МУҚАДДАМ СУДЛАНГАН ҲАМТОВОҚЛАР ЯНА БОСҚИНЧИЛИК ЖИНОЯТИГА ҚЎЛ УРИШДИ

Маълумки, Жиноят кодексининг 15-моддасига биноан, қасддан содир этилиб, қонунда оғир жазо сифатида беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига, қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар эса, ўта оғир жиноятлар сирасига киради. Шу маънода айтганда, кодекснинг 164-моддасида, яъни унинг 4 та қисмида ифодаланган босқинчилик ҳаракатлари ҳам оғир ва ўта оғир жиноятлар гуруҳига мансуб.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳаётда аксарият­ ҳолларда оғир ва ўта оғир жиноятлар муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилади. Буни Марғилон ва Фарғо­на шаҳарларида яшовчи, муқаддам судланган Зуҳриддин Акмалиддинов, Абдулатиф Иминов ва Носирбек Йўлчиев (исм-шарифлар ўзгартирил­ган) ­ларнинг қилмиши мисолида ҳам кўриш мумкин.

Гап шундаки, 2019 йил ноябрь ойининг охирларида бу ҳамтовоқлар ўзгаларнинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида жиноий режа тузишади. Шунга кўра, 2019 йил 24 ноябрь куни тунги соат 01.20 ларда Фарғона шаҳар Қўқон кўчасидаги «Лимон» савдо дўкони олдида турган, фуқаро Ж. Халиловга тегишли «Матиз» русумли автомашинага йўловчи сифатида ўтиришади.

— Улуғвор кўчасига ҳайданг, — дея босқинчилар ҳайдовчига буйруқ беришади.

Улар кўзлаган манзилларига етиб келгач, кутилмаганда ҳайдовчи Ж. Халиловни қўлбола «кастет», яъни темир бўлагини кўрсатган ҳолда ҳаёт учун хавф­ли бўлган зўрлик ишлатиш йўли билан қўрқитишади. Сўнгра Ж. Халиловнинг нархи 1 800 000 сўмлик «Huawei P20» русумли уяли телефони ва автомашина бардачогида турган 450 000 сўмни босқинчилик йўли билан қўлга киритишади. Кейин эса, ҳамтовоқлари Носирбек Йўлчиев бошлаб келган бош­қа бир йўловчи автомашинага ўтирганча қочиб кетишади.

Босқинчилар телефон аппаратини тергов давомида аниқлашни имкони бўлмаган шахсга сотиб, пулини ўзаро тақсимлаб олишади.

Эртаси куни ҳамтовоқлар яна жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттиришади. Аниқроғи, Абдулатиф билан Зуҳриддин кундузги соат 13.20 ларда Тошлоқ тумани марказида ўзининг «Нек­сия» автомашинасида киракашлик қи­лаётган О. Турғуновни тўхтатишади.

— Бизни Водил йўлидаги «Жўжа» ошхонасига олиб бориб қўйинг, — дея илтимос қилишади автомашинага ўтиргач.

Бинобарин, уларнинг ғаразли мақсадидан бехабар киракаш йигит автомашинани Фарғона тумани томон ҳайдайди. Аммо «Жўжа» ошхонасига яқинлашганда, босқинчилар атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ҳайдовчининг юзига мушт туширишади ва уни ҳам аввалгидек темир жисм орқали ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик иш­латиш йўли билан қўрқитишади.

Табиийки, О. Турғу­нов кутилмаган таҳдиддан буткул эсанкираб қолади.

Бундан фойдаланган бос­қинчилар эса, унинг нархи 500 000 сўмлик «Samsung Galaxy J2» русумли телефон аппаратини қўлга ки­ритиб, йўл ҳаққи учун келишилган 50 000 сўмни ҳам бермай қочиб кетишади. Босқинчилар кейинчалик уяли телефон аппаратини терговда шахси аниқланмаган номаълум кимсага сотиб юборишади.

Буни қарангки, босқинчилар орадан уч кун ўтиб, яна жиноий қилмишга қўл уришади. Яъни 2019 йил 28 ноябрь ку­ни Зуҳриддин Акмалиддинов ва Абдулатиф Иминов кеч соат 20.00 да Фарғо­на шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида жойлашган «EVOS» номли ошхона олдига ке­лишади. Қарашсаки, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи Н. Ҳусанов «Спарк» русумли автомашинасида мижоз кутиб ўтирган экан. Ҳамтовоқлар автомашинага ўтиргач, шаҳарнинг Қу­васой кўчасидаги «Бурж» номли дорихона олдига элтиб қўйишни ил­тимос қилишади. Манзилга етиб кел­гач, босқинчилар ҳайдовчига қўлбола пичоқни кўрсатиб, ўқталишади. Пировардида Н. Ҳусановнинг 1 100 000 сўмлик «Redmi 7A» русумли телефон аппарати ва 475 000 сўмга тенг бўлган 50 АҚШ долларини олиб қўйишади. Аммо…

Аммо кўзнинг очлигини тупроқ тўл­диради, деганларидек, 2019 йил 29 ноя­брь­ куни соат 18.15 ларда уччала жиноят­чи навбатдаги босқинчиликка қўл уришади. Қарангки, бу сафар шаҳар марка­зидаги «DONER» қаҳвахонаси олдида «Матиз» русумли автомашинасида йў­ловчи кутиб турган И. Омондуллаев уларнинг ўлжасига айланади. Аниқланишича, такси Қиргули даҳаси Саноат­ кўчасидаги овлоқ жойга етиб борганда «мижоз»лар атрофда ҳеч ким йўқ­лигидан фойдаланиб, ҳайдовчига ҳаё­ти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш йўли билан таҳдид қилишади. Натижада қўрқиб кетган И. Омондуллаев уларга қаршилик қилолмайди. Босқинчилар унинг нархи 2 300 000 сўмлик «Артел» русумли уяли телефони, 150 000 сўми ва 45 000 сўмлик қишки бош кийимини тортиб олишади. Шундан сўнг босқинчилар Носирбек олиб келган йўловчи автомашинага ўтириб, қочиб қолишади. Бироқ босқинчилар 2019 йил 1 декабрь куни шаҳар марказида ички ишлар ходимлари томонидан ушланади. Негаки, аввалги жабрланувчиларнинг мурожаатига асосан тезкор ходимлар аллақачон уччовлоннинг изига тушишганди. Шу боис терговга қадар текширув мобайнида И. Омондуллаевга тегишли «Артел» русумли телефон аппарати А. Иминовдан, қишки бош кийим эса, З. Акмалиддиновдан ашёвий далил тариқасида олинди. Оқибатда айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Шундан сўнг — 2020 йилнинг июнь-июль ойларида ушбу иш жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кў­риб чиқилди. Албатта, суд судланувчиларнинг қилмишига Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайин­лаш амалиёти тўғрисида»ги қа­рори та­­­лаблари доирасида баҳо берди. Яъ­ни ушбу қарорнинг 1-бандида судларнинг эътибори жиноят учун жазо та­йинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қи­лишга қаратишилиши лозимлиги, 3-бандида эса, Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши — ҳар бир ҳо­латда инди­видуал тайинланиши, жи­ноят­нинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шу­нинг­дек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларига мувофиқ бўлиши белгиланган. Бинобарин, суд З. Акмалиддинов ва А. Иминовни Жи­ноят­ кодексининг 164-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топди. Шу билан бирга суд мажлисида дастлабки тергов органи томонидан Н. Йўлчиевнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «а» банди билан нотўғри квали­фи­кация қилинганлиги аён бўл­ди. Чунки амалдаги қо­нун­ларда гу­руҳ томонидан содир этилган босқинчилик далолатчиси, ёрдамчиси, ташкилотчиси (мулкни талон-торож қи­лишда бевосита қатнашмаган шахс) кўринишидаги иштирокчи Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали кодекснинг 164-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилишлиги қайд этилган. Шунинг учун Н. Йўл­чиев­ ко­декс­нинг 28, 164-моддаси 3-қис­ми «а» банди билан айбдор деб топилди. Қолаверса, суд Жиноят кодексининг инсонпарварлик тамойиллари ҳамда жабр­ланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлигини инобатга олиб, айбдорларни кодекснинг 57-моддаси тартибида озодликдан маҳрум қи­лиш жазосига маҳкум этди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда профилактика инспекторлари томонидан муқаддам судланган шахслар билан талаб даражада иш олиб борилмаётгани, бу тоифадаги шахсларнинг юриш-туриши, босаётган қадами назорат қилинмаётгани туфайли ҳа­мон юқоридаги сингари оғир ва ўта оғир жиноятлар юз бермоқда. Масалан, «қаҳрамон»ларимиздан 2 нафари — Зуҳриддин Акмалиддинов ва Носирбек Йўлчиевларнинг бандлиги таъминланмаган. Агар мутасаддилар томонидан бу муаммога ўз вақтида барҳам берилганда эди, балки 3 нафар муқаддам судланган шахс такроран жиноят кўчасига қадам қўймаган бўларди. Бундан эса, ҳар бир ҳудуд вакиллари ўзларига тегишли хулоса чиқариб олиши зарур.

 

 

Жамшид ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: