250 минг сўм миқдордаги пул ўтказган. Яъни шунча миқдордаги маблағни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда айбланган.

 

Бундан ташқари Башир Шоимов деҳқон бозори ҳудудидаги 67 та савдо шохобчаларидаги тадбиркорлик субъектлари билан шартнома тузмагани оқибатида 2018 йил ҳам­да 2019 йилнинг 3 ойи давомида 269 миллион 487 минг сўмлик инфра­ ва ижара тўловлари ундирилмай қолган. Бу билан у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги «Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг 2018 йил 24 февралдаги «Вилоят бозорлари ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар, йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматларининг миқдорини белгилаш тўғрисида»ги қарорлари талабларини қўпол тарзда бузган. Мазкур ҳужжатларда 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб, бозор ҳудудида жойлашган савдо шохобчаларида фао­лият­ олиб бораётган тадбиркорлар билан жамият ўртасида шартнома тузилиши ҳамда ҳар бир савдо шохобчасининг квадрат метрига меъёр бўйича 6 минг сўмдан инфра ва ижара тўловлари ундириш белгиланган.

Жамият бош ҳисобчиси Шерзод Қулматов ва Луиза Шоимовага ҳам айнан 7 миллион 250 минг сўмлик иш ҳақини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлик ҳолати бўйича айблов эълон қилинган. Пировардида Башир Шоимов Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари ва 207-моддаси 1-қисми, Шерзод Қулматов 167-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари, Луиза Шоимова 28,167-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топилган. Аммо жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 29 ноябрдаги ажрими билан ҳукмнинг Б. Шойимовга оид қисми ўзгартирилиб, унинг айбидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в», «г» банд­лари чиқарилган. Ҳукмнинг Ш. Қулматов ва Л. Шоимовага нисбатан қис­ми эса, бекор қилиниб, улар Жи­ноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилинган.

Шундан сўнг Б. Шоимов ва унинг ҳимоячиси З. Ражабов Олий судга апелляция шикояти билан мурожаат қилишди. Натижада Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 22 сентябрдаги ажримига биноан жиноят ишлари бў­йича Навоий вилояти суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 29 ноябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инс­танция судида кўриб чиқиш учун юборилди.

Буни қарангки, ишни янгидан кў­риш жараёнида биринчи босқич суди томонидан бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани маълум бўлди. Жумладан, суд ишни кўришда Жиноят процессуал ко­декси­нинг 22 ва 455-моддалари ҳамда Олий суд Пленумининг 2014 йил 22 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори талабларига риоя қилмаган.

Яъни иш бўйича судланувчилар Б. Шоимов, Л. Шоимова ва Ш. Қулматовнинг ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига, шунингдек, дастлабки тергов давомида тўпланган ҳужжатларга етарлича қонуний баҳо бермаган.

Қолаверса, Л. Шоимова 2018 йил 1 апрелда «Хатирчи деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамиятига иш юритувчи лавозимига ишга қа­бул қилинган вақтда бозорда бу турдаги штат бирлиги мавжуд бўлган ёки бўлмагани тўғрисида юзага келган қарама-қаршиликларга ойдинлик киритилмаган. Ваҳоланки, Луиза Шоимова билан масъу­лияти чекланган жамият­ ўртасида 13-сонли меҳнат шарт­номаси тузилган. Шунга биноан, у Пахтачи туманидаги «Мирбозор» деҳқон бозоридан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини арзон нархда харид қилиб, «Хатирчи деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамиятига топширган. Унинг иш фаолияти эрталаб 05.00 дан соат 10.00 ларгача давом этган.

Гарчи суд фуқаролар Ҳалима Шукурова, Раҳим Хидиров ва Ҳилола Жамолованинг «Луиза Шоимова бозорда ишламаган» деган кўрсатмаларини айбловга асос қи­либ олган бўлса-да, лекин улар билан Шоимовлар ўртасида адоват бўлганига эътибор қа­ратмаган. Луиза Шоимованинг ишлагани меҳнат қонунчилиги нормаларига зид эмаслиги ҳақидаги далилларга ҳуқуқий баҳо бермаган. Шунингдек, Луиза Шоимова Самариддин Бобоназаров, Ҳамза Абдиев, Воҳид Сағдуллаев ва Дилшод Нарзуллаев каби деҳқон ва фермерлар билан шартнома тузиб, бозорга 4 тонна пиёз, 500 килограм картошка, 800 килограмм мош ҳамда 1 тонна гуруч олиб келгани инобатга олинмаган. Борди-ю, Л.Шоимова бозорда ишламаган бўлса, ярмарка учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ким етказиб бергани масаласи ҳам муҳокама қилинмаган.

Шу ўринда Башир Шоимов Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан айбланганига эътибор қаратсак, унинг ўз вазифасига масъулиятсизлик билан муносабатда бўлгани ҳолати ҳам исботланмаган. Яъни тадбиркорлардан 269 миллион 487 минг сўм турли хизмат ва ижара тўловини ундирилмаслик сабабига ойдинлик киритилмаган. Б. Шоимовнинг бу тўловларни ундириш учун ўзига боғлиқ бўлган барча ҳаракатларни амалга оширгани инобатга олинмаган. Бозор ҳудудидаги 67 та тадбиркорлик субъекти туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорига асосан савдо дўконларини ўз маблағлари ҳисобидан қуришган. Шу сабабли улар ижара тўловларини тўлашдан бош тортаётгани инобатга олинмаган. Бундан ташқари бозор раҳбари тадбиркорлик субъектларидан ижара тўловларини ундириш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа идораларга мурожаат қилганига ҳам эътибор қаратилмаган.

 

Жиноят ишига Ҳ. Жамолова ва Б. Шоимов ўртасидаги сўзлашувлар ёзилган диск илова қилинган. Мазкур диск ашёвий далил сифатида қайд этилган бўлса-да, бироқ аудиоёзув Жиноят процессуал кодекси талаблари асосида расмийлаштирилмаган. Ваҳоланки, мазкур кодекснинг 95-1-моддасида гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан кодекс нормалари бузилган ҳолда олинган кўр­сат­ма­лар, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио-видеоёзувлар ва бош­қа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқлангани инобатга олинмаган. Бундай ҳолатда ўз-ўзидан суд ҳукмини қонуний ва адолатли деб бўлмайди. Ана шу асосларга таянган Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича Кармана шаҳар судининг 2019 йил 23 августдаги ҳукмини бекор қилиб, Башир Шоимов, Шерзод Қулматов ва Луиза Шоимоваларни айбсиз деб топиб, оқлади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу апелляция ажримини адолатнинг чинакам тантанаси сифатида баҳолаш мумкин. Зеро, бу одил судлов самараси, инсонпарварлик сиёсатининг яққол намоёнидир.

 

 

Абдуманнон ШАЙДОЕВ,

Навоий вилояти суди

раиси ўринбосари,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: