НОҲАЛОЛ ЛУҚМА

Айтиш керакки, мамлакатимизда «Обод қишлоқ» давлат дастурининг ҳаётга жорий этилиши қишлоқларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, шаҳардагидан кам бўлмаган турмуш шароитини яратишда ниҳоятда муҳим ўрин тутмоқда.

Бунинг устига, айни шу бунёдкорлик ишлари жараёнида юртимизда тадбиркор, омилкор, ишбилармон қурувчи-меъморларнинг улкан са­фи шаклланди.

Аммо ана шундай эзгу ва хайрли ишлардан ўзининг тор ва чиркин манфаати йў­лида фойдаланиб қолишга уринадиган кимсаларнинг учраши жуда афсусланарлидир.

Ғиждувонлик Шерзод Эшмуродов ва Валижон Жумаевлар шулар тоифасидан бўлиб чиқди.

…Ҳаммаси юқорида баён этилган давлат дастури қиш­лоқ ҳаётига кириб келганидан сўнг бошланди. 2019 йилнинг апрел-июнь ойларида туман Ободонлаштириш бошқармаси билан «Сеталон», «Амиробод», «Янгиработ» қишлоқлари, «Армечан», «Пахтаобод», «Зарафшон» маҳаллаларига кўча чироқлари ўрнатиш юзасидан 4 та пудрат шартномасини тузишга муваффақ бўл­ган «Алишер Абдунасимович» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шерзод Эшмуродов ушбу ҳужжатлар ортида мўмай пул борлигини шу заҳотиёқ фаҳмлади. Шу аснода давлат ғазнасидан келаётган пулларни Ободонлаштириш бошқармасининг шу сингари ишлар учун масъул назоратчиси В. Жумаевнинг кў­маги, аниқроғи, жимжимадор имзосиз ўмаришнинг имкони йўқ эканини ҳам биларди.

Шу боис у В. Жумаевнинг кўнглига қулоқ тутди. Монелик аломатлари сезилмагач, дангалига ўтди. Маслаҳатни пишитгач, белни маҳкам боғлаган кўйи номи юқорида қайд этилган қишлоқ ва маҳаллаларда кўча чироқлари ўрнатишга астойдил киришди. Бу жараёнда айрим ҳудудларда ўта арзон нархдаги чироқлар ўрнатилди. Бир қатор кўча ва йўлларни ҳар бирининг нархи 1 миллион 89 минг сўмлик «РТУ 01-125» маркали кўча чироқлари ўрнига қиймати атиги 302 минг сўм­лик «РКУ-SKU 100 W 6400К IP 66 185-265 V 50 ГЦ» русумли ёритгичлар билан ҳаш-паш дегунча безаб ташлади. Бу ҳолат тегишли ҳи­собот ҳужжатларида ҳам ўз аксини топди. Мазкур манзиллар 302 минг эмас, балки 1 миллион 89 минг минг сўм­лик ёритгичлар билан жиҳозлангани айрим ҳужжатларда қайд этилди. Шундай сохтакорлик йўли билан 115,9 миллион сўм талон-торож қи­линди.

Ш. Эшмуродов бошлиқ масъу­лияти чекланган жа­мият­нинг туман йўллари ва кўчаларини арзон нархли ёритгичлар билан саноқли ҳафталар мобайнида қойилмақом тарзда безагани ва рўёбини топган ишлар бош­­қ­ар­ма назоратчиси В. Жумаевнинг жимжимадор имзоси остида зудлик билан қабул қилиб олинган. Бир қа­рашда, ҳужжатлар рисоладагидек ва қайд этилишича, бир тараф зиммага олган мажбуриятини бажарган, иккинчи тараф эса, буни эътироф қил­­­ган ҳолда лойиҳадаги юмушлар тўлиқ адо этилганини ўз им­зоси билан тасдиқлаган. Аммо масаланинг пинҳона тарафи ҳам бор ва баъзи ҳужжатлардаги арзон қий­­­матли йўл чироқ­лар ўр­ни ундан бир неча баравар қиммат нархдаги ёритгичлар ўр­натилганига доир ажабтовур ёзувлар билан тўлдирилгани эътиборни ўзи­га торт­май қол­­майди.

Кейинчалик аён бў­лишича, бир йўла 2 та салмоқдор ҳужжатга ими-жимида киритилган ана шу ўз­гар­тиш, аниқроғи, сохталаштириш эвазига нақ 116 миллион сўм талон-торож қилинган. Ҳарқа­лай, ўиждувон қишлоқларида адоғини топган бу янг­лиғ ишлар баъзиларнинг кў­зига ажабтовур тусда кў­ринди ва турли шуб­ҳа-гумонлар, пи­рор­вар­дида эса, тафтиш-сў­ров­ларга сабаб бўлди.

Ҳар иккала шерик талмовсираб қолди. Лекин бу узоққа чў­зилмади.

Вазиятдан чиқишнинг ҳали эътиборингизга ҳа­вола этилган жўн, аммо ажабтовур йўли «кашф» қи­линди. Айрим ҳужжатлар матнида одам боласини мушкулотлардан халос этувчи ўзингизга аён ўзгартишлар пайдо бўлди. Шу орада пудратчи ва назоратчи-қабул қилувчи тарафидан амалдаги ло­йи­ҳа ҳужжатини сохталаштириш чоғида айрим шошма-шошарликларга йўл қўйилгани ҳам маълум бўл­ди.

Аниқланишича, «РТУ 01-125» номи билан юртилувчи қиммат нарх­ли чироқларни кўча устунларга ўрнатишнинг иложи йўқ. Чироқларнинг техник ҳолати бунга йўл қўймайди. Шу боис улар­ни боғ ва хиёбонлар-ал­лея­лар­даги плафонларгагина ўрнатиш мумкин.

Афтидан, масаланинг бу жиҳати ижрочи ва назоратчининг эътиборидан четда қол­ган ва амалдаги 2 та ло­йиҳа ҳужжатининг бирига кўча ва йўл бўй­ларидаги устунларга ана шу русумли қиммат қийматдаги чироқларни ўр­натиш юзасидан ажабтовур ўз­гартиш киритилган. Бунинг эвазига чап чўнтак томон оққан пулнинг қиймати эса, 116 миллион сўмни ташкил этади. Аммо айбланувчи тарафнинг сўзига қараганда, тегишли ҳужжатлардаги бу ёзувларга уларнинг мутлақо дахли йўқ. Уни ҳужжатларга ло­­йиҳа­чи­ларнинг ўзлари киритишган. Бу иддао олдида қар­ши тарафдагилар сукут сақлашмади. Бинобарин, уларнинг ҳам айтар сўзи бор. Суд ва тергов пайти ҳужжатлардаги бу янглиғ ўзгартишлар ижро тарафнинг ўзига хос «кашфиёти» эканлиги яққол аён бўлди. Туман молия бўлими мудири ўринбосари М. Бол­­таев, Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи У. Туев, «Ғиждувон қу­рилиш лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б. Рўзиев суд ва терговга ана шу мазмунда кўрсатма бердилар. Далиллар эса, жиноятнинг бор кўламини яққол намоён этди ва исботини топган ҳолатларга қа­раганда, ҳали номлари келтирилган қишлоқ ва маҳаллаларни тунги ёритиш воситалари билан жиҳозлаш учун 4 та лойиҳа асосида ажратилган жами 1 миллиард 324 миллион сўмлик давлат маблағининг қарийб 116 миллион сўми ўз­лаштириш ва рас­трата йўли билан талон-торож қилинган.

Тергов органи шуларни назарда тутган ҳолда Ш. Эшмуродов ва назоратчи В. Жумаевни Жиноят кодексининг талон-торожликларни ифодаловчи 28, 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва қалбакилаштиришга доир 228-моддаси 2-қис­ми «б» банди ҳам­да мазкур модданинг 3 қисми бўйича жавобгарликка тортди. Бировлар ҳа­қига хиёнат қи­лиш, уни ўмариш ва ўзганинг ҳалол ризқ-насибасини тортиб олишга қаратилган жиноий кирдикор беиз кетмагани ва муқаррар жазо томон етаклагани айни муддао. Би­роқ суд ишларининг бари қо­нун, адолат, одиллик ва холислик тамо­йил­ла­рига асосланмоғи даркор. Бунинг устига судланувчилар ҳам ўз­лари томонидан содир қи­линган жиноий қилмиш кўлами ва бунинг учун жазо ҳам муқаррар эканини анг­лашди. Айбига иқ­рор­лик билдиришди.

Содир этилган қилмиш оғир оқи­батларга олиб келмагани, ижтимоий хавфини йўқотгани, ўзлаштирилган салкам 116 миллион сўмлик маблағ эса, ихтиёрий равишда давлат ғазнасига қайтарилгани, бу билан етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қоплангани, шунингдек, айбланувчиларнинг оилавий шароити, муқаддам судланмагани, ҳозирда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлишаётгани каби ижобий ҳолатлар инобатга олинди. Судда кўр­сатма берган фуқаровий даъвогар, туман молия бўлими масъули М. Бол­­таев қилмишнинг ўзаги — етказилган моддий зарарнинг ўрни нақд ҳолида тўлиқ қопланганини баён этар экан, ҳар иккала айбланувчига нисбатан даъво қолмаганлигини алоҳида таъкидлади. Суд ушбу ҳолатларни назарда тутди: жиноий қил­миш­га қўл урган Ш. Эшмуродов ва В. Жумаевни гарчи айбдор, деб топган бўл­са-да, жазога тортмасликни маъ­қул кўрди. Бинобарин, жиноят қонунчилиги ҳам шуни тақозо этади, етказилган зарар қопланган тақдирда, жазо чораларини қўллашни истисно қилади. Бу ҳо­лат чиқарилган ҳукм­да ўз ифодасини топди. Айбланувчилар содир этилган қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусия­тини йўқотгани боис, Жиноят­ кодексининг 70-моддасига биноан жазодан озод қилиндилар.

Ғиждувонда рўй берган бу воқеа айбланувчиларнинг кў­зини мошдай очгани аниқ. Ам­мо, назаримизда, турмушнинг барча-барчага чинакам са­боқ бўларли бошқа бир қо­нунияти ҳам бор: бу қилмиш учун жазонинг муқаррарлиги. Ҳаётнинг уш­бу таомилига суянган, ундан етарлича сабоқ ва хулоса чиқарган киши борки, бундайлар ҳеч маҳал аросат бот­қоғига ботишмайди. Қиларини қи­либ, уйидан, рўз­ғо­ри­дан қийиб, ўзи етказган зарарнинг ўрнини қоплашдек оғир қисматга рўпара келган, бу ҳам камлик қилгандай, иззатидан айрилгандан кўра, нонини ҳамиша ҳа­лоллаб ейиш, шу аснода озгина ризқи­ни ҳам асалга дўн­дириш, бунинг шарофатидан тинч ва хотиржам умр суришга не етсин? Шу йўсиндаги ҳаёт ва турмуш афзал ҳам­да маъқул эмасми?! Хўш, бунга сиз нима дейсиз?

 

 

Бобир Умаров,

жиноят ишлари бўйича

Ғиждувон тумани судининг раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: