МАЪНАВИЙ ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ: ТАРИХИЙ ТАЖРИБА ВА АМАЛИЁТ

Маълумки, шаън ва қадр-қиммат инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари ҳисобланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида барча инсонларнинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз эканлиги кафолатланган.

1966 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган  Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳу­қуқлар, Фуқаролик ва сиёсий ҳу­қуқлар тўғрисидаги пактларда хавф­сиз ва гигиена талабларига мос шароитда меҳнат қилиш, яшаш жойининг дахлсизлиги ва ёзишмаларнинг сир сақланиши, эркин фикрлаш ва диний эъ­тиқод эркинлиги, эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи каби бир қатор муҳим ҳуқуқлар ўз ифодасини топган.

Маънавий зиённи қоплаш институти ана шундай ҳуқуқларнинг таркибий қисмидир. Тарихи қадим давр­ларга бо­­риб тақаладиган ушбу ҳуқуқий инс­титут қоидалари дастлаб товон тўлаш тўғрисидаги даъволар шаклида бўл­ган. Масалан, жиноят содир этган шахс­га жазо тайинлашда жабрланувчининг хоҳиш-иродаси инобатга олинган. Жабр­ланувчи айб­дор шахсни жазолаш ҳуқуқига эга бўлган, аммо тарафларнинг товон тўлаш эвазига келишиши ҳолатлари ҳам учраб турган.

Қадимги Рим давлатида ишлаб чи­қилган «XII жадвал» қонунларида жабр­ланувчига товон тў­лаш тартиби жорий қилинган. Ўша даврдан бошлаб қотиллик, тан жароҳати етказиш ва ҳақорат қи­лиш натижасида жабрланувчига етказилган маънавий зиён учун товон тўлаш ҳуқуқи белгиланган.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбе­кис­тон ҳудудларида ҳам содир этилган жиноят­ учун товон тўлангани тўғ­рисида тарихда қизиқарли маълумотлар кўп. Эрамиздан аввалги VII-VI асрларда Ўр­та Осиё ва Эрон ҳудудларида кенг тар­қалган зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлган «Авесто»да ёмонлик ва яхшилик тушунчалари, қандай ҳа­ракатлар жи­ноят­ экани ва ушбу содир этилган жиноятларга бериладиган жазо турлари қайд этилган.

«Авесто»да бешта са­наб ўтилган жиноятлардан ташқари барча жиноятлар учун товон тўлаш мумкин бўл­ган. Бундан ташқари айрим жиноятлар учун товон тўлашдан ташқари ҳуқуқбузарнинг чин кўнгилдан пушаймон бў­либ тавба қилгани ёки зардуштийлик динини қабул қилгани учун жиноий жавобгарлик ва жа­зодан озод қилиш билан ҳуқуқбузарларга енгилликлар берилган.

VIII асрдан Ўрта Осиёда ислом дини кириб келиши билан жамиятдаги муносабатлар шариат асосида тартибга солинган.

Ислом ҳу­қуқида ҳам жабр­ланувчи жиноят содир этган шахсни жазолаши ёки ундан товон олиши ёхуд уни кечиришга ҳақли экани қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, шариат қоидаларида жазо меъё­ри содир қилинган қилмишга тўлиқ мос келиши кераклиги талаб этилади.

Жазо турлари тўс­­қин­­лик қилувчи (ҳад), қасос олувчи (қа­сос, дия, каффора, меросдан маҳрум қилиш) ва огоҳлантирувчи (таъ­зир)­ дан иборат бўлган.

Шариатда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун тўланадиган товон «дия» деб аталган. Диянинг миқ­­дори ва шакли қози томонидан бел­гиланса-да, бироқ тарафлар бу масалада хусусий келишувга эришиши мумкин бўлган.

Кўриниб турганидек, моддий ва маънавий зиённи қоплаш давлатчилик пайдо бўлганидан бери ҳуқуқ олдидаги муҳим масалалардан бў­либ келмоқда. Бу бағрикенглик ва ярашув институтларининг туб илдизи қадим замонларга бориб тақалишидан далолатдир.

Мамлакатимизда маънавий зиённи қоплаш билан боғлиқ қоидалар илк марта 1997 йил 1 мартда Фуқаролик ко­дексига киритилган бўлиб, айни вақт­да бу масала қизғин баҳс ва мунозаралар билан ўрганилаётган ўзига хос йўналишга айланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, маънавий зарарнинг қопланиши азалдан ижтимоий адолатни таъминлашга ёрдам берган. Ҳозирги вақтда маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган маънавий азобларнинг хусусиятига қараб суд томонидан аниқланаётгани фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларни тиклаши баробарида жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

 

 

Лола Саидова,

Судьялар олий мактаби

 тингловчиси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: