МАҲАЛЛИЙ ИНВЕСТОРНИНГ ҲУҚУҚИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА ТИКЛАНДИ

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ҳам хорижий, ҳам маҳаллий инвесторлар эркин фаолият юритиши, иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида уларнинг ўрни беқиёс.

Айтиш керакки, инвесторларнинг ҳақ-ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда судлар ҳам муҳим ўрин тутади.

Қуйида суд амалиётидан келтирилган мисол ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Гап шундаки, Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бош­қармаси жиддий асос ва теран таҳлилсиз, масаланинг моҳиятини чуқур ўр­ганмаган ҳол­да маҳаллий ин­вес­торни анча овора қилди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, аслида қандай во­қеа рўй берганди? Маҳаллий инвестор нега овора бўлди?

Аниқланишича, Бешариқ туманида яшовчи Элнур Маъруфов 2020 йил 20 январь куни Давлат активларини бош­қа­риш агентлиги Фарғона вилоя­ти ҳудудий бошқармаси ва ба­ланс­да сақловчи — Бешариқ туман ҳокимлиги ўр­тасида уч томонлама имзоланган 10-сонли олди-сотди шарт­но­масига асосан туманнинг Бахмал қишлоғида жойлашган собиқ «Оталар чойхонаси» биносини 12 ой муддатда 100 миллион сўм инвес­тиция киритиш ва 4 тадан кам бўлмаган янги иш ўринлари яратиш мажбурияти билан 30 миллион 306 минг сўмга сотиб олган.

Шартномага асосан, Э. Маъруфов объектга 2020 йилнинг иккинчи чорагида 30 миллион сўм, учинчи чоракда 35 миллион сўм, йилнинг тўртинчи чорагида 35 миллион сўм инвестиция киритиши, қў­шимча бинолар қуриши, ободонлаштириш ишларини амалга ошириши белгиланган. Маҳаллий инвестор ишни бинони реконструкция қилиш ва ҳудудни ободонлаштиришдан бошлаган. Реконструкция ва бошқа бунёдкорлик ишлари амалга оширилгач, Фарғона вилояти Ер тузиш ва кўч­мас мулк кадастри давлат корхонаси Бешариқ тумани филиали 2021 йил 8 апрель куни реконструкция қилинган бино-иншоотни фойдаланишга қа­бул қилиб олган ва бу ҳақи­да 144-сонли далолатнома расмийлаштирилган. Шундан сўнг инвестор объектга 144 миллион 600 минг сўм инвестиция киритиб, 4 та янги иш ўрни ҳам яратган. Буни масъулияти чекланган жамия­ти шаклидаги «AUDIRES» ау­диторлик ташкилоти томонидан 2021 йил май ойида ўтказилган текширув хулосаси ҳам тасдиқлайди. Янги иш ўринлари яратилгани тўғрисида Бешариқ тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг 24/05-01/06-239-сонли маълумотномаси ҳам мавжуд. Яъни Элнур Маъруфов 2021 йилнинг апрель ойида кечикиб бўлса-да, зиммасидаги инвестиция мажбуриятларини бажарган.

Аммо бунга қарамай Давлат активларини бошқариш агент­лиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси Ўзбе­кис­тон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, юқоридаги олди-сотди шартномасини бекор қилиш ва инвестордан 15 000 000 сўм жарима ундиришни сўраган. Суднинг 2021 йил 2 августдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво тўлиқ қаноатлантирилган. Бироқ инвестор суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Фарғона вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти билан мурожаат қилди.

Апелляция суди мажлисида аён бўлдики, биринчи инс­танция суди иш ҳолатларини тў­лиқ ўрганмасдан даъво аризасини қа­ноатлан­ти­риш ҳақида барвақт хулосага келган. Қолаверса, суд ҳал қилув қарори қа­бул қи­лишда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги «Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғ­рисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 279-сонли қарори 5-иловаси билан тасдиқланган «Давлат мулки объектларини харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий муносабатлар қабул қилиниши шарти билан «нол» харид қиймати бўйича сотиш тартиби тўғрисда»ги Низомга асосланган.

Ваҳоланки, низо объекти бўлган бино-иншоот ушбу қарорнинг 4-иловаси билан тасдиқланган «Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғ­рисида»ги Низомга асосан 30 306 731 сўмга инвес­тиция киритиш шарти билан сотилган.

Тўғри, тарафлар ўртасида имзоланган шартноманинг 6.5-бандида агар харидор томонидан ҳеч қандай моддий ҳис­са бўлмаган тақдирда унга нисбатан олинган инвестиция мажбуриятлари қийматининг 15 фоизи миқдорида жарима санкциялари қўлланилиши белгиланган. Аммо Э. Маъруфов 2021 йил 23 январь куни қисман, 2021 йилнинг апрель ойида эса, тўлиқ инвестиция киритиб, мажбуриятини бажарган. Бу ҳолат даъвогар томонидан расмийлаштирилган далолатномада ҳам ўз ифодасини топган.

Айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодекснинг 279-моддасига биноан, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тў­лиқ аниқланмагани, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмагани, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилгани ёхуд нотўғри қўлланилгани биринчи инс­танция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қи­лиш учун асос бўлади.

Апелляция инстанцияси суди ана шундай ҳуқуқий асосларга таяниб, Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 2 августдаги ҳал қилув қарорини бекор қилди ва ушбу иш бў­йича янги қарор қабул қил­ди.

Яъни даъвогарнинг даъво талаблари рад этилди.

Шу тариқа адолат қарор топди. Маҳаллий инвесторнинг бузилган ҳуқуқи тикланди, унинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйилди.

Зеро, қонун ҳалол тадбиркорни ҳамиша қўллаб-қувватлайди.

 

 

Иброҳим ТУРСУНОВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: