НОТЎҒРИ МАЛАКАЛАНГАН ЖИНОЯТ СУД ЖАРАЁНИДА ҚОНУНГА МУВОФИҚЛАШТИРИЛДИ

Маълумки, Конституциямизнинг 26-моддасига биноан, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Марғилон шаҳрида яшовчи Абдулҳамид Тўрабоев (исм-шарифлар ўз­­гартирилган) ушбу конституциявий қоида судларда не­чоғли исботини топаётганига ўз қисмати мисолида яна бир карра ишонч ҳосил қилди.

Албатта, «яна бир карра» де­­­йишимизнинг сабаби бор. Гап шундаки, Аб­дулҳамид оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этгани учун сўнгги 23 йил мобайнида 6 марта судланишга «улгурган». Бу гал эса, еттинчи марта суднинг қора курсисига ўтирди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, А. Тўрабоев сўнгги жа­зосини 2020 йил 29 февраль куни ўтаб бўлганди. Ам­мо орадан бир ойга яқин вақт ўтиб — 2020 йил 26 март куни яна жиноятга қўл урди. Ўша куни Абдулҳамидга шаҳар ҳокимлиги томонидан бир марталик моддий ёрдам пули берилганди.

Шу боис у қўлига пул тушгач, ишни «томоғини ҳўллаш»дан бошлади.

Яъни спиртли ичимлик ичиб, сўнг овқатланишга ўтирди. Укаси Абдулҳафиз, синглиси Ширмоной, онаси Холида опа, укасининг аёли ва жиянлари билан бирга овқатланиб бўлгач, нариги хонага кириб, телевизор қаршисига ёнбошлади. Шунда онаси ҳозиргина эфирга берилган қўшиқни қайтадан қўйиб беришини сўрайди.

— Қўшиқ тамом бўлди, она, — деди у баландроқ оҳангда.

Бироқ қўшни хонада ўтирган Абдулҳафиз бу ҳолатни гўёки акаси онасига бақираётгандек қабул қилади.

— Нега онамга бақирасиз? — Ука шундай дея иккала қў­ли билан акасининг кийимларидан тортиб, ерга ётқизганча ура кетади. Шунда Абдулҳамиднинг ўғли Музаффар дадасини урмаслигини сў­раб, йиғлаганча амакисига ёлворади. Лекин Абдул­ҳафиз қутуриб кетганча, акасини уришдан тўхтамайди. Абдулҳамид қарасаки, укасига кучи етмайдиган. Бинобарин, қўр­қитиб қўйиш мақсадида хонтахта устида турган пичоқни олиб, унинг кўкрак қафаси, чап елка бўғини, чап қўлтиқ соҳаси ва ўнг тирсак бў­ғини аралаш санчади.

Оқибатда Аб­дул­ҳафиз ўртача оғир даражада тан жароҳати олиб, оғриққа чидолмай акасини қў­йиб юборади. Шундан сўнг Абдулҳамид кўчага чиқиб кетади. Бу маҳал уларни ажратишга ул­гурмаган синглиси Ширмоной «Тез ёрдам» чақиради. Натижада укани шифохонага, ака­ни эса, шаҳар ИИБга олиб кетишади.

Шундан сўнг ушбу ҳолат юзасидан Абдулҳамид Тўрабоевга нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «ж», «р»-банди билан жиноят иши қўзғатилади. Лекин…

Лекин ушбу жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона ви­лоят­ суди тергов органи томонидан судланувчининг хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «ж», «р»-банди билан нотўғри квалификация қи­линган, деган хулосага келди. Яъни дастлабки тергов органи А. Тўрабоевни Жи­ноят­ кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «ж», «р» банд­лари билан айблаш учун укаси Аб­дул­ҳафиз Тў­рабоевни қасддан ўлдириш ҳаракати синглиси Ш. Тўрабоева то­­мо­нидан тўх­татилиб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмаганлигини асос қилган. Бироқ жиноят ишида А. Тўрабоевнинг укасини қасддан ўлдиришга суиқасд қилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Суд жараёнида ҳам бундай далиллар аниқланмади. Аниқроқ айтганда, Аб­дул­ҳамид укасига шикаст етказгач, унга яна пичоқ санчиш им­кония­тига эга бўлган. Лекин унинг ўз ҳаракатини давом эт­тир­ма­гани укасини қасддан ўл­дириш мақсади бўл­ма­га­нидан далолат беради. Бундай ҳолатда А. Тўрабоевнинг ҳаракатларида қасддан одам ўл­диришга суиқасд қи­лиш аломатлари мавжуд, деб бўлмайди.

Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «к»-бандида ушбу кодекснинг 97-моддасида назарда тутилган қасд­дан одам ўлдириш жиноятини содир этган шахс томонидан содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ва ушбу кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган оқи­батларга олиб келмаган, лекин соғлиқнинг узоқ вақт, яъ­ни камида йи­­гирма бир кун, аммо тўрт ой­­дан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қо­билиятининг ўн фоизидан ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўл­ган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бинобарин, суд Абдулҳамид Тўрабоевнинг қилмишини қасддан баданга ўр­тача оғир шикаст етказиш деб баҳолаб, жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «ж», «р»-бандларидан 105-моддаси 2-қисми «к»-бандига қайта квалификация қилди. Натижада у шу модда билан айб­дор деб топилди.

Судланувчига жазо тайинлашда унинг шахси, қилмишидан пушаймонлиги, ои­лавий аҳволи, уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқ­лиги ва енгиллик бериш ҳақидаги талаби жазони енгиллаштирувчи, жи­ноят­ни маст ҳолда содир этганлиги ва муқаддам судланиб, ўзига тегишли хулоса чиқармаганини жазони оғир­лаштирувчи ҳолатлар деб топди.

Жиноятнинг хусусияти ва иж­тимоий хавфлилик даражаси эътиборга олинган ҳолда қонун доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Албатта, бу кўнгилсиз во­қеа тафсилоти кишини бефарқ қолдирмайди. Қа­чонки, оиладаги тинч-тотув муҳитга дарз кетиб, оила аъзолари — катта-кичиклар бир-бирларига нисбатан ўзаро хайрихоҳлик кайфияти билан муомалада бўл­мас эканлар, хал­қимиз айт­ганидек, бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун файз-барака кетади. Демакки, оилавий муҳитни яхшилаш ҳамиша бир­­­ламчи бурч бўлиб қолмоғи лозим. Буни асло унутмаслик шарт.

 

 

Беҳзод ЭРГАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона вилояти

судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: