НОҚОНУНИЙ ИШ КЕЛТИРГАН ТАШВИШ МАҲАЛЛАДА САЙЁР СУД МАЖЛИСИДА МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Яқинда пой­тах­ти­мизнинг Яшнобод туманидаги «Асалобод» маҳалла фуқаролар йиғини биносида фирибгарлик жиноятини содир этган Абдуолим Маҳмудов, Саидазим Матназаров, Акмал Эшонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва уларнинг яна икки нафар шеригининг хатти-ҳаракатига сайёр суд мажлисида ҳуқуқий баҳо берилди.

Судланувчилар ўтган йилнинг июнь ойида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, алдаш ёки ишончни суис­теъ­мол қи­лиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақса­ди­да­ режа тузишади. Унга мувофиқ Абдуолим Маҳмудов «Telegram» ижтимоий тармоғи ор­­қали Нодира исмли қиз билан тани­шиб, тармоққа шериги Саидазимнинг фотосуратини жойлаштиради ва ўзи­ни «Жасур» деб таништиради. Ўза­ро ёзишмаларда ўзини гўёки Занги­ота ту­манидаги «COVID-19» билан касалланган беморларни даволашга мўл­жалланган 1-сонли шифохонада ишлаши ва кадр­лар бўлимидаги ҳамкасби «Ўт­кир» исмли шахс ор­қа­ли­­ уни иш­га киритиши мум­кин­­ли­ги­ни маълум қилади. Бу ҳамширалик дипломига эга бўлган Нодирага айни муддао эди. Улар шифохона олдида кў­ришишганда «Жасур» Нодирага агар «харажати»дан қочмаса, бошқаларни ҳам шифохонага иш­­­га киритишини айтади.

 

Шундан сўнг Нодира тўрт нафар танишини ҳам ишга киритишни илтимос қилади. «Жа­­сур» ва «Ўт­кир» беш нафар қиздан бир ярим минг АҚШ доллари миқдорида «чўтал» пули олишади ва уни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишади.

Фирибгарлар шундай «усул»­­да яна етти кишидан пул ундиришган.

Сайёр суд мажлисида судланувчилар айбига тў­лиқ иқ­рорлик билдириб, енгил жазо бе­ришни сў­рашди. Суд судланувчилар ол­ган пулларини жабрланувчиларга қай­­­тариб бергани, уларнинг даъвоси йўқ­­лигини инобатга олди ва уларга қо­нуний жазо тайинлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур жиноят ишининг маҳаллада сайёр суд шаклида ўтказилишидан кўзланган мақсад одамларни ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этишдан иборат эди. Чунки ўз ҳуқуқларини билмаслик, муам­мо­­ни­ ноқонуний йўл билан ҳал этишга ури­ниш ва ишонувчанлик фирибгарлик тегирмонига сув қуйган. Агар жабрланувчилар қонуний йўл тутишганда содир этилган жиноятнинг олди олинган бўларди. Зеро, ҳар қан­дай қонунбузарликнинг оқибати қонуний жазо билан якунланади.

 

Анвар ИКРОМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яшнобод тумани суди судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: