МИСИ ЧИҚҚАН ҚИНҒИРЛИК ЁХУД ФОШ ЭТИЛГАН ҚЎШАЛОҚ ЖИНОЯТ

Болалигимизда ота-онамиз кўчадан пул ёки шунга ўхшаш қимматбаҳо буюм топиб олганда, аввало эгасини сўраб-суриштириш лозимлигини уқтиришган. Аксинча, топилмани индамай чўнтакка солиб кетиш гуноҳ эканини тушунтиришган.

Қўқон шаҳрида яшовчи Мирфозил Тошмирзаев (исм-шариф ўзгартирилган) 2021 йил кў­чадан 2 та 50 АҚШ доллари ку­пюрасини топиб олгач, бундай йўл тутмади. Аксинча, у пулни шо­ша-пиша чўн­тагига со­­­­либ яшириб қўй­ди. Шу тариқа унинг кўчадан валюта топиб олганини ҳеч ким сезмади. Аммо ке­йин­чалик топиб олинган валюта қалбаки экани маълум бўл­ди. Шунда ҳам М. Тошмирзаев ҳеч кимга лом-мим демади. Кўп ўтмай эса, қалбаки валюта уни қўша­лоқ жиноятга етаклади.

Гап шундаки, 2021 йил 9 октябрь куни у Учкўприк туманининг Милтиқчи қишлоғида жойлашган, тадбиркор Гулнорахон Қўчқоровага қарашли савдо дўконига киради. Дў­конда Гулнорахон Қўчқорова ўғли Озодбек билан бирга савдо қилиб туришганди.

М. Тошмирзаев дўкондан 310 000 сўмлик озиқ-овқат маҳ­су­лоти, ювиниш анжомлари ва битта 5 литр ҳажмдаги кунгабоқар ёғи сотиб олади. Эвази­га эса, ўша қалбаки 50 АҚШ долларини беради.

— Бошқа пулим йўқ эди, — дей­ди у чўнтагидан 15 000 сўм­ни чиқариб кўрсатаркан.

Бинобарин, Г. Қўчқорова ун­га ишониб, хорижий валютани қабул қилади.

Қайтимига унга 225 000 сўм беради. М. Тошмирзаев нақд пул ва харид қилган маҳсулотларини олиб, дў­кондан шоша-пиша чиқиб кетади. Харидор кетгач, Гулнора опа ўғлига ҳалиги 50 АҚШ долларини бериб, қўшни дўкондан миллий валютага айлантириб келишни буюради.

Орадан кўп ўтмай Озодбек шошган кўйи қайтиб келиб, долларнинг қалбаки эканини айтади. Г. Қўчқорова дарров ал­данганини тушуниб, ҳудуд профилактика инспекторига мурожаат қилади. Қолаверса, эртаси куни «102» қисқа рақамига ҳам қўнғироқ қилиб, воқеа хусусида хабар беради.

Буни қарангки, 2021 йил 10 ок­тябрь куни Мирфозил Тошмирзаев Учкўприк туманининг Саланг қишлоғида тадбиркор Ғайратжон Йўл­дошевга қа­рашли савдо дўконида жиноий қилмишини давом эттиради. Ўша пайтда дўконда Ғ. Йўлдошевнинг воя­га етмаган ўғли Ихтиёржон Ваҳобовнинг савдо қилаётгани унга жу­да қўл келади. М. Тошмирзаев дў­кондан ҳар бирининг нархи 81 500 сўм бўлган 4 та 5 литр ҳажмли кунгабоқар ва пахта ёғи харид қилади. Сўнг миллий валютада пули йўқ эканини айтиб, Ихтиёрга қалбаки валютани беради. Буни кўриб, И. Ваҳобов ўйланиб қолади.

— Шошмай туринг, дадамдан сўраб кўрай-чи, — дейди у ва отасига қўнғироқ қилади.

Ўз навбатида, Ғайратжон ака ўғлига долларни қабул қи­лишга рухсат бергач, Ихтиёржон уни олиб, қайтимига 204 000 сўм санаб беради.

 

Ўша кун тушдан сўнг Ғ. Йўл­дошев уйига қайтиб келгач, ўғли ҳалиги 50 АҚШ долларини беради. Ғ. Йўлдошев хо­­­­­ри­жий валютани кўздан кечиргач, қалбаки эканини дарров се­зади. Шундан сўнг вақт­ни бой бермай ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қи­лади.

Жабрланувчиларнинг мурожаатига биноан фирибгар тез орада қўлга олинди ва жиноят­ иши қўзғатилди. Яқинда ушбу қилмиш жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани судида кў­­риб чиқилди. Тўғри, суд маж­­ли­сига қадар судланувчи жабр­­ланувчи­ларга етказган моддий зарарини тўлиқ қоплади. Би­роқ моддий зарарнинг қоп­лан­ганлиги жиноятчини жа­зодан озод этмайди.

Шу боис Мирфозил Тош­мир­заев Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди ва 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ло­­зимки, Жиноят кодексининг 15-моддаси (жиноятларни таснифлаш) да қайд этилишича, жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, ижтимоий хавфи кат­­та бўлмаган, унча оғир бўл­маган, оғир ва ўта оғир жи­ноят­ларга бўлинади. Лекин жамият­ тараққиёти учун жиноятнинг катта-кичиги бўл­майди.

Бундан ташқари Олий Суд Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги «Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бў­йича суд­лар ролини ошириш тўғ­ри­сида»ги қа­ро­ри 7-бандига асосан судлар жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кў­ришга доир қонун талабини бажаришда иш бўйича аниқланган ва жиноят содир этилишига олиб келган муайян ҳолатларни хусусий ажримда кўрсатиши лозим.

Хусусий ажримда аниқланган камчилик ва хатоликлар моҳияти баён этилади, шунинг­дек, улар билан содир этилган жи­ноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ўртасидаги сабабий боғланиш кўрсатилади ва уларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўриш тавсия эти­лади. Бинобарин, суд томонидан келгусида баён этилгани каби жиноят содир этилишининг олдини олиш чораларини кўриш ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий тар­ғибот ишларини янада кучайтириш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, судланувчи истиқомат қилган Қў­қон шаҳри «Исфара Гузар» маҳалла фуқаролар йиғинига юборилди. Бу ҳам­юртларимизни фирибгарларнинг ҳийла-ю найранг­ларидан яна бир бор огоҳлантириш ҳам демакдир.

 

 

Нодиржон САЛОМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Бешариқ тумани суди судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: