МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯ — КОНСТИТУЦИЯВИЙ РИВОЖЛАНИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди. Миллий стратегияни босқичма-босқич амалга оширишга қаратилган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжатларда, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини янада ривожлантиришга тааллуқли чора-тадбирлар ҳам ўз аксини топган.

Бу ҳақда сўз борганда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу соҳада қисқа муддатда амалга оширилган тарихий демократик ислоҳотлар юртимизни хал­­қаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътиборини тамоман янги босқичга олиб чиққанини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, куни кеча БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлаш бў­­­йича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан Ўзбекистонга 2019 йилги ташрифи якунлари бўйича маърузаси доирасида эълон қилинган ижобий фикрлар ва далиллар ҳам бу борадаги саъй-ҳа­ракатларнинг ўзига хос эъ­ти­рофи бўлди.

Мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, ушбу шартномавий мажбуриятларни бажариш юзасидан инсон ҳуқуқларига оид миллий қонунчилик ҳужжатлари изчил такомиллаштирилмоқда. Буни ке­йин­ги бир йил давомида 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармон ва қарорлари қабул қилингани ҳам тасдиқлайди.

Айниқса, сиёсий-ҳуқуқий нуқтаи назардан ёндашганда, узоқ муддатга мўлжалланган уш­бу миллий стратегия Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақил демократик тараққиёти даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш йўлида мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим тарихий қадам бўлди.

Шу билан бирга, ушбу дас­турий ҳужжат Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳам­да Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни самарали амалга оширишга жамиятимизда Конс­титуция ва қонунлар устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ғоят аҳамиятлидир.

Миллий стратегияни инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро шартномалар билан Конституция ва қонунларнинг ўзаро уйғунлиги ҳамда устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида ҳам баҳоласак бўлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, халқаро мутахассислар холисона қайд этганидек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида бошқа бир шаклдаги ёки турдаги ҳужжат эмас, балки айнан «Миллий стратегия» қа­бул қилган саноқли давлатлар қаторидан жой ол­ди. Шу омилнинг ўзиёқ мамлакатимизнинг халқаро майдондаги иқ­ти­содий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мав­қеини мус­таҳкамлади.

Дарҳақиқат, гап Миллий стратегияда белгиланган устувор вазифалар ҳақида борар экан, бу борада «Йўл харитаси»да мутасадди идоралар билан ҳамкорликда фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида қа­рийб 20 та янги қонунлар ло­йиҳаларини, халқаро шартномалар мажбу­рият­ларидан келиб чиқиб, амалдаги ко­декс­лар ва қонунларнинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, уларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилганини қайд этиш лозим.

Қолаверса, унда инсон ҳу­қуқ­лари бўйича миллий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш ва ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи ор­ганлар, суд идоралари ходимларининг инсон ҳу­қуқ­лари бўйича халқаро ҳуқу­қий саводхонлигини, малакасини ошириш билан боғлиқ бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, авваломбор, биз, ҳуқуқшунослар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбе­кис­тон Республикасининг Миллий стратегияси ҳам­да «Йўл харитаси»да белгиланган чора-тадбирларни, ишлаб чиқиладиган норматив-ҳу­қуқий ҳужжатларни бирма-бир чуқур ўзлаштириб, мазмун-моҳияти ва аҳа­миятини кенг тарғиб этишда, бу борада амалий таклифлар беришда фаоллик кўрсатишимиз талаб этилади.

Шу маънода БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсия­ларини амалга ошириш мақсадида, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг «Йўл харитаси»да Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан хал­қа­ро ҳуқуқ принциплари ва нормаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шарт­номаларини қўл­лаш амалиёти тўғрисида»ги қарорини ишлаб чиқиш кўзда тутилганлиги эътиборга молик бўлди.

Чунки бундай муҳим ҳужжат хорижий давлатлар судлари тажрибаси ва одил судловга оид халқаро ама­лиёт­ни миллий одил судлов амалиётига татбиқ этиш нуқтаи-назаридан алоҳида аҳа­мият касб этиши тайин.

Ушбу йўналишда муайян илмий тадқиқотлар олиб борган мутахассис сифатида ушбу Пленум қарорининг қабул қи­линиши судлар фаолиятида янги бир йўналишни бошлаб берадиган тарихий ва далил қадам бўлади, десак, муболаға бўлмайди.

Гап халқаро ҳуқуқнинг судлар фаолияти билан боғлиқ ўзига хос жиҳатлари хусусида борганда, бугунги кунда судьялар томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш масаласи бир қа­тор халқаро шартномаларда бевосита ёки билвосита қайд этилганига эътибор қаратиш лозим.

Масалан, 1997 йил 30 ав­густ­даги қонун билан Ўзбе­кис­тон Республикаси қўшилган Халқа­ро меҳнат ташкилотининг «Зў­раки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида»ги 29-Конвенцияси 26-моддасида ушбу Конвенцияни ратификация қилган Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳар бир аъзоси уни ўз суверенитети остида бўл­ган ҳудудда ёки юрисдикция­сида қўл­лашга мажбур эканлиги белгиланган.

Шу билан бирга, БМТнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ­лар, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги асосий шартномалари, шунингдек, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар юзасидан ҳуқу­қий алоқалар ҳамда ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Минск Конвенцияси ҳамда Хорижий арбитраж ҳал қилув қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисидаги Нью-Йорк Конвенцияси ушбу йўналишда судлар фаолиятини тартибга солувчи хал­қаро ҳуқуқ нормалари ҳисобланади.

Яна бир жиҳат: миллий қо­нунчилигимизнинг халқаро ҳуқуқ билан муносабатидаги ўзига хос хусусияти шундаки, халқаро шартномалар нормалари миллий қонунчилик орқа­ли ижро этилади.

Яъни бирон-бир халқаро шартномага қўшилдикми, шу халқаро ҳужжат талабларини бажариш мақсадида алоҳида янги қонун қабул қилиниши ё тегишли қо­нунларга ўзгартиш ва қў­шимчалар киритилиши мумкин.

Мисол учун БМТнинг Бола ҳу­қуқлари тўғрисидаги Конвенциясига қўшилишимиз билан «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тў­ғ­рисида»ги қонун, БМТ­нинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қар­ши кураш тўғрисидаги Конвенцияси ҳам­да Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколини ратификация қилишимиз билан «Одам савдосига қарши кураш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ёки «Одам савдосига қарши кураш тўғрисида»ги қонунларни қа­бул қилишимизнинг асоси ва сабаби ҳам юқоридаги хал­қаро шартномаларга қўшилганимиз экан, унда нима учун одам савдосига оид жиноят ишларини ёхуд бола ҳуқуқлари билан боғлиқ низоларни кўришда суд қарорларида мазкур конвенциялар нормаларини кўр­сатиб ўт­маслигимиз керак?

Ваҳоланки, мамлакатимиз томонидан ратификация қи­линган ёки тан олинган инсон ҳуқуқларига оид мазкур халқаро ҳужжатлар Ўзбекистоннинг ҳам халқаро шартномалари ҳисобланади.

Шундай экан, қабул қилиниши кутилаётган Пленум қарорининг аҳамияти ва зарурияти нимада, деган савол туғилиши табиий.

Фикримизча, бу муҳим қадам судлар фаолиятида халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиётини шакллантириш натижалари билан бевосита боғлиқдир.

Бунинг қуйидаги муҳим омил ва сабаблари бор:

биринчидан, суд Конституция, қонунлар ва халқаро шарт­номалар нормаларини қўллаш орқали одил судлов йўли билан инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи асосий ва ягона органдир;

иккинчидан, суд қарорида у ёки бу халқаро ҳуқуқ нормасининг кўрсатилиши халқаро ҳу­қуқий аҳамиятга эга. Судлар фао­лиятида бундай амалиётнинг шаклланиши Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги об­рў-эътиборини, халқаро имижини янада мустаҳкамлайди;

учинчидан, судлар томонидан халқаро ҳуқуқ нормалари қўлланилиши судьянинг масалага халқаро ҳуқуқ нуқтаи назардан ҳам ёндашганини кўр­сатиб беради;

тўртинчидан, Пленум қа­рори қабул қилиниши судларнинг инсон ҳуқуқлари бў­йича халқаро шартномаларни қўл­лаш амалиётини янада кенгайтиради, шу билан бирга, ягона суд амалиёти шаклланишига ҳам туртки бўлади.

Энг муҳими, суд қарори жамиятда адолат ва қонунийликни таъминлаш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ма­даниятини юклаштириш вазифасини бажаради. Суд қа­рорини ёзган судья томонидан халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормалари ҳамда хал­қаро шартномаларнинг қўлланилиши фуқароларнинг хал­қа­ро ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.

 

 

Ҳусан ТУРСУНОВ,

Қарши туманлараро

иқтисодий судининг судьяси,

юридик фанлар номзоди

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: