МУЛК ҲУҚУҚИ ДАХЛСИЗ

Ҳар қандай давлатда хусусий мулк ва мулкдор ҳуқуқи қонуний кафолатланмас экан, унинг тараққиётида тўсиқлар кўпаяверади. Чунки мулкдорнинг ўз мулкига бўлган ишончсизлиги ортиб, ташаббускорлик борасидаги ҳаракатлари сусайса, бу тадбиркорлик ривожига ўз салбий таъсирини кўрсатади. Тадбиркорлик эса, мамлакат ривожини ҳаракатлантирувчи қудратли куч ҳисобланади.

Тарихдан маълумки, ривожланган мамлакатлар иқтисодий юксалиш даражасига хусусий мулк дахлсизлиги, мулк­дорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳи­моясини таъминлаш орқали эришган.

Мамлакатимизда ҳам иқтисодиётнинг негизи ҳисобланган хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатланган. Айни пайтда мулк дахлсизлигини таъминлаш, хусусий мулк ҳимоясини кафолатлаш, иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, хусусий мулк эгаларининг фаолиятига тў­сиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш, мулкдорнинг ўз мулкига ўзи эркин эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этишини амалда таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ мулкдорга тегишли бўл­ган мол-мулкнинг турли сабаблар ва ҳар хил йўл билан давлат идоралари ва мансабдор шахслар томонидан олиб қўйилиши, мулкдан эркин фойдаланиш учун тўсқинликлар яратиш қатъиян таъ­қиқ­ланади.

Мулкдор мулкидан моддий ва маданий эҳтиёжларини таъминлаш учун фойдаланиш билан чекланмай, у асосида турли тадбиркорлик фаолия­тини амалга ошириш, инвестиция жалб этиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, уларни ижарага бериш йўли билан қў­шимча даромад олиши мумкин.

Афсуски, баъзан амалиётда мулкдор ўзига тегишли мулкдан ўзи истаган тарзда фойдаланишига турли тў­сиқлар қў­йилган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Қуйидаги низо тафсилоти бунга мисол бўла олади.

«Савдо инвест» хусусий корхонаси (номлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг 9 июнь куни «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида бўлиб ўтган савдода ғолиб деб топилган. Илгари «Офтоб» масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган кўчмас мулкни сотиб олган хусусий корхона унга нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказган.

Бироқ «Офтоб» масъулияти чекланган жамияти гўёки корхонага тегишли бўлган мулклар аслидан кўра арзон нархга сотилгани, шу сабабли аукцион савдосининг қо­нунийлигини низолашаётганини важ қилиб, собиқ мулкдан фойдаланиб келган. Шундан сўнг «Савдо инвест» хусусий корхонаси Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, мулк­нинг қонуний эгаси ҳисобланса-да, ундан эркин фойдалана олмаётгани, кўчмас мулкнинг со­биқ эгаси мулкий ҳуқуқ­ларини амалга оширишда тўсқинлик қилаётганини баён қилган.

Маълумки, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қи­лиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузилишини бартараф этиш­ни талаб қилиш ҳуқу­қидан иборат.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 9-моддаси биринчи қисмига мувофиқ фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли бўлган фуқаролик ҳуқуқлари, шу жумладан, уларни ҳимоя қилиш ҳу­қуқини ҳам ўз хоҳишларига кўра, тасарруф этади.

Бундан ташқари «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулк­дорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги қо­нуннинг 4-моддасида мулкдор ўзига қарашли мол-мулк­ка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши белгиланган.

Суд ушбу қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризасини қаноатлантириб, «Офтоб» масъулияти чекланган жамиятини «Савдо инвест» хусусий корхонасига тегишли бўлган нотурар кўч­мас мулк ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариш ҳақи­да ҳал қилув қарори қабул қилди. Судда бузилган ҳуқу­қи тикланган мулкдорнинг энди мулкидан эмин-эркин фойдаланиши таъминланди.

 

 

Сарвар Солиев,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: