НОПОК ЙЎЛ ЖАБРЛАНУВЧИНИ САРСОН, СУДЛАНУВЧИНИ БАДНОМ ҚИЛДИ

Мамлакатимизда ишга қабул қилишда аҳоли учун адолатли шарт-шароит ва тенг имкониятларни ўзида жамлаган мезонлар ишлаб чиқилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида қоида тариқасида ишга ўрта тиббиёт ходимлари танлов асосида қабул қилинади. Бунинг учун ишга кирмоқчи бўлган ходим муассаса маъмуриятига қонуний тартибда мурожаат қилиши талаб этилади.

Буларни таъкидлашдан мақсад шу­ки, ишга қабул қилишнинг амалда белгиланган тартиб-қоидаларига риоя этмаслик, таниш-билишчилик йўли билан иш битиришга уриниш коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқаради.

Моҳидил Тошқулова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Самарқанд шаҳридаги тиббиёт коллежини тугатгач, иш сўраб бир неча тиббиёт муассасаларига мурожаат қилди, аммо иш топилмади. Бунинг устига унга ҳеч ким ишга жойлашишнинг амалдаги тартибини тушунтирмади.

Кунларнинг бирида у танишларидан Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасида ишловчи Гулзебо Тўрақулова исм-шарифли аёл ишга жойлашишда ёр­дам бериши ҳақида эшитиб қолди ва унинг телефон рақамини олиб, қўнғироқ қилди.

Шундан сўнг учрашишганда, Г. Тў­рақулова бу содда, ишонувчан қизни ўзининг алдов тузоғига илинтиришни кўнглидан ўтказди. Моҳидилдан қаерга ишга кирмоқчи эканини сўради. Моҳидил эса, Самар­қанд тиббиёт инс­титути клиникасида ишлаш ниятида эканини айтди.

— Мен сизни ўша ерга ишга жойлаштириб қўйишим мумкин, — деди Г. Тўрақулова — Фақат «харажати»дан қочмасангиз бўлди. Харажат: 1 минг 800 АҚШ доллари бўлади.

Бундай катта миқдордаги маблағни эшитиб, Моҳидилнинг ҳуши бошидан учиб кетди. Сўнгра зора ниятим осон амалга ошса, деган мақсадда «бирорта туғуруқхонага ишга киритиб қўя олмайсизми?» — дея ялингандек оҳангда сўради.

— Туғуруқхонага ишга кириш «харажати» ундан ҳам «қиммат»: 2 минг 500 АҚШ доллари — деди Г. Тўрақулова пинак бузмай.

Бу гапдан сўнг Моҳидил ўйга ботиб қолди ва Самарқанд тиббиёт институти клиникасига ҳамшира бў­либ ишга кириши учун 1 минг 200 АҚШ доллари беришга қурби етишини, шунда ҳам 1 минг АҚШ долларини аввалдан, қолган 200 долларини иш битгач, беришини айтди.

Қисқаси, ўтган йилнинг 1 июнь ку­ни Моҳидил Г. Тўрақулова билан учрашади ва унга 1 минг АҚШ долларини беради. Ўз навбатида, Г. Тўрақулова бир ой ичида ишини ҳал қилиб беришини айтди.

Аммо орадан ваъда қилган бир ой ўтса-да, Моҳидил клиникада иш бошламайди. У Г. Тўрақуловага учрашганда, катта лавозимда ишлайдиган танишини Тошкентдан келишини кутаётганини айтади. Кейинчалик Г. Тўрақуло­ванинг айтишига қараганда, бахтга қарши ўша таниши касаликка чалиниб қолганмиш…

Орадан икки ой ўтгач, Г. Тўрақулова Моҳидилга қўнғироқ қилади-да, иш ўрганиш мақсадида тиббиёт инс­титути клиникасига амалиётга бориб туришига кўрсатма берди. Буни эшитиб, Моҳидилнинг ишга жойлашишига умид уй­ғонади ва амалиётга боради. Лекин клиникага келгач, ишга кириши учун унинг ҳеч қандай ҳужжати юборилмагани маълум бўлади. Бироқ бунга қарамай Г. Тўрақулова амалиёт ўтаётган Моҳидилдан қолган 200 АҚШ долларини ҳам беришни талаб қилади. Сўнг маблағни олгач, у бугун-эрта ишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруқ чиқишини айтиб, Моҳидилни ишонтиради.

Г. Тўрақулованинг таниши орадан беш ой ўтгач, клиникага келади, аммо иш ҳал бўлмайди.

Г. Тўрақулова бир пайтлар Моҳидилга пулларни танишига бериб қўйганини айтганди. Шу сабаб Моҳидил ҳалиги танишдан ишни битиролмагани учун пулни қайтариб беришини сўрайди-ю, балога қолади.

Унинг айтишича, пулдан умуман хабари йўқ экан…

Шундан сўнг Моҳидилнинг сарсончилиги бошланади. Шу йилнинг февраль ойи бошларида Г. Тўрақулова Моҳидилга 500 АҚШ долларини қайтариб беради. Қолганини «эртага-ин­дин бераман», дейди, аммо сўзининг устидан чиқмайди. Охир-оқибат тоқати тоқ бўлган М. Тошқулова Г. Тўрақулованинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилди. Шундан сўнг Г. Тўрақуловага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ва суд­да Г. Тўрақулова жабрланувчидан алдов йўли билан олган пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб қўйгани ўз исботини топди.

Суд Г. Тўрақуловани Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо белгилаб, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил бир йил муддатга тиббиёт тизимида ишлаш муайян ҳуқуқидан маҳрум қилиб, икки йил икки ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Шу ўринда айтиш керакки, жабрланувчи М. Тошқулованинг фирибгар тузоғига тушиб, сарсон-саргардон бўлишига биринчи галда унинг ўзи сабабчи. Чунки у ўрта тиббиёт ходимларини ишга қабул қилишнинг амалда белгилаб қўйилган талабларини яхши ўрганиб, ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилганида бошига бу ташвишлар тушмас эди. Кўриниб турибдики, унинг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги, ўз ҳуқуқларини билмаслиги, ишга таниш-билишчилик йўли билан жойлашишга ҳаракат қилиши фирибгарнинг тегирмонига сув қуйган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, тўғри йўлдан адашиш, ҳалол луқмани ҳаромга айлантиришдан бошланади. Қинғир йўл эса, ҳамиша афсус ва надоматга етаклайди. Бу бошқалар учун сабоқ бўлиши зарур.

 

 

Ҳулкар КЕЛДИЁРОВА,

Самарқанд вилояти суди судьяси,

Зарифа АҲмедова,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: