НОЎРИН ТАЛАБ АМАЛДАГИ ТАРТИБ-ҚОИДАЛАР МОҲИЯТИНИ ТЎЛИҚ АНГЛАМАСЛИК ОҚИБАТИДА ЮЗАГА КЕЛДИ

Ҳаётда ўзини ўзгалардан ақлли сановчи кишилар ҳам учраб туради. Бошқаларнинг фикр-мулоҳазаси бу тоифадагиларни мутлақо қизиқтирмайди. ўзини ҳақ, ўзгаларни эса, ноҳақ санашга қаратилган шундай ёндошувларнинг бири ҳатто жиддий низога ҳам сабаб бўлди.

Бу Хоразм вилояти божхона бош­қар­маси ва «ХORAZM BALIQ CLUSTER» масъулияти чекланган жамияти ўртасидаги ўзаро муносабат асносида рўй берди. Бу жараёнда масъу­лияти чекланган жа­мият­ ҳисобидан давлат бюджетига 726,1 миллион сўм миқдоридаги тў­ловни адо этиш талаби илгари су­­­­рилди. Жавобгар тараф бу талабни ноўрин деб билди ва қатъиян рад этди. Бу борада 2020 йил 15 июль ва 17 сентябрда бош­қарма тарафидан йўлланган талабнома оқибатсиз қолди. Охир-оқи­бат низо судда кўриб чиқилди.

Даъвогар тараф вакили суд муҳокамаси жараёнида «ХO­RAZM BALIQ CLUSTER» масъу­лияти чекланган жа­мия­ти 2019 йил декабрь ойида хориждан харид қилинган чорва озуқаси ишлаб чиқариш ускунаси учун белгиланган давлат божи тўловини асоссиз ра­вишда ин­­­кор этиб келаётганини таъкидлади.

Бироқ жавобгар тарафнинг ҳам ўз далил-исботи бор. Судда жавобгар тариқасида иштирок этган корхона раҳбари И. Маҳмудов фикрининг исботи учун бир қатор факт ва далилларни ўртага ташлади. Корхона Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 апрелдаги 110-сонли қарорига мувофиқ божхона тўловларидан тўлиқ озод қи­лин­гани, шу каби ноёб механизм ва асбоб-ускуналарни олиб кириш учун бож тўловларини унди­риш ман этилганини қайд этди. Қар­ши тараф эса, Вазирлар Маҳкамаси қа­рорига биноан тасдиқланган ва мамлакатга бож тўловларисиз олиб кириладиган ишлаб чиқариш воситалари рўй­ха­тида бу сингари ускуна ва механизмлар қайд этилмаганини таъкидлади. Бу эса, жиддий суд текширувига сабаб бўлди. Низони адолатли ва қонуний тарз­да ҳал этиш имкони шу жа­раёнда юзага келди. Божхона идораси даст­аввал ушбу қарор талабларига риоя этгани, хориждан келтирилган механизмлар, яъ­ни «Wagner Feedmill & Silo Plants GmbH» деб номланган фирманинг ил­ғор­ ва замонавий технологик воситаларини харид қилиб, ви­лоят­га олиб келгани муносабати билан тадбиркорлик субъектига нисбатан тегишли тарзда имтиёз қўллагани, корхона бож тўловларидан озод қилингани маълум бўлди. Би­роқ ке­йин­чалик масъулларнинг фикри ўз­гарган. Тегишли тафтишлардан сўнг кор­­хона томонидан сотиб олинган ушбу ускунани мамлакат ҳудудига олиб киришда имтиёз ноўрин қўлланилгани ҳақида хулоса чиқарилган. 726,1 миллион­ сўм ҳажмидаги бож тўлови шу тариқа юзага келган.

Суд бу ҳолатни ҳам инобатга олди. Келтирилган далил, тегишли ҳужжатлар, расмий ва раҳбарий қўлланма ҳам­да кўр­сатмаларнинг мазмун-мо­ҳия­ти батафсил ўрганилди. Шу аснода Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарорида айнан шу номдаги жиҳозлар учун бож имтиёзлари кўзда ту­тил­гани равшан бўлди. Шу русумдаги машина ва механизмлар иқтисодий фао­лият турлари бў­йи­ча имтиёз жорий этилиши кўзда ту­тилган товарлар, хизматларни статистик таснифловчи ҳужжатдан ҳам жой олгани аён бўлди.

Ай­ни пайтда ваколатли орган — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ҳам мурожаат қилинди. Масаланинг янада аниқ ечими ушбу вазирликнинг 2020 йил 6 декабрдаги жавоб хатида батафсил акс этди. «ХORAZM BA­LIQ CLUSTER» корхо­наси томонидан хориждан келтирилган ускуналар Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига асосан имтиёз жорий этилиши назарда тутилган мол ва маҳсулотлар (наслли маҳсулотлар, технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, омухта ва қўшимча озуқа ишлаб чиқарувчи компонентлар, шунингдек, пайвандтаглар, кўчатлар, томчилатиб суғориш тизими асбоб-уску­на­лари ва бош­қа воситалар шулар жумласидан) рўй­хатига киритилгани қайд қи­линди.

Президентимизнинг 2017 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар но­менклату­расининг 2017 йилги версиясини жорий этиш тўғ­ри­сида»ги қарорида қайд қи­ли­­нишича, фойдаланиш учун қабул қи­линган товарларни тавсифловчи ТИФ ТН кодининг 8436 гуруҳига масъулияти чекланган жамияти томонидан импорт тариқасида келтирилган омухта ем ишлаб чиқариш ускунаси ҳам киритилган.

Шу ўринда амалдаги қонунларимиз тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ қўл­лаб-қувватлашга қаратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғ­рисида»ги қонуннинг 11-моддасида ушбу субъектларнинг ҳу­қуқ­лари устувор эканлиги алоҳида қайд этилган. Унга асосан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва­зирлиги томонидан юртимизга имтиёзли тарзда олиб кириладиган то­вар­ларнинг рўйхати тас­диқланган. Ва унинг матнидан ҳам «ХORAZM BALIQ CLUSTER» корхонаси томонидан харид қилинган омухта озуқа ишлаб чиқариш ускунаси номи ҳам жой олган.

Табиийки, буларнинг бари амалда­ги­ тартиб «ХORAZM BALIQ CLUSTER» масъулияти чекланган жамияти тарафидан бузилмаганини кўрсатади. Суд бу ҳолатларни назарда тутиб, қонун ва ҳақиқат 726,1 миллион сўмни ундириш талаби билан чиққан даъвогар-божхона маҳкамаси эмас, балки жавобгар ма­­­қомидаги тадбиркорлик субъекти та­рафида эканлигини эътироф қилди. Шу муносабат билан даъвогарнинг талаби рад қилинди.

Халқимиз «Етти ўлчаб бир кес», дея бежизга айтмаган. Ақлли кишилар уш­бу ибратли ҳикматга амал қиладилар. Шошма-шошарлик, иш ва ҳужжатларга нисбатан юзаки ва беписанд муносабат, ҳар қандай масала, ху­сусан, қо­нун ва қонун­ости ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини чуқур анг­лай олмаслик оқибати ҳеч қачон хайр­ли тугамайди.

 

 

Дилшод ШАРИПОВ,

Боғот туманлараро

иқтисодий суди судьяси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: