МЕҲНАТ ВА ИЖРО ИНТИЗОМИ ИШ ФАОЛИЯТИНИНГ УСТУВОР ТАЛАБИДИР

Мамлакатимизда мажбурий меҳнат қонун асосида тақиқланган. Бироқ айрим ҳолларда бунга йўл қўяётган раҳбарлар учраётгани ачинарли, албатта.

Қуйидаги мисол шу ҳақ­да.

А. Саидов (исм-шариф ўз­гартирилган) Бухоро вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг тегишли буй­руғи билан туман болалар-ўсмирлар спорт мактабига 3 ой синов муддат билан ишга қабул қилинган.

А. Саидовга мактаб ходимларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйгани ҳам­да хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашгани учун «ҳайфсан», шунингдек, мактабда меъёрий ҳужжатларни юритишда қа­тор камчиликларга йўл қўй­гани учун ўртача иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдоридаги «жарима» интизомий жазолари та­йинланган.

Мазкур интизомий жа­зони қўллаш ҳақидаги буйруқлардан норози бўлган А. Саидов судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Суд муҳокамасида аниқ­ланишича, А. Саидов мансабдор шахс бўла туриб, ўзига юклатилган вазифани лозим даражада бажармагани, 2020 йил­ 18 июнь куни соат 9:00 дан 11:30 га қадар 15 нафар мураббийни асосий базада, 27 нафар мураббийни биринчи базада ободонлаштириш ишларига жалб қилгани ҳо­лати бўйича меҳнат инспекциясининг 2020 йил 19 июндаги 396-сонли қа­­­рори билан базавий ҳи­соблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилган. Бундан ташқари бошқарма бошлиғи томонидан А. Саидовга 2020 йил 19 июнда «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

2020 йил 25-26 июнь кунлари бошқарма ишчи гуруҳи спорт мактаби мураббийлари мурожаатига асосан ўрганиш ўт­казганда ушбу муассасада меҳнат биржасига ҳи­соботлар нотўғри бериб келиниб, мавжуд иш ўринлари яширилгани, 2020 йил январь-февраль ойлари учун берилган мукофотлар бўйича тайёрланган йиғилиш баённомалари имзоланмагани, ходимларнинг иш фаолия­тида йўл қўйган камчиликлари бўйича директор номига ёзилган тушунтириш ха­ти ва айрим му­раббий­лар­нинг ҳозирга қадар ишга қабул қилиш ҳақи­даги буйруқлари рас­мийлаштирилмагани маълум бўлади.

Бундан ташқари ўрганишда машғулотлар жадвали ҳукумат қа­рори талаблари асосида ишлаб чи­қил­магани, мураббийлар табели нотўғ­ри юритилгани, спортдаги натижалари ва иш соатлари ўз­гарган мураббийлар учун қў­шим­ча тарификациялар ишлаб чиқилмагани, мактаб спортчиларига разряд бериш тартиби йўл­га қўйилмагани, спортчиларнинг аксарияти тиббий кўрикдан ўтмагани, рағбатлантириш пуллари ортиқча тўлангани, директор ўринбосарига моддий жавобгарлик буйруғи тайёрланмагани, моддий товар бойликларини юри­тиш китоби юритилмагани, айрим ходимларга қисқартирилган соатдан ҳам кўпроқ соатлар қўшилгани каби бир қа­тор камчиликлар ҳам аниқланган.

Ўрганиш натижалари асосида А. Саидовга 2020 йил 2 июлда ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида «жарима» интизомий жазо чораси қўлланилган.

Суд мажлисида даъвогарнинг важлари ўз исботини топмади. Чунки А. Саидовга қўлланилган 2 та интизомий жазо чоралари ҳам Меҳнат кодекси ва бошқарма локал ҳужжати ҳисобланган 2018-2020 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси қоидаларига асосан ўз муддатида қўлланилган.

Баён этилган ҳолатлардан кўринадики, иш берувчи интизомиий жазо қўллашда А. Саи­­дов томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳа­ракатнинг қай даражада оғир экани, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, унинг олдинги иши ва хулқ-атворини ҳи­­­собга олган. Қолаверса, 2020 йил 5 ноябрда туман ҳокими 08/32-сонли хат орқали А. Саидовнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик мурожаатлари кўпайгани сабабли унга ҳокимлик ишончсизлик билдиришини маълум қилган.

Суд иш ҳолатлари ва қо­нун талабларидан келиб чиқиб, А. Саидовнинг даъво аризасини рад этиш ҳа­­қида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун талабларига қатъий риоя қи­линган жойда ортиқча шикоятбозликка ҳожат қолмайди. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.

 

 

Ферузжон ЁДГОРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Бухоро туманлараро суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: