НАФС ҚОПҚОНИ ИККИ НАФАР ЁШ ЙИГИТНИ ТУЗОҚҚА ТУШИРДИ

Жиззахлик Салима Самандарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) оила аъзолари билан Дўстлик тумани марказидаги савдо дўконида савдо-сотиқ қилади.

Якка тартибдаги тадбиркор тур­ли харидоргир маҳсулот ва буюмларни олиб келиш, эрта тонг­дан то одамларнинг оёғи бо­силгунича дўконда савдо қи­лиш ортидан топаётган ҳалол даромадининг бир қисмини фарзандларининг тўй харажатларига ишлатиш учун йиғаётган эди. Аниқроқ айтганда, 35 миллион сўм ва 26 миллион 500 минг сўмлик 13 дона тилла тақинчоқларни уйидаги те­мир сейфда сақлаётганди. Сейф­нинг калитини ҳар доим ўзи билан олиб юрарди.

Шу йил май ойида дўконни ёпаётган чоғида у сумкасида сейф калити йўқлигини пай­қаб­ қолди. «Дўконда тушган бўл­­са керак. Эртага топарман», деган ўйда уйига келди. Аммо эртаси куни дў­кон­дан калитни тополмади. Шу боис уни қи­­дириш учун қи­зи Холида би­­лан одатдагидан эртароқ уйига қайтди. Уйининг эшиги очиқ эканига кўзи тушиб, юраги «шув» этди. Чунки эри ва ўғил­лари дў­конда қолишган эди. Хавотири бекорга эмас экан — темир сейф­нинг эшиги ҳам ланг очиқ эди…

С. Самандарованинг уйида содир бўлган ўғирлик жинояти ҳақи­даги хабарни эшитгач, туман ич­ки ишлар бўлими ходимлари дар­­ҳол суриштирув ишларини бошлаб юборишди. Ўғирликка алоқадор ҳар бир ҳо­лат синчиклаб ўрганилди. Шунда уларнинг эътибори муқаддам икки марта ўғирлик жинояти содир этиб, судланган Йўлдош Қўлдошев ва бир марта босқинчилик жинояти учун тайинлаган жазони ўтаб чиққан Баҳром Эрназаровга нисбатан қаратилди. Бу бежизга эмас эди.

Гап шундаки, жиноят содир этилган куни уларнинг С. Самандарова яшайдиган ҳовли атрофига келишгани уйга ўр­натилган видеокамера тасвирига тушган. Қолаверса, суриштирув асносида оиланинг тўнғичи Ҳикматилла жиноят рўй беришидан бир кун олдин устачилик билан шуғулланадиган ўртоғи Йўл­дошга қўн­ғироқ қилиб, дў­кондаги кўчиб тушган кафелларни қай­та ёпиштириб беришни сўрагани маълум бўл­ди. Эртаси куни дўконга келган Йўл­дош ишга киришади. Тушга яқин Ҳикматилла қовун сў­йиб, уни ҳам дас­тур­хон­га таклиф қилади. Би­роқ Йўлдош «бироз олдин сув ичгандим», дея таклифни рад этади ва Ҳикматилланинг «Дамас» ру­сумли автомашинаси салонида ўтириб, қў­шиқ эшитади. Таъмир ишларини ту­гатгач, Й. Қўлдошев уйига қайтиб кетади.

Аслида ўша куни Йўлдош «Дамас»да мусиқа тинглаб ўтирган чоғида ўриндиқ остида турган С. Самандарованинг сумкасини титкилаб кўраётиб, калитларга кўзи тушган. «Тажрибали» ўғ­­ри уларнинг ичидаги сейф калитини дар­ҳол ажрата олган ва уни чўнтагига яширган. Кеч­ки пайт ҳамтовоғи Б. Эрназаровга бу ҳақида айтган. Шундан сўнг улар ўғирлик режасини тузишган ва эртаси куни соат ўнлар чамасида С. Самандарованинг уйига келишган.

Йўлдош кўчада қолиб, атрофни кузатиб тур­­ган. Б. Эрназаров эса, ғайриқонуний равишда ичкарига кириб, темир сейф­ни ка­лит билан очиб, пул ва тилла та­қин­чоқларни олиб чиққан. Хилват жойда ҳамтовоқлар ўғирланган ўлжани бўлиб олишган. Йўл­дош ўтган йилнинг февраль ойи­да М. Султоновга тегишли савдо дў­конидан пулини бў­либ-бўлиб тў­лаш шарти билан 3 миллион 600 минг­ сўмга музлаткич сотиб олган эди. Ўша пайтда дўкон эгаси телефонда Йўлдошга тўловни кечиктириб юбораётганини эслатиб қолади. Қўлида ўғирланган мў­май пул бўлган Йўлдош шартта дўконга бориб, музлаткич ҳа­қини тўлайди. М. Султонов қарз тўлангани ҳақидаги маълумотни санасини кўрсатиб, «Олди-берди» даф­тарига ёзиб қўяди.

Биринчи босқич суди судланувчи Й. Қўлдошевни Жи­ноят­ кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан айб­дор топиб, 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси та­йин­лаган. Б. Эрназаровга эса, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б”, “в”, “г” бандларига асосан 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилаган.

Яқинда вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанция­си­нинг очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши қайта кўриб чиқилди. Суд биринчи босқич су­дининг ҳук­ми­ни ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қа­ноат­лантирмас­лик ҳа­қи­­да ажрим чиқарди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бу дунёда бировнинг бойлиги ҳеч қачон ўзгага буюрмаган. Ҳаётда жуда кўп маротаба исботланган бу ҳақиқат бу гал ҳам яна бир карра юз кўрсатди. Ўғирликга қўл урган жиноятчиларга нисбатан қонуний ва адолатли жазо тайинланиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Нафс қутқусига учган ҳамтовоқлар энди умр­ларининг айни навқирон чоғини темир панжара ортида ўтказади.

 

 

Ғиёсиддин ЯЛҒАШЕВ,

Жиззах вилояти

судининг судьяси,

Абдуҳамид Худойбердиев,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: