МУДДАТИ ЎТГАН ДЕБИТОР ҚАРЗДОРЛИК: МУАММО ВА УНИ ҲАЛ ЭТИШ УЧУН ТАКЛИФ

Мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор юксалтиришнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳу­қуқ­ларини ишончли ҳимоя қилиш механизми йил сайин такомиллашиб бормоқда.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича видеоселектор йиғилишида мутасадди ташкилот раҳбарларига бир ой муддатда экспорт валютаси ўз вақтида келмагани учун жарима миқдорини икки бараварга қисқартириш таклифини киритиш бў­йи­ча кўрсатма берилди.

Давлатимиз раҳбари билдирган ушбу таклиф хў­жалик юритувчи субъектлар, айниқса, товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт ҳамда импорт қилиш фаолия­ти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун ўта муҳим янгилик бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қи­лиш тартиби тўғрисида»ги Низомга кў­ра, товарларни мамлакатимизга олиб кириш ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт кон­тракт­лари бў­йича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ бўл­маслиги керак.

Низомда чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўй­ган экспорт қилувчилар, шунингдек, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни олиб кириш ва расмийлаштириш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни 30 банк кунидан ортиқ таъминламаган импорт қилувчилар, яъ­ни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун — 60 банк куни белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин:

180 кунгача кечикканда — тушмаган валюта маблағлари ёки «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар суммасининг 10 фоиз;

180 кундан 365 кунгача кечикканда — 20 фоиз;

365 кундан ортиқ кечикканда эса, 70 фоизига тенг миқдорда бюджет даромадига қўшимча жарима тўлаши белгиланган.

Шу билан бирга, Низомда ташқи савдо операциялари бў­­йича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун фақатгина тўртта ҳолатда, яъни:

— жарима қўллаш ҳақидаги аризада кўрсатилган кон­тракт­лар бўйича «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қо­нун талабларига мувофиқ тўлиқ ёки қисман репатриация қи­линган активлар суммасига нисбатан;

— асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт контрактлари шартларида то­варларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 календарь кундан ортиқ белгиланган бўлса;

— чет элдаги корхона номига олиб чиқилган ҳамда транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида экспортчига ва чет элдаги корхонага боғлиқ бўл­маган сабабларга кўра, яроқсиз бўлиб қолган ёки импорт қи­лувчи давлат органи томонидан мусодара қи­линган товарларга тегишли ваколатли ор­ганнинг экспертизаси далолатномаси ва (ёки) товарлар турган мамлакат божхона органининг божхона назорати остида уларнинг йўқ қилингани ёки мусодара қилингани­ тўғ­риси­даги тасдиқномаси тақдим этилганда;

— айни бир қарздорлик предмети ва товарлар, ишлар, хизматларнинг амалдаги экспорт ва импорт ҳажми бўйича такрорий жарималар қўлланилмаслиги кўрсатилган.

Низомдаги мазкур нормалардан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорлик субъектларига, гарчи уларнинг айби бўлмаса-да, ташқи савдо опера­ция­лари бўйича муддати ўтган де­би­тор қарздорликка йўл қўй­ганлик учун молиявий жарима қўлланилиши ҳолатлари мавжуд. Бу эса, тадбиркорлик субъектларининг ҳақ­ли эътирозига сабаб бўл­моқда.

Мисол учун давлат солиқ бошқармаси иқтисодий судга ариза билан мурожаат қи­либ, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирили­шига йўл қўйгани учун «FAVVORA» масъулияти чекланган жамиятига (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) нисбатан Низом талабига асосан 509 миллион 377 минг 304 сўмлик молиявий жарима қўллашни сўраган.

Масъулияти чекланган жамияти шартнома шартларини бажармаган хорижий шеригидан молиявий жарима қўл­лашга асос бўлган муддати ўт­ган дебитор қарздорликни ундириш тўғрисида иқтисодий судга даъво аризаси берган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан «УралСервис» масъулияти чекланган жамия­тидан (Россия Федера­ция­си, номи ўзгартирилган) жамият фойдасига 164 минг 214 АҚШ доллари ундирилган ва ушбу ҳал қилув қа­рорлари тан олиш ва ижрога қаратиш учун Россия Федерацияси арбитраж судига юборилган.

Шундай бўлса-да, Низом талабларидан келиб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан аризадаги талаб тўлиқ қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Яна бир мисол: давлат солиқ бошқармаси иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйгани учун «Ҳазортоғ» масъулияти чекланган жамиятига (тадбиркорлик субъектининг номи ўз­гар­ти­рилган) нисбатан 35 миллион 724 минг 531 сўм молиявий жарима қўллашни  сўраган.

Ишни кўриш жараёнида молиявий жарима қўллашга асос бўлган ва импорт контракти бўйича хорижий ҳамкор — «КомСвав» масъулияти чекланган жамиятига (Россия Фе­дера­ция­си, номи ўзгартирилган) кўчириб берилган пул маблағи жамият раҳбари ва бошқалар томонидан фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қи­лиш йўли билан ўз­лаштирил­ган­и, ушбу ҳолат бўйича Россия Федерацияси ҳуқуқини муҳофаза қилувчи органлари жиноят иши қўз­ғатгани аниқланган.

Мазкур ҳолатда ҳам муддати ўтган дебитор қарздорликнинг юзага келишида жавобгарнинг айби йўқлиги яққол кў­риниб турган бўлса-да, Низом талабидан келиб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан жавобгарга нисбатан 29 миллион 605 минг 733 сўм молиявий жарима қўлланилган. Апелляция инс­танцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ушбу мисоллар орқали мамлакатимизнинг резидент тадбиркорлик субъекти ай­би бўлмаган ҳол­да, хорижий контрагенти томонидан шарт­нома шартлари бажарилмаслиги оқибатида чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилиши, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни олиб кириш ва расмийлаштириш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни таъминламагани учун пул маблағидан айрилиб, қайтарилмаган ўз маблағидан — товари, ишлар ва хизматларидан жарима тўлашга мажбур бўлаётганини кўриш мумкин.

Ҳуқуқнинг фундаментал принципи бўлган ижтимоий адолат нуқтаи назаридан олиб қараганда, бу борада қонунчиликда бўшлиқ борлиги кўзга ташланади.

Шу боис, экспорт валютаси ўз вақтида келмагани учун жарима миқдорини икки бараварга қисқартириш билан бирга, Низомнинг 27-бандига экспорт ва импорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликнинг юзага келишида жавобгарнинг айби бўл­маган тақдирда жарима қўлланилмаслиги тўғрисида қўшимча киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Мақсуд Саидов,

Тошкент шаҳар суди

раиси ўринбосари

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: