МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИНГАН ШАХСНИНГ ИШГА ҚАЙТА ТИКЛАНИШИГА АСОС БЎЛМОҚДА

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган. Буни ғайриқонуний равишда судланганлиги учун меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилиши муносабати билан лавозимдан четлатилган ходимларни ишга қайта тик­ланаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Аввало бу борадаги ҳуқу­қий асослар ҳақида фикр юритганда, Конституциямизнинг 37-моддаси талабига кўра, меҳнат қонунчилиги билан белгиланган ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш иш берувчининг зиммасига киришини таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, Жиноят процессуал кодексининг 310-моддаси 1-қисмида қайд эти­лишича, қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани туфайли ишдан озод этилган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс илгари иш­лаган ишига тикланиши лозим. Бундан ташқари ушбу модданинг ай­ни шу қисмида корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асослар уни олдинги ишлаб турган ишига тиклаш имконини бермаган тақдирда унга аввалгисига тенг бошқа иш — лавозим берилиши лозимлиги қайд этилган.

Бундан ташқари ушбу кодекснинг 311-моддасига мувофиқ, шахснинг меҳнат қи­лиш ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилмаган бўлса ёхуд шахс қа­бул қилинган қарорга рози бўл­маса, у тегишли талаб би­лан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шу ўринда фикримизни Самарқанд вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инс­танциясининг очиқ суд мажлисида кўрилган бир фуқаролик иши мисолида давом эттирамиз.

Даъвогар Б. Атамуродов судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, вилоят Ички ишлар бошқармасининг 2012 йил 12 январдаги 1-сонли ва 2012 йил 10 апрелдаги 14-сонли буйруқларини ғайриқонуний деб топиш ҳамда Пахтачи тумани бўйича ҳу­қуқ­бу­зарликларнинг олдини олиш гуруҳи, милиция таянч пунктлари профилактика инс­пек­тори лавозимига хизматга — ишга тиклашни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 16 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган. Б. Атамуродовни Ички ишлар идораларидан хизматдан бўшатиш ҳақидаги буйруқлар ғайриқонуний деб топилган, унинг Пахтачи тумани бўйича ҳу­қуқ­бузарликларнинг олдини олиш гуруҳи, милиция таянч пунктлари профилактика инс­пектори лавозимига ишга тикланиши ҳам­да вилоят Ич­ки ишлар бош­қар­масидан давлат фойдасига 490 минг сум миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари томонидан келтирилган апелляция шикоятида ҳал қилув қа­рорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини рад қилиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Апелляция инстанцияси суди иш ҳолатларини ўрганиб чиқиб, шикоятда келтирилган важлар суд қарорини бекор қилишга асос бўлмайди, деган тўхтамга келди ва биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.

Шу ўринда нега бундай тўх­тамга келинганини асослаймиз.

Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, вилоят ИИБнинг 2011 йилнинг 25 декабридаги хизмат текшируви ўтказиш ҳақидаги хулосасида Б. Атамурадовнинг фуқаро Ф. Оллоназаров (исм-шарифлар ўзгартирилди) дан тамагирлик йў­ли билан пул олганлиги хизмат текшируви давомида етарли далиллар билан аниқланмаган, шунинг учун ушбу ҳолатга тергов йўли билан аниқлик киритиш ва қонуний кўриб чиқиш учун Пахтачи туман прокуратурасига юборилгани қайд этилган. Шунингдек, Пахтачи туман ИИБ ходимлари шаънига ноўрин фикрлар келиб чиқишига сабабчи бўлгани, шахсий таркиб ўртасидаги муҳитга салбий таъсир қилиши ҳамда туман ИИБ раҳбарияти томонидан хизмат фаолияти давомида салбий тавсифланганлиги, фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқариб, уларнинг шикоят қи­лишига сабабчи бўлганлигини инобатга олиб, Б. Атамурадовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳа­қида хулосага келинган.

Шундан сўнг ушбу хизмат текшируви хулосасига асосан вилоят ИИБнинг 2012 йил 12 январдаги шахсий таркиб бўйича 1-сонли буйруғига кўра, Б. Атамурадов Пахтачи тумани бўйича ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳи, милиция таянч пунктлари профилактика инспектори лавозимидан озод этилиб, бошқарма ихтиёрида қолдирилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2012 йил 20 мартдаги ажримига асосан вилоят ИИБ томонидан 2012 йил 4 апрелда яна хизмат текшируви ўтказилган.

Шу тариқа вилоят ИИБ ихтиёрида бўлган катта лейтенант Б. Атамурадов 2012 йил 10 апрелдаги шахсий таркиб бўйича 14-сонли буйруққа асосан лавозимидан бўшатилган. Мазкур буйруққа вилоят ИИБнинг 2012 йил 4 апрелдаги хизмат текшируви хулосаси ва тақдимнома асос қилиб олинган.

Воқеанинг давоми шундай кечади, даъвогар Б. Атамурадов жиноят ишлари бўйича вилоят судининг 2012 йил 11 октябрдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланиб, уч йил муддатга ички ишлар тизимида масъул мансабдор ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қи­линади ва Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» банди билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинади.

Фақат орадан қарийб ўн йил ўтиб, жиноят ишлари бў­йича вилоят суди апелляция инстанциясиинг 2020 йил 13 майдаги ажрими билан вилоят судининг 2012 йил 11 ок­тябрдаги Б. Атамурадовга нис­батан чиқарилган ҳукми бекор қилинади, у Жиноят процессуал ко­дексининг 83-моддаси 2-бандига асосан айбсиз деб топилиб, оқланади. Б. Атамурадовга реабилитация қилиниши муносабати билан мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Жиноят процессуал кодексининг 304 – 313-моддаларида назарда тутилган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади. Шунингдек, реабилитация қи­линган Б. Атамурадовга ишга тиклаш масаласида иш берувчига мурожаат қилиш, мурожаати рад қилинган тақдирда фуқаролик ишлари бў­йича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги ҳам тушунтирилган.

Ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқу­қидан фойдаланган Б. Атамурадов оқланганлиги сабабли Ички ишлар идораларига хизматга тиклашни сўраб, почта алоқа тармоғи орқали дастлаб ариза билан мурожаат қилган. Аммо унинг аризасига рад жавоби берилган. Шундан сўнг даъвогар даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.

Биз юқорида реабилитация қилинган шахснинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати Жиноят процессуал кодексининг 310 ва 311-моддаларида қатъий белгилаб қўйилганини таъкидлаган эдик. Амалдаги Меҳнат кодексининг 271-моддаси 3-қисми меъёрлари ҳам ишга қайта тиклаш учун муҳим ҳу­қу­қий асос бўлишини қайд этиш жоиз. Гап шундаки, ушбу модданинг 3-қисмида, ғайриқонуний равишда судланганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилиши муносабати билан ишдан (лавозимдан) четлатилган ходимга аввалги иши (лавозими) берилиши лозим, бунинг имконияти бўл­маганда эса, (корхона тугатилганлиги, штатлар қисқарганлиги) ёки ишга (лавозимга) тиклаш учун монелик қилувчи қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлган тақдирда, унга аввалги ишига (лавозимига) тенг бошқа иш (лавозим) берилиши керак, дея бел­гиланган.

Апелляция судлов ҳайъати биринчи босқич суди Б. Атамурадовни хизматдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқлар ғайриқонуний чиқарилгани ўз тасдиғини топгани, жи­ноят­ ишлари бўйича суднинг ажримига асосан у оқлангани ва унинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши, даъвогарнинг ҳаракатларида ички ишлар идораларида ишлашга тўс­қинлик қилувчи бирон-бир ҳолат мавжуд эмаслигини инобатга олиб, даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида тўғри ва қонуний хулосага келган деб ҳисоблади.

Шу боис апелляция судлов ҳайъати даъвогар Б. Атамурадовнинг жавобгар вилоят Ички ишлар бошқармасига нисбатан буйруқни ғайриқонуний деб топиш ва ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 16 февралдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳақи­қат ва адолатни қарор топтиришдек масъулиятли вазифа мустақил суд ҳокимиятининг зиммасига юклатилган. Гувоҳи бўлганингиздек, реабилитация қилинган шахснинг суд тартибида ишга қайта тиклангани қонунларимизнинг инсонпарварлик ва одиллик тамойиллари билан йўғрилганлиги натижасидир. Бу эса, фуқароларнинг мустақил суд ҳокимиятига, одил судловга, қо­нунларимизнинг адолатлилигига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

 

 

Зафар АЛЛАБОЕВ,

Самарқанд вилояти суди раисининг

 фуқаролик ишлари бўйича ўринбосари,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: