МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ, АСОСЛИЛИГИ ВА АДОЛАТЛИЛИГИНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН

Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Тарихимизда илк маротаба давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят­ қи­лиш борасидаги конституциявий ҳу­қуқни амалга оширишни таъминлаш мақсадида, Ўз­бе­кистон Республикаси Олий судида маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман, шаҳарларда маъмурий судлар ташкил этилди. Бу тизим қисқа муддатларда ўз натижасини бера бошлади.

Мисол учун 2019-2020 йиллар давомида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 31 минг 322 та ариза кўрилиб, улардан 21 минг 272 таси ёки 68 фоизи қаноатлантирилган. Шу жумладан, ҳокимларнинг 2 минг 852 та қарори ҳақиқий эмас, деб то­пилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармони қабул қилиниши суд-ҳу­қуқ­ исло­ҳат­ларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун куни кеча тегишли қодексларга қўшимча ва ўз­гартиришлар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди.

Мазкур қонунлар, Олий суд томонидан халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, соҳа мутахассислари, олимлар ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаларини тайёрлашда Германия, Франция, Латвия, Венгрия, Италия, Япония, Канада, Жанубий Корея, Чехия, Польша каби бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси эътиборга олинган. Хусусан, қабул қилинган «Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­рисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қо­нун суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кў­риб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга хизмат қилади.

Янги қонун фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш ҳуқуқий асослари ва процессуал тартибини белгилашни назарда тутади.

Холислик нуқтаи-назаридан шуни таъкидлаш керакки, бунгача амалда бўлган назорат инстанцияси тизими суд ишларининг йиллаб ўз ечимини топмасдан, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келган. Шу билан бирга, аввалги назорат инстанцияси тизими халқаро стандартларга ҳам мос келмас эди. Жумладан, қонуний кучга кирган суд қарорларини бир неча марта қайта кўриш имконияти мавжуд бўлиб, бу эса:

суд қарорларининг ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик принципини бузилишига;

манфаатдор шахслар суд ишидаги мавҳумлик ҳолатидан бир неча йиллар азият чекишга;

охир-оқибат суд ҳокимиятининг обрў-эътиборига путур етказиб, нафақат суд процесси иштирокчиларида, балки кенг жамоатчиликда судларга нисбатан салбий муносабат, шунингдек, ҳуқуқий тизимга нисбатан ишончсизликни юзага келтирарди.

Давлатимиз раҳбари томонидан «бир суд — бир инстанция» тамойилининг илгари сурилиши суд қарор­лари­ни қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш йўлида айни муддао бўл­­ди. Яъни ушбу тизимни тубдан кў­риб чиқишга асос солди. Унга кўра, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилди. Халқаро стандартларга мос равишда уч босқич­ли суд тизими яратилмоқда.

Биринчи инстанция — туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича — вилоят судлари, апелляция инстанцияси — вилоят даражасидаги судлар, кассация инстанцияси сифатида — Олий суд фаолият олиб боради.

Иккинчи инстанцияда фақат номи билан фарқланувчи иккита босқичнинг, яъни суд қарори қонуний кучга кирмаган ишлар бўйича апелляция, қонуний кучга кирган суд қарорлари бўйича — кассация мавжудлигига барҳам берилди. Халқаро амалиётга мос ягона апелляция босқичи яратилмоқда.

Ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилди. Бунда барча диққат-эътибори суд қарорларининг сифатига қаратилади ҳамда биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинади.

Натижада судларда ишларнинг якуний ечим топмасдан, қайта-қайта кўрилишига, фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларига, айниқса, уларнинг йиллар давомида овора ва сарсон бўлиб, судма-суд юришига барҳам берилади.

Маъмурий ишларни кўриш билан боғлиқ қонунчилигимизга киритилган асосий ўзгартиш ва қўшимчалар қўйидагилардан иборат:

Биринчидан, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихти­сослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш белгиланмоқда.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят­лар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилиши, ўз навбатида, маъмурий судларнинг мустақиллигини таъминлаш, адолатли ва асосли суд қа­рорлари қабул қилишга, давлат бошқа­руви ва бошқа органлар томони­дан турли аралашувларнинг олдини олишга, судлар томонидан қонун устуворлиги ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қў­риқланадиган манфаатлари ҳимоя қи­линишини таъминлашга хизмат қилади.

Иккинчидан, кассация инс­титути қайта ислоҳ этилиши ва назорат инстанцияси тугатилиши муносабати билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдаги назорат инс­танцияси билан боғлиқ моддалар ва барча қоидалар чиқариб ташланди.

Учинчидан, кодексга киритилаётган ўзгартиришларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, илгари ишда иштирок этувчи шахслар суд қарорлари устидан Олий судга назорат тартибида шикоят келтирарди ва уларнинг шикояти Олий суд судьяси томонидан якка тартибда ўрганиб чиқилар эди.

Ши­коят­ни ўрганиш натижасида судья назорат шикоятини Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш ёки назорат шикоятини иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун иш билан бирга, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарар эди.

Назорат шикоятини Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказиш рад этилганда, иш­да иштирок этувчи шахс­лар қуйи суд қарорлари билан бирга, Олий суд судьясининг ушбу ажримидан ҳам норози бўлганда, Олий суд раиси ёки унинг ўринбосарига такроран мурожаат қилиб, ўзларига тегишли ишни Олий суднинг судлов ҳайъатида кўриб, уларнинг важларини эшитишни сўрар эди. Бу эса, тарафларга ортиқча оворагарчиликларни кел­тириб чиқараётган эди.

Эндиликда қонун талабларига жавоб берадиган, суд қарорлари устидан Олий судга берилган ҳар қандай шикоят (протест) тўғридан-тўғри Олий суднинг судлов ҳайъатида кўриб чиқиш ҳақидаги қоида кодексга киритилди.

Уш­бу ўзгартириш суд қарорлари устидан норози бўлиб шикоят (протест) келтирган ҳар қандай шахснинг иши кассация инстанцияси судида ҳеч қандай тўсиқсиз кўрилиб, уларнинг Олий суд инстанциясида, суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқини таъминлайди.

Тўртинчидан, юқори турувчи судга мурожаат қилувчи шахсларга қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида, апелляция шикояти (протести) бериш муддати йигирма кундан бир ойга, кассация шикояти (протести) бериш муддати бир ойдан бир йилгача бўл­ган муддатга ўзгартирилди.

Бешинчидан, илгари апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақи­даги илтимоснома икки ойдан кечиктирмасдан берилиши мумкин эди. Ян­ги қонунда бундай чеклов чиқариб ташланди ва илтимоснома тарафлар томонидан чекланмаган муддатда берилиши мумкинлиги белгиланди.

Кодексга киритилган ушбу ўзгартириш ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд қарорлари устидан апелляция шикояти (протести) келтириш ҳу­қуқи­ни тўлиқ таъминлашга хизмат қилади.

Олтинчидан, инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги инвестициявий низолар, рақобатга оид ишлар маъмурий судлар томонидан кўрилиши белгиланди.

Эндиликда йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ аризаси (шикоят), шунингдек, товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича ариза ва шикоятлари тўғридан-тўғри Олий судга тақдим этилиши мумкин.

Мазкур ўзгартиришлар, ўз навбатида, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олдини олади. Одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга, суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга, инвесторлар ҳу­қуқ­ларининг ишончли суд ҳимоясида бў­лишини таъминлашга, бир сўз билан айтганда, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича хал­қаро рейтинг­ларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.

 

 

Робахон Маҳмудова,

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: