НОҲАЛОЛ БОЙЛИК ФИРИБГАРГА БУЮРМАДИ

Бу дунёда изоҳ талаб қилмайдиган шундай бир ҳақиқат бор: жиноий йўл билан топилган бойлик ҳеч кимга, ҳеч қачон буюрмайди, ноҳалол луқмадан бирон кимса ўсиб-унмаган, барака топмаган. Қуйидаги жиноят тафсилоти ҳам шу ҳақда.

Мирзоқул Ёркелдиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ях­ши ният билан фермер хўжалиги ташкил этди. Туман ҳо­кимининг 2003 йил 14 апрелдаги қарорига асосан «Т. И.» фермер хўжалигига 150 гектар суғориладиган ер майдони узумчилик барпо этиш учун 50 йил муддатга ижарага берилди.

Узумчилик жуда сердаромад соҳа, бир килограмм майизнинг нархи бозорда фалон пул. Меҳнатдан қочмаган фермер нафақат ўзининг, балки ёнига бел боғлаб ишга кирган бир неча оила аъзоларининг ҳам кам-кўстини тўкис қилади.

Аввал-бошда фермер хўжалиги раҳбари М. Ёркелдиевнинг ишлари бароридан келди. Шу сабабли, туман ҳокимининг 2014 йил 12 майдаги қарори билан у раҳбарлик қилаётган фермер хў­жалигига 135-контурдан қўшимча 10,5 гектар ер 49 йил муддатга ижарага ажратиб берилди.

Ҳаммаси шундан сўнг бошланади. Аниқроқ айтганда, М. Ёркелдиевнинг фермер хўжалигига ажратилган 10,5 гектар токзорнинг чегарадош қисми 135-контур ҳудудига қарашли бўлиб, 6-7 гектар бўш ер майдони бор эди. Бу ер майдони туман ҳокимлиги захирасидаги ер ҳисобланарди.

Шу ўринда масалага ойдинлик киритиш учун бир ҳолатдан азиз газетхонни хабардор қилиш керак. Гап шундаки, 2015 йилда туман «Ер-мулк кадас­три» давлат унитар корхонаси ходими Ж. Шарофиддинов 135-контурдаги бўш ётган майдонга келиб, тўрт нафар фуқарога 42 сотих ер майдонини уй-жой қу­риш учун ўлчаб беради. Мирзоқул Ёр­келдиев бунинг сабабини сўраганида Ж. Шарофиддинов «Бу фуқаролар 2011 йилда туманда уй-жой учун ўтказилган «Кимошди» савдосида ғолиб чиққан, шу сабаб уларга ер ўлчаб берилди», дейди.

М. Ёркелдиев ток экиб, узумчилик билан шуғулланаётган ернинг бўш турган чегарадош қисми туман ҳо­кимлиги захира ер майдони эканлигига шунда тўла ишонч ҳосил қилади. Аммо шайтон қутқуси унга тинчлик бермайди.

Дастлаб М. Ёркелдиев Ю. Қодирқуловнинг ишончига киради, уни алдаб ўзи­ни ер-жой сотишга ваколатли шахс қилиб кўрсатади.

Навандак қишлоғи худудида жойлашган 135-контурнинг туман захира ер майдони ҳисобида турган қисмидан фуқароларга ер-жой сотаётганини айтади. Уй-жой қу­риш учун ер ажратиб беришга ваколатли шахс бўлмаса-да, 2016 йилнинг баҳорида фуқаро Ю. Қодирқуловга 12 сотих ер ўлчаб бериб, унинг 5 миллион 200 минг сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.

У ҳузурига уй-жой қуриш учун ер сў­раб келган фуқаро З. Суярқуловга эса, у шундай дейди: Ерни ўлчаб бе­раман. Лекин уй-жойга ҳужжатни расмийлаштиришга ваъда қилмайман. Бу иш бош­қа ер-жой олганлар каби сизнинг зиммангизда қолади.

Фуқаро З. Суярқулов бунга рози бўлади. 12 сотихдан иккита 24 сотих ер-жой учун Мирзоқул Ёрқуловга у 10 миллион сўм беради.

Табиийки, ҳамма жойда уй-жой қу­риш учун ер олишга талабгорлар кўп. Юқоридаги ҳолдан хабардор бўлганлар М. Ёркелдиевнинг ҳузурига ер сў­раб келаверишади. Қисқаси, фирибгарлик йўлига кирган М. Ёркелдиев 2016 йилнинг мартидан 2019 йилнинг октябрь ойига қадар 29 нафар фуқарони алдаб, ер-жой ўлчаб берган ва улардан жами 227 миллион 200 минг сўм миқдоридаги маблағни такроран фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

— Айбимга тўлиқ иқрор ва пушаймонман, — дейди судда М. Ёркелдиев. — 2019 йилда соғлиғим ёмонлашганди, фермер хўжалиги раислигини акам Э. Ёркелдиевга топширдим. Ҳозир ўзим фермер хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишлаяпман.

Судланувчи М. Ёркелдиев 29 нафар жабрланувчига етказилган 227 миллион 200 минг сўм миқдоридаги зарарни тўлиқ қоплаган. Шу сабабдан жабр­ланувчиларнинг ҳаммаси судда М. Ёркелдиевга нисбатан даъвоси йўқлигини билдиришиб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўрашди.

Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи М. Ёркелдиевнинг жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 168-моддаси 2-қисми «б» банди (эски таҳрирдаги) ва 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан тўғри малакаланган, деган хулосага келди.

Энди судланувчи М. Ёркелдиевга нисбатан жазо тайинлаш масаласига тўхталадиган бўлсак, Жиноят кодексининг 33-моддаси 2-қисмига эътибор қаратиш лозим бўлади. Негаки, бу ўринда агар шахс содир этган қилмишда Жиноят кодексининг Махсус қисми айни бир моддаси турли қисм­ларида назарда тутилган жиноятларнинг аломатлари мавжуд бўлса, у модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича жавобгарликка тортилади, дея қайд этилган.

Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жи­ноят­ учун жазо тайинлаш амалиёти тўғ­рисида»ги қарори 49-бандида шахс Жиноят кодексининг махсус қисми айни бир моддасининг турли қисмларида назарда тутилган ўхшаш қилмишни содир этганликда айбдор деб топилганда, жазо шу модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бў­йича тайинланиши ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.

Суд юқорида тилга олинган қонун ва Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларидан келиб чиқиб, судланувчи М. Ёркелдиевни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жавобгарликка тортишни лозим ҳисоблади.

Суд Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғ­рисида»ги қарори 3-банди раҳбарий кўрсатмаларига таянди. Ушбу бандда «Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кў­ра, жазо адолатли бўлиши — ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноят­нинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳо­лат­ларга мувофиқ бўлиши керак»лиги қайд этилган.

Суд судланувчига нисбатан жазо та­йинлашда айбига иқрор ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифга эга эканлиги, оилавий шароитини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топди. Жиноятни ға­разгўйлик ниятида содир этганлигини, Жиноят кодексининг 56-моддасига асосан, жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолади. Етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олди. Яшаш жойидан ижобий тавсифга эга эканлигини эътиборда тутиб, Жиноят кодексининг одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига ҳамда Олий суд Пленумининг дастурий кўрсатмаларига амал қилган ҳолда Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми санк­ция­си доирасида иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда икки йил олти ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Гувоҳи бўлганингиздек, аввалида алоҳида таъкидлаганимиз каби алдов ва фириб йўли билан топилган бойлик Мирзоқул Ёркелдиевга буюрмади. Жабрланувчиларга етказган зарарларни тўлиқ қоплади, топгани — обрўсини тушириб, эл-юрт олдида уятга қолгани бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ноннинг ҳа­лоли ширин. Кўпни кўрган кексаларимиз бекорга «Яримта нон — ҳузури жон» дейишмаган.

Алдов, фириб, умуман, жиноий йўл билан топилган ноҳалол бойлик ҳеч кимга, ҳеч қачон буюрмайди.

 

Суюн БЎТАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Хатирчи туман судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: