МЕҲРСИЗЛИК ОҒИР ЖИНОЯТЛАРГА САБАБ БЎЛДИ

Мамлакатимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларнинг яшаши, таълим олиши ва келгусида ҳаётда ўз ўринларини топишига алоҳида эътибор қаратилиб, барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Мурод Давлатов (исм-ша­риф­лар ўзгартирилган) ҳам Тошкент вилоятидаги 15-сонли «Меҳрибонлик» уйида ана шундай эътибор ва ғам­хўрликдан баҳраманд бўлиб воя­га етди. Аммо у бунга ўзининг меҳрсизлиги билан жавоб қайтарди. Аниқроқ айтганда, мустақил ҳаётда у тўғри йўл қолиб, эгри йўлларга қадам босди.

Аниқроқ айтганда, у ҳалол меҳнатдан бўйин товлаб, саёқ юришни одат қилди. Бунинг оқибатида 2019 йил 2 январь куни ҳамтовоғи В. Пакни ошхона пичоғи билан жароҳатлаган М. Давлатов турли жойларда жазодан қочиб юрди. 2019 йил 15 августда таниши С. Паповнинг хонадонида спирт­ли ичимлик истеъмол қилиша­ди.­ С. Папов ухлаб қолгач, Мурод нархи 250 минг сўмлик темир кесиш ва нархи 550 минг сўмлик девор те­шиш ускунаси, 360 минг сўм­лик иккита сув ҳисоблагичларни ўғирлаб кетади. Эртаси ку­ни бу буюмларни сувтекинга сотиб юборади. Доимий яшаш жо­йи бўлмагани сабабли ички ишлар хо­дим­ла­ри томонидан қидирувга берилади.

Ўтган йил 5 январда у оғир жиноят со­дир этди. Эрта тонг­­дан спиртли ичимлик истеъмол қилган Мурод мўмайгина даромад топишни режалаштиради. Шу мақсадда темир бў­лаги ва пичоқ билан қуролланиб, тунда автотураргоҳга келиб, «Кобалт» русумли автомашина ҳайдовчиси Абдулла Кенжаев билан Фар­ғона вилоятига боришга келишади. Ёши олтмишдан ўтиб қолган Абдулла Кенжаев Муродни набираси қатори кў­риб, айтган манзилига элтиб қўйишга рози бўлади. Би­роқ у Муроднинг машъум ре­жасидан бехабар эди.

Автомашина «Тошкент — Фар­­ғона» йў­на­лиши бўйича ҳа­­ракатланиб кетаётганида Мурод Оҳангарон шаҳрида яшовчи танишларидан буюм олиши кераклигини айтиб, ҳайдовчини Ангрен дарёси яқинидаги хилват жойга бошлаб боради. Шундан сўнг у ма­шинани тўхтатишни сў­рай­ди ва кутилмаганда, темир бўлаги билан Абдулла Кенжаевнинг бош қисмига устма-уст зарба беради. Кейин эса, оғир жароҳатланган А. Кенжаевнинг чўнтагидаги 325 минг сўм пулни ва «Samsung A3» русумли уяли телефонини тортиб олади-да, таҳдид би­лан қолган пулни қаерга яширганини сў­райди.

Абдулла Кенжаев бош­қа пули йўқ эканини айтади. Шундан сўнг жир­канч ниятига етолмаган жиноятчи ўта шафқатсизлик билан унинг умрига зомин бўлади.

Кейин эса, М. Давлатов жиноят изларини йўқотиш мақсадида автомашинани келган йў­ли билан катта кўчага ҳайдаб чиқиб, ҳайдовчининг жасадини чакалак­зор ичига ташлайди. Шундан сўнг у автомашинани Ангрен дарёси бўйига ҳайдаб келиб, унинг юкхонаси ва ташқи томонидаги қон доғлари, бармоқ­ излари қолган жойларини ювади. Шундан сўнг бос­қин­чилик йўли билан эгалланган автомашинани ўзи вақтинча яшаб келаётган кўча бошига ташлаб кетади.

Қўли қонга ботган М. Дав­ла­тов ички ишлар ходимларидан яшириниш учун тураржойини доимий равишда ўзгартириб юради. Бир сафар ўз уйидан ижарага жой берган хонадон эгалари унинг ашаддий жиноятчи эканидан хабар топишганида Му­род уларга тегишли бўл­ган қимматбаҳо буюмлар ва уч миллион юз минг сўм нақд пулни ўғир­лаб кетган эди.

Халқимизда «бузоқнинг югургани сомонхонагача» деган нақл бор. Охир-оқибат М. Давлатов ҳам қўлга тушди. Тергов ва судда унинг барча кирдикорлари фош этилди. Суд унга нисбатан 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Меҳр-муҳаббатдан мосуво бўл­ган кимсанинг қилмишлари ана шундай якун топди.

 

Дилшод ИЗЗАТОВ,

Тошкент вилояти суди судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: