НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУДДА БЕКОР ҚИЛИНДИ

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Айтиш керакки, солиқ ор­ганларининг ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга берилган шикоятлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ҳал этилади.

Бунга суд амалиётидан кўп­лаб мисоллар келтириш мумкин.

Масалан, «FIR-SHAX-PARRANDA» масъулияти чекланган жамияти Бухоро туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, Бухоро вилояти Давлат солиқ бошқармасининг тегишли қарорини бекор қилишни сўраган.

Иш ҳужжатларида қайд этилишича, Бухоро вилояти солиқ бошқармасининг 2021 йил 20 августдаги 20/1-01076-kт-сонли буйруғи билан масъу­лияти чекланган жамиятининг 2021 йил май-июль ойлари фаолияти да­вомида қўшилган қиймат солиғи тўғ­ри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши бўйича 2021 йил 19 августдан 20 сентябрга қадар камерал солиқ текшируви ўтказилган. Текшириш натижасига кўра, корхона солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилган ва ун­га нисбатан молиявий жарима тайин­лаш тўғрисида қарор чиқарилган.

Суд муҳокамасида камерал солиқ текшируви жараёнида «Ломан браун» зотли товуқларнинг тухум бериши интернет тармоғидаги маълумоти бўйича тахминий ҳисоблангани маълум бўлди.

Бундан ташқари текширув якунида корхона раҳбари ёки вакили далолатнома ва баённома тузиш жараёнида иштирок этмаган. Ҳолбуки, солиқ қо­нун­­чилигида солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида корхона раҳбарининг шахсан ўзи ёки ишончли вакили орқали иштирок этиши ҳамда солиқ тў­ловчининг тушунтириш бериш имконияти етарли равишда таъминланиши шартлиги белгиланган. Со­лиқ бошқармаси масъул ходимлари қонуннинг ушбу талабларига риоя этмагани натижасида корхонанинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган. Шу боис суд томонидан со­лиқ ор­ганининг қарори ҳа­қи­қий эмас, деб топилди.

Суднинг ушбу қароридан но­рози бўл­ган Бухоро вилоя­ти солиқ бошқармаси вилоят маъмурий судига апелляция шикояти билан мурожаат қилди. Ушбу ши­коят­ апелляция инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилди ва ҳа­қиқатдан ҳам, солиқ ор­гани то­монидан процессуал хатоликка йўл қў­йилгани сабабли би­ринчи инстанция суди ҳал қи­лув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, солиқ текшируви жа­раёнида қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган ходимларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилмоқда. Баён этилган ҳо­латда ҳам қо­нунбузилиш ҳолатига йўл қўйган ходимларга нис­батан хусусий ажрим чиқарилди. Бу ҳар бир ходимни ўз вазифасини масъу­лият билан бажаришга ундаши баробарида қонунбузарликлар содир этилиши ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

 

 

Ихтиёр Холов,

Бухоро вилояти

маъмурий суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: