НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ФУҚАРО ОЛТИ ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ

Аввало шуни айтиш керакки, Бувайда туманида яшовчи Рустамжон Мамадалиев Бош қомусимиз — мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигини катта қувонч кутиб олмоқда.

Албатта, бунинг ўзига хос сабаби бор. Гап шундаки, Конституциямизда белгиланган инсонпарварлик тамойили бундан 6 йил муқаддам ноҳақ судланган Рус­тамжоннинг жонига оро кирди. У Фарғона вилояти судининг 2021 йил 25 ноябр­даги ажримига биноан оқ­ланди.

Хўш, у нега ноҳақ жавобгарликка тортилган эди?

Маълум бўлишича, аввалига у жиноят ишлари бўйича Бу­­вайда туман судининг 2015 йил 13 майдаги қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилади.

Аммо у маъмурий жазо муддати тугагач ҳам қўйиб юборилмайди. Аксинча, унинг бошига янада жиддийроқ ташвиш тушади. Аниқроғи, маъмурий жазо муддати тугагач, Р. Мамадалиев бир сутка мобайнида туман ИИБ биносида ушлаб турилади. Эртаси куни — 2015 йил 29 майда Жи­ноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига биноан гумон қилинувчи тариқасида қа­моққа олинади.

Дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловга кўра, Р. Мамадалиев 2014 йил октябрь ойи бошларида Бувайда тумани ИИБ жиноят қи­дирув ва уюшган жи­ноят­чи­ликка қарши курашиш бўлинмаси тезкор вакили Азизбек Юнусов билан ўза­ро жиноий тил бириктиради. Натижада Р. Мамадалиев туманнинг Чиркай қишлоғидаги да­ла майдонида ўс­ган на­ша ўсимлигининг танаси ва барг­ларидан узиб олиб, келгусида сотиш мақсадида А. Юнусовга берган. Тезкор вакил ушбу гиёҳвандлик воситасини хизмат хонасида сақлаб келган. Сўнг 2014 йил октябрь ойи ўрталарида Ўктам Рўзиқуловга 12,63 грамм — кўп миқдордаги «марихуана» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 50 000 сўмга сотган.

Шундан сўнг ҳар иккала шахс­га нисбатан жиноят иши қўз­ғатилган.

Кейинчалик иш ху­сусиятларидан келиб чиққан ҳолда жиноят­ иши икки қисмга аж­ра­­тилган. Дастлабки тергов якунлангач, Р. Мамадалиев жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани судининг 2015 йил 15 сентябрдаги ҳукмига асосан Жиноят ко­дексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилади ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Фақат Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги ам­нис­тия акти қўлланилиб, тайинланган жазо учдан бир қисмга қисқартирилади.

Азизбек Юнусовга ҳам ушбу жиноят иши бўйича суднинг 2015 йил 27 майдаги ҳук­мига мувофиқ жазо тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти су­ди кассация инстанциясининг 2018 йил 15 майдаги ажрими билан у айб­сиз деб топилиб, оқланган.

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қолаверса, А. Юнусовнинг оқ­ланиши Р. Мамадалиевга катта умид бағишлади. Бинобарин, у ҳимоячиси ёрдамида берган апелляция шикоятида вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ҳамда дастлабки тергов жараёнида ўтказилган жисмоний ва руҳий тазйиқлар остида аслида содир қилмаган жиноят учун иқрорлик кўрсатмалари берганини маълум қи­либ, ўзига нисбатан чиқарилган айблов ҳукмини бекор қилишни ва оқлов ажрими чиқаришни сўради.

Дарҳақиқат, апелляция су­ди мажлисида унинг ноҳақ судлангани аён бўлди.

Суд муҳокамасида биринчи инс­танция суди Жиноят-процессуал кодекси талаблари ва Олий суд Пленумининг тегишли қарорлари талабларига амал қилмагани аниқланди.

Апелляция инстанцияси судида гувоҳлик берган Ўктам Рўзиқуловнинг таъкидлашича, у  2014 йил октябрь ойларида А. Юнусовдан оқ қоғозга ўралган гиёҳвандлик воситасини 50 000 сўмга сотиб олган. Бироқ ушбу гиёҳвандлик воситасини туман истироҳат боғидаги қурилиши тугалланмаган бино ертўласига отиб юборган. Орадан олти ой ўтгач, тезкор вакилнинг ҳаракатлари ноқонунийлигини билган ҳолда унга қонуний чора кўришни сўраб ариза берган. Судда гувоҳ тариқасида иштирок этган Азизбек Юнусов жисмоний ва руҳий тазйиқлар остида дастлабки тергов ва биринчи босқич судида Рустамжон Мамадалиевни айблашга қаратилган ёл­ғон кўрсатмалар беришга мажбур бўлганини маълум қилди.

Олий суд Пленумининг жиноят иши юритилган вақтда амалда бўлган, 2004 йил 24 сентябрдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори (маз­кур қарор айни пайтда ўз кучини йўқотган) да суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонунни аниқ бажариш ва унга риоя қи­лишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келиши, номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг 82-84-моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмаслиги, кўрсатмалар, шу жумладан, айбига иқрорлик тўғрисидаги кўрсатмаларнинг қийноққа солиш, зўрлик ишлатиш ҳам­да инсонга нисбатан бошқа шафқатсиз ёки унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш, шунингдек, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар орқали олиниши далилларни номақбул деб топишга асос бўлиши тўғрисида тушунтириш берилган. Лекин суд даст­лабки тергов органи томонидан йўл қўйилган камчиликлар, иш ҳолатларига ойдинлик киритиш жараёнида юзага келган қарама-қаршиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаган.

Масалан, Ў. Рўзиқулов ташлаб юборган гиёҳвандлик воситасини назорат остида олиш тадбири ўтказилмаган. Қолаверса, қу­рилиши тамомланмаган бинонинг зах ертўласидан беш ойдан кейин топилган наша ўсимлигининг япроқ қолдиқлари яшил рангдалиги (бу суд-кимё­вий экспертизасининг 2015 йил 30 мартдаги 116-сонли хулосасида қайд этилган), ҳанузгача қу­руқ ҳолатда экани ҳамда ўралган қоғози ранги оқлигича турганига эътибор қарат­май, Р. Мамадалиевни айб­дор деб топиб, нотўғри хулосага келган. Бу ҳолат «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қо­нуннинг 14-моддаси талабларига ҳам зиддир.

Бундан ташқари айни пайт­­да иш бўйича Рустамжон Мамадалиевнинг айбини тасдиқловчи далилларни тўплаш имконияти ҳам тугаган. Шу боис юқоридаги далиллар номақбул (яроқсиз) деб эътироф этилди. Бундай ҳолатда Р. Мамадалиевга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини қонуний ва асосли деб бўлмайди.

Жиноят-процессуал ко­дек­с­и­нинг 83-моддасида иш қўз­ғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳо­диса юз бермаган бўл­са, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, унинг содир этилган жиноятга дахли бўл­маса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши лозимлиги белгиланган.

Бинобарин, Фарғо­на вилояти суди ана шу асосларга таянган ҳолда жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани судининг 2015 йил 15 сентябрдаги ҳукмини бекор қи­либ, Рустамжон Мамадалиевни айбсиз деб топди ҳамда оқлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Конституциямизнинг 13-моддасида «Ўзбекис­тон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади» дея қайд этилган. Шунингдек, Конституциямизнинг 26-моддасига мувофиқ жи­ноят­ содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, ай­би аниқланмагунча, у айб­дор ҳи­собланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қи­лиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Асосий қонунимизнинг ай­­ни шу қоидалари инсонпарварликнинг энг ёрқин намунасидир. Бугун оқланиб, қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва таниш-билишлари орасида юзи ёруғ бўлган Р. Мамадалиевнинг қўшалоқ байрамга ҳозирлик кўраётганининг бои­си шунда.

Унинг шуку­ҳи узоқ вақт давом этиши шуб­ҳасиз.

Тўлқинжон ТЎРАҚУЛОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: