НОҚОНУНИЙ ҚАРОР ОРТИҚЧА ОВОРАГАРЧИЛИККА САБАБ БЎЛДИ ВА НИҲОЯТ, НИЗО СУДДА ҚОНУНИЙ ЯКУН ТОПДИ

Бу ҳаётда саховат ва мурувват сингари ибратли амалларни адо этиш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Саховат ва мурувватдан баҳраманд бўлганлар қалбида эса, ушбу хайрли амалларни адо этганларга нисбатан ҳар доим ҳурмат-эҳтиром, миннатдорчилик туйғулари кезади.

2019 йилнинг июнь ойида Гурлан тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан туман марказидаги Паҳлавон Маҳмуд кўчасида барпо этилиши мўлжалланган уч қаватли бинонинг биринчи қаватига жойлашадиган 30-сонли савдо мажмуасининг ҳар бири 89,28 квадрат метрдан иборат 2 та дўкон қурилиши майдони (унинг 2 ва 3-қаватлари турар жойга мўлжалланган) бир киши — Карим Бозорбоевнинг номига хатлаб берилди. Табиийки, бундан унинг боши осмонга етди.

Аслида у иккита эмас, балки битта ер майдонига талабгор бўлган, ушбу ерни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган хусусий дўкони учун товон тарзида ажратиб беришни сўраганди.

Бу ҳолат туман ҳокимининг 2019 йил 10 июндаги 4102-сонли қарорида ўз ифодасини топди. Албатта, қарор қабул қилишнинг ҳам ўзига хос тартиб-таомиллари бор. Яъни қарор зарур ҳужжатларнинг бари тўла-тўкис тахт этилиб, баҳс-муносазара, ариза, шикоят, эътирозга етакловчи ҳолатлар охиригача бартараф қилингач, қабул қилиниши керак.

Лекин К. Бозорбоевга иккита дўкон ўрнини ажратиш тўғрисидаги қарор айрим зарур ҳужжатлар, чунончи, ўзаро келишув шартномаси, талабгор тарафнинг ер майдони ажратиб бериш ҳақидаги аризаси, 89,28 квадрат метрга тенг иккинчи ер участкасини унинг ихтиёрига ўтказиш хусусида туман ҳокимлиги махсус комиссиясининг қарори мавжуд бўлмаган ҳолда қабул қилинди.

Таассуфки, ҳокимликнинг ушбу қарори ҳали эслатилганидек, жиддий эътирозга сабаб бўлди. Савдо мажмуасида дўкон қурилиши учун К. Бозорбоевга ажратиб берилган 178,56 квадрат метр саҳнли иккита ер участкасининг бирига яна бир фуқаро Нилуфар Бобожонова даъвогар бўлиб чиқди.

…Пировардида судда учинчи шахс сифатида қатнашган К. Бозорбоевнинг таъкидлашича, туман ҳокимининг қарори қабул қилингач, у фурсатни бекор ўтказмаган. Ўзига ажратиб берилган қўш дўкон қурилиши бўйича лойиҳа-харажат ҳужжатларини тахт этган ва уни баҳолаш учун шаҳарсозлик кенгашига тақдим қилган. Ана шундай кунларнинг бирида Н. Бобожонова уни йўқлаб келган ва дўкон учун ажратилган иккита ўриннинг бири ўзига тегишли эканлигини билдирган. У ҳам вақтни бекор ўтказмаган. Даъво қилган майдонда дўкон қурилиши ишларини бошлаб юборган. Суддан-судга кўчган зиддият шу аснода газак олган. Томонларнинг Янгибозор ва Гурлан туманлари маъмурий судларида кўрилган даъво аризалари муҳокамаси пировардида Хоразм вилоят маъмурий судининг апелляция, Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг кассация босқичида давом этган. Содир бўлган можаронинг туб моҳияти, уни келтириб чиқарган шарт-шароитларнинг мазмун ва кўлами шу аснода ойдинлашган. Низонинг илдизи эса, аён бўлганидек, Гурлан шаҳарчасидаги Паҳлавон Маҳмуд кўчасида жойлашган бино ва иншоотларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиш жараёнига бориб тақалган. Яъни 2019 йилнинг баҳорида К. Бозорбоевга тегишли 57,25 квадрат метр, Н. Бобожоновага қарашли 40,87 квадрат метр саҳнли дўкон бинолари мазкур кўчани реконструкция қилиш мақсадида туман ҳокимлиги ташаббусига биноан бузилган. Туман ҳокимлиги қошидаги махсус комиссия масалани қонунан ҳал этган. Қабул қилинган қарорда Н. Бобожоновага бузилган дўкони учун 89,28 квадрат метр саҳнли ер майдонини ажратиб бериш назарида тутилган, бу ерни айни пайтнинг ўзида фуқаро К. Бозорбоевга ҳам тортиқ этишга қаратилган қарор эса, табиийки, қабул қилинмаган. Туман комиссияси тарафидан қабул қилинган қарор вилоят ҳокимлиги қошидаги махсус комиссия тарафидан ҳам маъқулланган. Гал туман ҳокимининг қарорига бориб тақалган.

Томонлар кутган 4102-сонли мазкур ҳужжат уқтирилганидек, 2019 йилнинг 10 июнь куни имзоланди. Н. Бобожонова қарорни қайта-қайта ўқиса-да, ундан ўз исм-шарифини топа олмади. Унинг ҳуши бошидан учди ва бузилган ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари учун изоҳ сўради. Йўл қўйилган хатони бартараф этишни қатъий талаб қилди. Ҳайриятки, орадан 12 кун ўтиб, 2019 йилнинг 22 июнида имзоланган янги 4616-сонли қарорга асосан муқаддам чиқарилган 4102-сонли қарор бекор қилинди.

Бу жараёнда ҳимматдан баҳраманд бўлган К. Бозорбоев дўкон қурилиши учун ер майдони ажратишни сўраб туман ҳокимига расман мурожаат қилмагани, ҳоким ва фуқаро ўртасида тегишли келишув шартномаси тузилмагани, ҳокимлик қошидаги махсус комиссиянинг қўшимча қарори қабул қилинмагани, шундай бўлса-да, унга 89,28 ўрнига бир йўла 178,56 квадрат метр саҳнли қурилиш майдони ажратиб берилгани, асоссиз ажратилган 89,28 квадрат метр ер участкаси аслида комиссия қарорига мувофиқ Н. Бобожоновага тегишли экани аён бўлди.

Ўзаро низолашувчи тарафларнинг галма-галига шикояти ишни маъмурий суднинг гоҳи у, гоҳи бу босқичи томон етаклади.

Бу жараён қарийиб 1 йилдан зиёдга чўзилди. Гурлан туман маъмурий суди томонидан туман ҳокимининг К. Бозорбоевга жами 178,56 квадрат метр ер майдонини ажратиб бериш юзасидан 2019 йил 10 июнда қабул қилган 4102-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида 2020 йил 26 августда чиқарилган ҳал қилув қарори пировардида ўтказилган барча суд жараёнларида муҳокама марказига чиқди. Биринчи босқич судининг шу ҳақдаги қарори даставвал вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатининг 2020 йил 23 сентябрдаги мажлисида атрофлича кўриб чиқилди. Туман суди қарорини ўзгартириш учун асос топилмади. Охир-оқибат ушбу маъмурий иш шикоятга асосан Олий суд маъмурий ишлар бўйича кассация судлов ҳайъатида такрорий кўрилди.

Шу ўринда Фуқаролик кодексининг 12-моддаси 1-қисмига эътибор қаратиш жоиз. Унда баён этилишича, давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаро ёхуд юридик шахснинг ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан бекор қилиниши мумкин.

Бундай вазиятда бузиб олинган дўкони учун тегишли ер майдонини ажратиб бериш талаби билан чиққан фуқаронинг қонуний сўрови бажо келтирилмоғи зарур. Такрорий босқичдаги судлов маҳали кодекснинг бу талаби эътиборга олинди. Шунингдек, Ер кодексининг 34-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг (2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган) “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш бўйича 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори талаблари ҳам назарда тутилди. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва юридик шахсларга компенсация сифатида ер ажратиш масаласи тегишли ҳокимликлар қошидаги махсус комиссиялар тарафидан ҳал этилиши ҳақидаги қоида олдинги маррага чиқди. Бироқ комиссиянинг шу юзадан чиқарган қарори якуний эмас. Ўз қарори асосида якуний тўхтамга келиш ваколати шаҳар ва туман ҳокимларига берилган (бу ваколат 2021 йилнинг 1 августидан эътиборан бекор қилинди). Лекин туман ҳокими комиссиянинг ушбу қарорисиз фуқаролар ва жисмоний шахсларга ер участкасини бериш ҳақидаги масалани ҳал қила олмайди. Шунга кўра, Н. Бобожонованинг тасарруфига 89,28 квадрат метр ер майдонини ажратиб бериш юзасидан махсус комиссиянинг қарори (у туман комиссиянинг 2019 йил 11 майдаги мажлиси баённомасининг 3-бандида ўз ифодасини топган) туман ҳокимлиги тарафидан инобатга олинмагани қонунни бузиш билан баб-баравар ва буни дастлабки босқич судида туман ҳокимлиги вакили Ш. Бахтиёров ҳам тан олди.

Кассация босқич судининг такрорий мажлиси қарор матнидаги номутаносибликларни бартараф қилди. Айни пайтда ҳокимликнинг бемаврид “ҳиммати”га кўра, бир варакайига 2 та ер участкаси соҳибига айланган К. Бозорбоевнинг ушбу ер майдонини ўз тасарруфида қолдириш ҳақидаги сўровини бажо келтириш учун қонуний асос мавжуд эмаслиги ҳам кундай равшан бўлди. Ҳақ жойига қарор топди. Н. Бобожонованинг ерга эгалик ҳақидаги қонуний сўровини қаноатлантириш юзасидан Гурлан туман маъмурий судининг 2020 йил 26 августдаги ҳал қилув қарори ва аппеляция судининг ўша йил 23 сентябрда қабул қилган қарори ўз кучида қолдирилди. Бировнинг ҳақи бошқа бировга буюрмади.

Суд қонун талабидан келиб чиқиб, тадбиркор Н. Бобожонованинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилди.

 

 

Жамила СУЛТОНОВА,

Хоразм вилоят

маъмурий суди раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

 

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: