МАЪМУРИЙ СУД ТАКОМИЛИ: ДАЛИЛЛАР ЙИҒИШ МАЖБУРИЯТИ, ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ ВА СУД ЖАРИМАСИ

Бугунги кунда мамлакатимиз суд тизимида одил судловни амалга оширишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бу жараёнда жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Олий суднинг расмий веб-сайтида барча суд қарорлари доимий равишда эълон қилинмоқда, судьялар ўз қарорларининг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириб бермоқда, суд раислари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари билан брифинглар ўтказаётир.

Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судлар, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақи­қий ҳимоя­чисига айлантириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш ҳамда давлат органлари томонидан суд қа­рорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан меха­низм­ларини жорий этиш мақсадида 2022 йил 29 январда «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Эндиликда ушбу қарорга мувофиқ, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш назарда тутилмоқда.

Яна бир муҳим янгилик шуки, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш, тарафларга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, низолашаётган иш бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилмоқда.

Энг муҳими, келгусида суд ҳужжати ижро қилинмаса, бунга жавобгар бўлган давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш амалиёти йўлга қўйилади. Бу суд ҳужжатларини ўз вақтида ижро этишга имкон яратади.

Бундан ташқари одамлар овора бўл­маслиги учун ҳар қандай мурожаат (ариза, даъво ариза, шикоят) қайтарилмайди. Улар ваколатли судга кў­риб чиқиш учун ўтказилади. Бошқа­ча айтганда, ҳар бир мурожаат кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилади. Бу мурожаатларнинг сонини камайтириши баробарида аҳолига қулайлик яратиш орқа­ли уларни рози қилиб, одил судловнинг сифатини оширишга ҳисса қўшади.

 

Зафар КАРИМОВ,

Самарқанд туманлараро

маъмурий суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: