НАФСИГА АЛДАНГАНЛАР

Маълумки, амалдаги қонунларимизда нафақат пора олиш, балки пора бериш ёки пора беришга далолат қилиш, пора олди-бердисида воситачилик қилиш учун ҳам тегишли жавобгарлик белгиланганини айрим ҳамюртларимиз унутиб қўйишмоқда. Ҳатто бундай хатти-ҳаракатлар фирибгарликка ҳам айланаётгани бор гап.

Қўштепа туманида яшовчи Мухторжон Мирзалиев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) кўпдан буён ишсиз юрганди. Шу сабабли ўтган йил ноябрь ойининг бошларида таниши — «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти тизимида ишловчи Дилмурод Шам­сиевга қўнғироқ қилиб, ишга жойлашишда ёрдам беришни илтимос қилади.

— Бунақа ишлар менинг қў­лимдан келмайди. Аммо Зуҳриддин деган ҳамкасбим бор. Ўша йигитдан илтимос қи­либ кўраман, — деди Д. Шамсиев.

Шундан сўнг у «Ўзтемир­йўл­йўловчи» акциядорлик жамиятининг Тезюрар йўналишларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш филиалида вагон хизматчиси вазифасида ишловчи З.Хў­жаназаров билан бу хусусда маслаҳатлашди.

Жумладан, корхонага иш­га кириш учун қандай ҳужжатлар тайёрланиши лозимлиги ҳам­­­да кимга мурожаат этиш зарурлигини сўради. Зуҳриддиннинг эса, бу гапни эшитиб, кайфияти бирдан кўтарилиб кетди.

— Бугуноқ танишингизга менинг телефон рақамимни беринг. Аввал бир кўришиб гаплашай. Сўнг ёрдам бераман, — деди у ўзи­ни ҳожатбарор кўрсатиб.

Албатта, Мухторжон Дилмуроддан Зуҳриддиннинг уяли телефони рақамини олгач, дарҳ­ол қўнғироқ қилди.

— Сизларнинг ташкилотингизга иш­га кирмоқчи эдим, — дея у мақсадини тушунтирди Марғилон шаҳрида учрашишгач.

Бироқ З. Хўжаназаров унга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига ишга киришнинг «нозик» томонига ишора қилган ҳолда жавоб берди.

— Темирйўл тизими жуда нуфузли жой. Шунинг учун ишга кириш қуруқдан қуруққа ҳал бўлмайди. Бунинг ўзига яраша «ставка»си бор. Хўп, десангиз, мен хў­жайин­лари­миз билан гаплашиб, сизни иш­га киритиб қўя­ман, — де­ди Зуҳриддин.

У шундай деб М. Мирзалиевга ишга кириш учун 2 500 АҚШ доллари бериш лозимлигини уқтирди. Лекин бу нарх Мухторжонга қимматлик қиладими ёки кимдир маслаҳат бердими, ҳар ҳолда З. Хўжаназаровнинг талаби ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идо­рага ариза билан мурожаат этди. Оқибатда фирибгар вагон кузатувчиси 2020 йил 17 ноябрь куни Фар­ғона шаҳрида — «Билайн» компанияси бош офиси ёни­да М. Мирзалиевдан 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ушбу ҳолат бў­йича жиноят иши қўз­ғатилди. Жиноят ишлари бў­йича Фарғона шаҳар суди айбдорга қонуний жазо тайинлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда кор­руп­ция­га қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Бу хусусда суд, прокуратура ва бош­қа ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идоралар масъул ходимлари кенг кўламли тар­ғибот тадбирларини ҳам амалга оширишмоқда.

Лекин шунга қарамасдан корруп­ция­га мойил ҳам­юртлари­миз­нинг борлиги афсусланарлидир.

 

 

Камолиддин РАҲИМОВ,

жиноят ишлар бўйича

Фарғона шаҳар суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: