МУЛК ҲУҚУҚИ ДАХЛСИЗЛИГИ ЯНГИ ФАРМОН БИЛАН ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир давлатнинг бугуни ва келажаги хусусий мулкка бўлган муносабат билан чамбарчас боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2022 йил 24 августда қабул қилинган «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони юртимиз бугуни ва истиқболи учун алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур Фармонни қабул қи­лишдан кўзланган асосий мақсад — давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлашдан иборатдир.

Сўнгги йилларда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг Конс­титуцияда кафолатланган дахл­сизлигини таъминлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қи­линди. Бироқ шунга қарамай, айрим жойларда мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси амалда кутилган натижаларни бермаётган эди.

Таҳлиллар асносида қонунчиликда мулк ҳуқуқининг дахлсизлигига путур етказадиган:

ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи маъмурий ҳужжатларнинг бар­қарор эмаслиги;

кўчмас мулкнинг тавсифи ва мулк­дори ҳақидаги маълумотлар бир қанча ахборот ресурсларида юритилса-да, улардан ҳеч бирига тўлиқ ишончнинг мавжуд эмаслиги;

мулкдор ўз мулкидан эркин фойдаланишини чеклайдиган ҳолатлар мавжудлиги;

давлат органи айби билан мулкдорга етказилган зарар расман тан олинса-да, уни ҳақиқатда ундириш жу­да қийинлиги;

Халқаро мулк ҳуқуқлари индексида Ўзбекистон ҳозирга қадар баҳоланмаганлиги каби ҳолатлар мавжудлиги аниқланди.

Хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳи­моя­сининг конституциявий кафолатларини амалда таъминлаш, мулкий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, мол-мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш орқали иқ­тисодиётнинг барқарор ўсишига эришиш муҳимдир. Бунда ер ва у билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларнинг самарали тартибга солиниши алоҳида ўрин тутади.

Шу муносабат билан Фармонда бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилди.

Биринчидан, мулкий ҳуқуқни вужудга келтирган ҳужжатни бекор қи­лиш орқали ушбу ҳуқуқни тугатиш мумкин эмаслиги белгиланди. Агар ушбу ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўл­са, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин бўлди.

Кейинги икки ярим йилда ҳокимларнинг ер ажратиш билан боғлиқ 2 минг 541 та қарори бекор қилинган. Бу эса, 2 минг 526 та ер участкасига, яъни 101 минг 358 гектар ерга бўлган ҳуқуқ суд қарорисиз бекор қилинишига олиб келган.

Масалан, «Korean construction industrial group» масъулияти чекланган жамиятига Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги қарори билан «снос» эва­зига 0,63 гектар ер ажратилган. Тадбиркор ушбу ерда қонуний тартибда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маркази қуриб, ўз фаолиятини бошлаган.

2020 йилга келиб, 2017 йилдаги қа­рор Тошкент шаҳар прокурорининг протестига асосан Тошкент шаҳар ҳокими томонидан бекор қилинган.

Тадбиркор бир йил давомида судлашиб, 2021 йил ноябр ойида Олий суд судлов ҳайъати қарори билан шаҳар ҳокимининг 2020 йилдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилишига ва ер­га бўлган ҳуқуқи тикланишига эришган.

Шу сабабли ер участкаларига бўл­ган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан, прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участ­касига бўлган ҳуқуқни тугатиш тартиби 2022 йил 1 сентябрдан бекор қилинди.

Иккинчидан, ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимия­ти органларининг қарори билан расмийлаштириш тартиби бекор қи­линди. Бунда ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

Эътибор беринг: охирги икки ярим йил ичида 20 минг 543 та ер участ­каси, яъни 2,6 миллион гектар ер майдони «ердан ихтиёрий воз кечилганлиги ҳақидаги ариза»га асосан қабул қилинган ҳоким қарори билан захирага қайтарилган.

Афсуски, амалда бундай қарорни ер эгасининг аризасини олмасдан ҳам қабул қилиш мумкин. Шу сабабли мазкур ҳолатлар бартараф этилмоқда.

Учинчидан, Фармон билан юридик шахс тугатилганда унинг ноқишлоқ ер участкасига бўлган ҳуқуқи ҳам тугатилиши ҳақидаги қоида бекор қилиниб, ушбу ер участкаси тугатилаётган ташкилотнинг муассислари ва кредиторларига ўтиши белгиланди.

Ер кодексининг 36-моддасига кўра, юридик шахс тугатилганда, унинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи ҳам бекор қилиниши керак. Ушбу асос билан кейин­ги икки ярим йилда 227 та, яъни 8,1 минг гектарлик қишлоқ ва ноқишлоқ ер участкаси захирага қайтарилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ушбу қоида танлов орқали текинга ижарага берилаётган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ўринли. Лекин бу қоиданинг аукционда сотилаётган ноқишлоқ ерлар учун ҳам амал қилиши иқтисодий ва юридик жиҳатдан тўғри эмас.

Шунга асосан юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари ер участ­касига бўлган ҳуқуқларини бекор қилишга чек қўйилди. Бунда ушбу ҳу­қуқлар юридик шахс муассисларига, иштирокчиларга, агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўл­са, уларнинг юридик шахсдаги улушига, қўшилган ҳиссасига мутаносиб равишда ўтказилади.

Тўртинчидан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда компенсация сифатида бўш ер участкасидан ташқари давлат мулкидаги кўчмас мулкни мулк қилиб бериш мумкин.

Ушбу қоида компенсация ўрнида берилаётган мулк ва унинг остидаги ернинг ҳақиқий баҳосини ошириб ёки камайтириб кўрсатишга, шу орқали мулкдор ёки давлат манфаатларига зарар етказишга олиб келади. Бундан ташқари ушбу йўл билан хусусий секторга берилган мулкларнинг марказлаштирилган ҳисоби юритилмайди.

Шунга асосан, «снос» ўрнига давлат мулкидаги кўчмас мулкни бериш тартиби бекор қилинди. Кўп қаватли уйдаги квартиралар бундан мустасно.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган мулкни қайтариш, яъни компенсация ундириш борасида 2021 йилда 597 та иш кўрилиб, уларнинг 454 таси ёки 76 фоизи­ қаноатлантирилган. Бинобарин, 2022 йилнинг 6 ойида бу тоифадаги ишлар сони 2 баробардан ҳам ошиб, жа­ми 1 минг 284 та иш кўрилган, уларнинг 899 таси ёки 70 фоизи қаноатлантирилган.

Ер участкаларининг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш бўйича ягона суд амалиётини таъминлаш ҳам муҳим масаладир. Шу сабабли Президентимиз Фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида суд қарорларини умумлаштириш тадбири белгиланди.

Бунда суд амалиётини чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш бўйича судларга тегишли тушунтиришлар бериш назарда тутилди.

Хусусан, ер участкалари 2021 йил 1 августга қадар жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ҳамда компенсация тариқасида бошқа ер участкаси бериш назарда тутилган ҳолларда ушбу компенсация турини ўзгартириш мажбуриятини юклаш билан боғлиқ суд қарорлари ва уларнинг ижроси умумлаштирилиб, таҳлил қилинади.

Яна бир муҳим масала. Кейинги ик­ки ярим йилда фуқаролик ишлари бўйича судларга шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 минг 954 та даъво аризаси киритилган. Шундан 7 минг 311 таси — 82 фоизи қаноатлантирилган.

Бунга сабаб мулкдор ўз турар жойи­га рўйхатга қўйилган шахсни суд қарорисиз мажбуран рўйхатдан чиқаришга ҳақли эмаслигидир. Турар жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилган ҳоллар истисно этилади.

Ушбу норма мулк ҳуқуқини чеклайди ва эскиргандир. Шу сабабли уни бекор қилиш таклиф этилди. Мулкий ҳуқуқлар ва қариндошлик алоқаларига эга шахсларга оид қоидалар бундан мус­тасно.

Бундан ташқари ҳозирда 20 дан ортиқ давлат органи судларда фуқароларга нисбатан мулкий даъволар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинган.

Кейинги икки ярим йилда давлат органлари ушбу имтиёздан фойдаланиб, 1,4 триллион сўмлик 63 минг 909 та­ даъво аризаси киритган. Шундан 588 миллиард сўмлик 14 минг 736 та даъво талаби судлар томонидан рад этилган ёки кўрмасдан қолдирилган.

Бу эса, айрим давлат органлари ўз имтиёзидан фойдаланиб, етарли асослар бўлмаса ҳам судларга даъво аризалари киритаётганидан далолат беради.

Шунинг учун қонунда божсиз даъво киритиш ҳуқуқига эга органлар рўйхатини қисқартириш, давлат органларининг жисмоний ва юридик шахс­лар мулкий ҳуқуқларини чеклаш, маҳрум қилиш ёки бошқа ҳар қандай кўринишда таъсир қилишга қаратилган даъволари, аризалари ва шикоятлари учун умумий асосларда давлат божи тўлаши лозимлиги белгиланди.

Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кенгроқ имконият бериш, уларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳи­моя қилинишини таъминлаш мақсадида судда ўз мулкини ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволарини давлат божидан озод қилиш белгиланди. Бу даъво рад этилганда, давлат божи даъвогардан ундириб олинади.

Шу билан бирга Фармонда гумон қи­линувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан «Хабеас корпус» институтини қўллаш кўламини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу ўринда cуриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш ҳуқуқлари ҳақида сўз бормоқда.

Хорижий тажрибада шахсни қа­моққа олишга санкция бериш, унинг мулкини хатлаб қўйиш ҳам судлар ваколатига берилган. Шунга асосан, «Хабеас корпус» институтини янада кенг жорий этиб, cу­риш­тирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини судда кўриб чиқиш тартибини жорий этиш белгиланди.

Мухтасар айтганда, мулк ҳуқуқи, мулк­дорлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга қаратилган мазкур чора-тадбирлар:

аҳоли ва тадбиркорлар учун мол-мулкдан — ер участкалари, бино ва иншоотлардан ҳақиқий бозор активи сифатида эркин фойдаланиш имкония­тини беради;

қонунчиликдаги айрим эскирган нормалардан фойдаланиб, мулк ҳуқу­қини асоссиз чеклаш ёки бекор қилиш ҳолатларининг олдини олади;

давлат органлари, мансабдор шахс­лар, учинчи шахслар томонидан мулк ҳуқуқини бузишга бўлган ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлайди;

мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш орқали тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, Ўзбекистонни инвес­ти­циялар учун янада жозибали маконга айлантириш имконини беради.

 

 

Шербек Назаров,

Олий суд бўлим бошлиғи

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: