МУРОСАЮ-МАДОРА АЖРАШИШ АРАФАСИДАГИ ОИЛАНИ САҚЛАБ ҚОЛДИ

Мамлакатимизда оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, у жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Конституцияда кафолатланган мазкур меъёр хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низолар, шунингдек, никоҳдан ажралиш ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, оилани моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Ҳеч кимга сир эмаски, аҳил ва ҳамжиҳат оилада оқил фарзандлар вояга етади. Билимли, касб-ҳунарга иштиёқманд, меҳр-оқибатли ёшлар жа­мият­ суянчи, эртанги кун эгалари ҳисобланади.

Албатта, ҳаёт фақат ўйин-кулгудан иборат эмас, унинг паст-баландликлари, ўзига хос синовлари бор. Ана шу синовлардан сабр-бардош билан ўтган оила мустаҳкам бўлади.

Кўпни кўрган кексаларнинг «Турмуш-турмуш — йўлида бор мушт» деган гапида ҳаё­тий ҳақиқат мужассам. Турли қийинчиликлардан чўчимаслик, муаммоларга тўғри ечим топиш оиланинг ҳамжиҳатлигига боғлиқ.

Афсуски, баъзилар ана шу оддий ҳақиқатни англаб етмайди. Натижада турли-туман оилавий низолар келиб чиқади.

Вазира Нуриддинова (исм-шарифлар ўзгартирилган) биринчи турмушидан ажрашиб, икки нафар фарзанди би­лан ота-онасининг уйига қайтиб келди.

Бироз вақт ўт­гач, Ж. Ниёзқуловга турмушга чиқди. Улар ўғилли бўлишгач, янги уй қуриб, енгил автомашина сотиб олишди.

Лекин кейинчалик уларнинг аҳил турмушига дарз кетди. Эр-хотин тез-тез жанжаллашадиган бўлишди.

Буни қарангки, иш охир-оқибат В. Нуриддинованинг судга даъво аризаси билан мурожаат қилишигача етиб борди. У аризада никоҳдан ажратиш, Оила кодексининг 23-моддасига асосан никоҳ давомида орттирилган умумий мулкни бў­либ беришни сўраган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ажралиш арафасида турган оилаларни яраштириш, юзага келган низони тинч йўл билан бартараф этиш ва оилани барбод бў­лишдан сақлаб қолиш фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳам муҳим вазифалари сирасига киради. Ярашув институти қонунчиликка ана шу мақсадда киритилган. Шу боис суд оилани асраб қо­лиш мақсадида бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилди. Судда ишни кўришга қадар эр-хотин ўртасида оилавий ажралишнинг оқибатлари ҳақида суҳбат ўтказилди. Ўзаро низо фарзандларнинг келажагига соя ташлаши, уларнинг кўнг­ли кемтик бўлиб улғайиши обдон тушунтирилди. Ўйлаб кўриш, ярашиб олиши учун муддат берилди. Бу ижобий натижа берди ва эр-хотин ўзаро муросага келди.

В. Нуриддинова даъвосидан воз кечди. Суд В. Нуриддинованинг даъво аризаси асосида юритилган фуқаролик ишини кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.

Шу тариқа эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчилик суд аралашуви билан барҳам топди. Ярашув институти туфайли ажралиш арафасидаги оила сақлаб қолинди. Эндиликда бу оилада фарзандларнинг кўнгли ўксимайди.

 

 

Отабек Темиров,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро

суди судьяси,

Абдуҳамид Худойбердиев,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: