НАФС АСИРЛАРИ

Коррупция — жамият тараққиётига раҳна солиб турувчи хавфли иллат. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, шундан буён айни иллатга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, орамизда ўз нафсининг измидан чиқолмай, коррупция балосига гирифтор бўлаётган кимсалар ҳали-ҳануз учраб турибди.

Шу маънода, Прези­ден­тимиз 2020 йил 29 декабрь ку­­ни Олий Мажлисга ва хал­­қи­мизга тақдим эт­ган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, коррупциянинг ҳар қандай кў­ри­ни­ши­га муросасиз бў­лиш кун­­далик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қар­ши ку­рашишга бар­­ча давлат органлари, сиёсий пар­тия­лар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.

Коррупция ўта оғир жи­ноят­ экани ва унга нисбатан муросасиз бў­лиш ғоя­сини фар­занд­ларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳа­лол меҳнат ва тадбиркорлик орқали да­ро­мад топишни ўр­га­тиши­миз лозим. Шунингдек, кор­рупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қа­рор қабул қи­лиш жараёнлари очиқ бў­ли­шини таъминлаш ҳал қилувчи аҳа­миятга эга.

Жиноят ишлари бўйича Фар­ғона вилояти судидан олинган маълумотлар коррупция гирдобига ту­шаёт­ганлар орасида мансабдор шахс­лар, оқни қорадан ажрата олган давлат хизматчилари ва зиёли инсонлар борлигини кўр­сатмоқда.

Масалан:

Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан жи­ноят­ иши қўзғатилган Ш. Фай­зима­това­дан (исм-шарифлар ўз­гартирилган) тергов жараёнида қамаб қўй­мас­ликни терговчи билан гаплашиб беришни ваъда қилиб, эвазига 1 500 АҚШ доллари олган Фар­ғона шаҳар ич­­­ки ишлар ор­ганлари фао­лия­тини муво­фиқ­лаш­тириш бош­қармаси катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов;

бола парвариши таътилидан иш­­га қайтмоқчи бўл­ган Н. Мамажоновадан 200 АҚШ долларини олаётганда ушланган Қўқон шаҳридаги 64-ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳ­бари Эътиборхон Исроилова ҳам­да муассаса ошпази Асила Хол­қў­зи­ева;

Марғилон шаҳридаги «Чилонзор» маҳалла фу­­­қаролар йи­­ғинида ўт­ка­зил­ган текширишда аниқланган қонунбузилиши ҳо­латлари бўйича да­ло­лат­нома расмийлаштирмаслик ва ҳужжатларни ҳу­қуқ­ни муҳофаза қи­лув­чи органларга юбормаслик эвазига маҳалла фуқаролар йи­ғини котиби З. Усмоновдан 2,3 мил­лион­ сўм миқдордаги маблағни по­ра тариқасида олган Мар­ғи­лон шаҳар аҳоли банд­лигига кў­мак­лашиш маркази директори ўринбосари А. Ме­­ли­боев;

Қўштепа туманидаги аёллар жи­ноят­чилиги ош­­­ган 12 та маҳалла­ фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан иш­лаш ва ои­лада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича му­тахас­сисла­рни ишдан бўшатиш билан қўр­қитиб, сўнгра ўз ва­зи­фа­сида қол­ди­риш эвазига 4 500 000 сўм нақд пулни пора тариқасида ол­ган туман ҳоки­ми­нинг ўринбосари, хотин-қизлар кен­га­ши раиси вазифасида иш­лаган Сожидахон Олимбоева;

Фарғона политехника инс­титути талабаси К. Ка­­рим­қу­ло­вани 3 минг АҚШ доллари эвазига ўқишини иқтисодиёт йўналишига кўчиртириб беришни ваъда қи­либ, 1 500 АҚШ долларини ол­ган вақтида ушланган олийгоҳнинг ўқув-услубий бўлими бошли­ғи А. Мамажонов;

Қўқон давлат педагогика инс­титутининг та­биий­ фанлар факультети талабаси М. Ваҳобованинг ўқишга келмаган кунлари ва баҳоларини тўғрилатиб бериш эвазига 300 АҚШ долларини олаётганда ушланган 4-босқич­ талабаси Н. Умарова шулар жумласидандир.

Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги қо­­нун устуворлигини таъминлашнинг энг му­ҳим шартларидан би­ри ҳи­соб­ла­на­ди. Шу нуқтаи назардан, юқоридаги ҳо­латлар бўйича айбдорлар суд ҳукмига биноан қонуний жазога маҳкум этилди.

Хулоса қилиб айтганда, кор­руп­ция­га қарши курашиш барчамиздан бирдек масъулият талаб этишини унутмаслигимиз шарт. Зе­ро, нафс гирдоби касбу ла­­­­во­зим танламайди.

 

Камолиддин РАҲИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: