МОЛИЯВИЙ ЖАРИМА ҚАЧОН ВА ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ҚЎЛЛАНИЛАДИ?

Маълумки, солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик чораларидан бири бу — молиявий жарима ҳисобланади. Молиявий жарималар амалдаги Солиқ кодексининг 28 ва 29-бобларида назарда тутилган миқдорларда тайинланади. Бир шахс томонидан икки ва ундан ортиқ солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, молиявий санкциялар, яъни жарималар ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида тарзда ундирилади.

Молиявий санкцияларни қўл­лаш ҳуқуқий таъсир чораси ҳи­собланади.

Назорат қи­­­лувчи ор­ганларнинг ҳуқу­қий таъсир чораларини қўл­лаш тўғрисидаги ариза билан суд­­­­ларга мурожаат этиш ҳу­қуқи Иқтисодий процессуал кодексининг 217-моддасида белгилаб қўйилган.

Белгиланган тартибга кў­ра, ҳуқуқий таъсир чорасини қўл­лаш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда берилади. У аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Судга ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризада суд, ишда иштирок этаётган шахсларнинг номлари ҳамда уларнинг жойлашган жойи ва яшаш жойи, ҳуқуқ­бу­зарлик фактини аниқлаган назорат қилувчи органнинг номи, билдирилган талабга асос бўлган ҳолатлар, билдирилган талабнинг асосларини тасдиқловчи далиллар, юридик шахс ёки фуқаронинг судга мурожаат қилишига асос бўл­ган ҳаракатлари ёки ҳа­ра­кат­сизлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, аризачининг талаби, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилгани тўғ­ри­сидаги маълумотлар қайд этилади.

Шу ўринда ҳаётий бир мисолга тўхталамиз. Судга Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси «PURE FRUIT TRADE» хусусий корхонасига нисбатан молия­вий жарима қўллаш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Аризада қайд этилишича, «PURE FRUIT TRADE» хусусий корхонаси томонидан Хитой давлатининг «CELTIC COO­LING» компанияси билан тузилган импорт шартномаси бў­­йича 2021 йил 1 январь ҳо­латига кўра, 26 131,34 АҚШ доллари миқдорида дебитор қарздорликка йўл қўйилган.

Дебитор қарздорликни бартараф этиш ҳақида юборилган талабномалар оқибатсиз қолдирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбир­ла­ри тўғрисида»ги қарорига асосан, хусусий корхонага 246 180 735,50 сўм миқдорида молиявий жарима ҳисобланган. Шу асосда Наманган вилояти Давлат солиқ бош­қармаси судга мурожаат қи­либ, жавобгарга нисбатан молиявий жарима қўллашни сўраган.

Суд мажлисида даъвогар аризадаги важларни тўлиқ исботлаб бериб, унга тегишли ҳужжатларни илова қил­ди. Суд ишни атрофлича кў­риб чиқиб, аризани қаноатлантириш тўғрисида ҳал қи­лув қарори чиқарди.

Агар судга мурожаат қи­лиш вақтида Иқтисодий процессуал кодексининг 219-моддасида назарда тутилган талаблар бузилган бўл­са, ҳу­қу­қий таъсир чорасини қўл­лаш тўғри­си­даги ари­за уш­бу кодекснинг 155-моддасида белгиланган қои­да­лар бўйича ари­зачига қай­та­ри­лади.

Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси судга «OZODBEK-HAKIMOV» фермер хўжалигига нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган. Унда қайд этилишича, «OZODBEK-HAKIMOV» фермер хўжалиги ва Қо­­зо­ғис­тоннинг «Стандарт цемент» корхонаси ўртасида ту­­зилган импорт шартномаси бўйича 5 908,30 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов амалга оширилган. Бироқ импорт товарлар 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида расмийлаштирилмаган.

Шу асосда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бо­­риш ва назорат қилиш тартиби тўғ­рисида»ги Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда, «OZODBEK-HAKIMOV» фермер хўжалигига нисбатан дебитор қарздорликнинг 10 фои­зи миқдорида молиявий жарима қўл­лаш сўралган.

Бироқ Марказий банк маълумотида шартномавий-ҳу­қу­қий муносабатлар даъво аризасида кўрсатилгани ка­би Қозоғистондаги эмас, балки Қирғизистондаги хорижий ҳамкор билан амалга оширилгани кўрсатилган.

Иқтисодий процессуал кодексининг 218-моддаси иккинчи қисми 4-5-бандларида ҳу­­қуқий таъсир чорасини қўл­лаш тўғрисидаги аризада билдирилган талабга асос бўлган ҳолатлар ва билдирилган талабнинг асосларини тасдиқловчи далиллар кўрсатилган бўлиши кераклиги белгиланган. Шу модданинг бешинчи қисмига кўра, ушбу моддада назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғ­рисидаги ари­за ушбу кодекснинг 155-моддасида белгиланган қоидалар бўйича аризачига қайтарилиши лозим.

Шу асосда суд даъво аризасини қайтариш тўғрисида ажрим чиқарди.

Даъвогарга ажримда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгач, судга қайта мурожаат қилиш ҳуқу­қи тушунтирилди.

Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ишлар­ни­ кўриб чиқишда алоҳида аж­ралиб турадиган ҳолат шу­ки, судлар ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғ­рисида, хусусан, жавобгарни хабардор қилиш мажбуриятини аризачининг зиммасига юклашга ҳақли.

Иқтисодий процессуал кодексининг 221-моддасига кўра, молиявий санкцияларни қўл­лаш тўғрисидаги иш ариза судга келиб тушганидан ке­йин­ камида бир ойдан сўнг кў­рилади. Судда иш кў­риб чиқилаётганда суд молиявий санк­ция­лар суммасининг ҳи­соб-китоби қанчалик тўғ­ри­лигини текширади. Бу тои­фа­даги иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув ту­зилишига йўл қўйилмайди.

Кўриниб турганидек, қо­нунчиликда молиявий таъсир чораларини қўллаш тартиби аниқ кўрсатилган. Унга қатъий­ риоя этиш орқали ҳар қандай низо ёки муаммони адолатли ҳал қилиш мумкин.

 

 

Акмал Шокиров,

Чуст туманлараро

иқтисодий суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: