МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ: МУАММО ВА ЕЧИМ

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар маъмурий судга тааллуқлидир.

Давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фао­лият­ни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари судда низо предмети ҳисобланади.

Бундан ташқари маъмурий суд ишларини юритишда маз­кур шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан бир қаторда идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам предмет сифатида эътироф этилади.

Маъмурий суд ишларини юритиш жараёнида аниқлаштирилиши талаб этиладиган тушунчалардан яна бири «маъмурий орган» тушунчасидир.

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига биноан маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви ор­ганлари, маҳаллий ижро этувчи ҳоки­мият­ органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари, шу­нинг­дек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўл­ган бош­қа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлардир.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида давлат бош­қаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар маъмурий орган сифатида қайд этилган.

Ҳозирги кунда маъмурий суд ишларини юритишда маъмурий органлар билан боғлиқ қуйидаги муаммолар мавжуд:

Биринчидан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­ри­сидаги кодекснинг 186-моддаси би­ринчи қисмига кўра, агар ушбу кодекс ёки ўзга қо­нунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий ор­ган, фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бошқариш органи, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсиз­лиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғ­рисида маълум бўл­ган пайт­дан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 150-моддасида умумий даъво муддати уч йил қилиб белгиланган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий суд, бош­қа­­лари фуқаролик ишлари бў­­­­­йи­ча судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.

Аммо ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий суд, бош­қалари иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

Бундан кўринадики, низо маъмурий суд томонидан кў­риладиган бўлса, унда судга мурожаат қилишнинг уч ойлик муддати қўлланилади. Агар қў­­шимча талаб бўлиб, у фуқаролик ишлари бўйича судда кў­риладиган бўлса, унда ўз-ўзидан уч йиллик муддат қўл­ланилади.

Шунингдек, айнан бир хил низо бўйича маъмурий судда талаб шикоят шаклида қабул қилинса, фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси шаклида мурожаат этилади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега маъмурий ва фу­­қаролик судига тааллуқли бўл­­ган талаб фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилади-ю иқтисодий судга тааллуқли талаб билан маъмурий судга тааллуқли талаб бирга кўрилиши мумкин эмас? Бундай номувофиқлик турли чалкашликларни кел­тириб чиқармоқда.

Иккинчидан, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 86-1-моддасига асосан иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган иқтисодий судга ёки бўйсунув тартибида юқо­ри ту­рувчи ор­ганга, мансабдор шахсга ўн кунлик муддатда шикоят берилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ҳолларда давлат ижрочисининг қарори устидан қарор чи­­­­­қарилгани ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда давлат ижрочиси жойлашган ердаги умумий юрисдикция судига ёки бўйсунув тартибида юқо­ри турувчи орган ёки мансабдор шахсга шикоят берилади.

Қолаверса, давлат ижрочисининг қарорига қонунда белгиланган тартибда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.

Ушбу қонун талаби суд ишларини юритишнинг процессуал талабларига мос келмайди. Чунки давлат ижрочисининг ҳар қандай қарори, хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан бериладиган шикоятлар маъмурий судга тааллуқли ҳи­собланади.

Юқорида қайд этилган қо­нун талаби бўйича ҳозирда иқтисодий судлар томонидан берилган ижро варақалари бўйича қўзғатилган ижро иши юзасидан қабул қилинган давлат ижрочисининг қарори юза­сидан иқ­тисодий судларда низолашилаётган бўлса, айнан шу ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан амалга оширилган ҳаракатлар бўйича низолар маъмурий судларда кў­риб чиқилмоқда.

Бундан ташқари ҳозирги кун­да суд тизимида «умумий юрисдикция судлари» мавжуд эмас.

Учинчидан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 276-моддасига мувофиқ ижро варақаси фақат пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича маъмурий судлар томонидан берилади.

Бошқа ажримлар (қарорлар) мажбурий ижрога тақдим этилмайди. Чунки судлар томонидан улар бўйича ижро варақаси берилмайди, шунингдек, маъмурий суднинг ажрими (қарори) ижро ҳужжати ҳи­собланмайди.

Кўриниб турибдики, маъмурий ишлар бўйича суд ҳужжатларининг ижро этилишига тў­сиқ бўлаётган ҳуқуқий коллизия оқибатида кўпгина ҳужжатлар ижро этилмаяпти. Бу ҳол суд ишлари иштирок­чи­ларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зиён етказмоқда.

Маъмурий суд ишларини юритишдаги бундай муаммоларни ҳал этиш учун маъмурий судга мурожаат қилиш муддатини қайта кўриб чиқиш, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларини бир-бирига му­вофиқлаш­ти­риш, «Суд ҳужжатлари ва бош­қа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғ­рисида»ги қо­нуннинг 86-1-моддасини янги таҳрирда қабул қилиб, бунда давлат ижрочисининг ҳар қандай қарори устидан бериладиган шикоятлар маъмурий судга тааллуқли экани ҳақидаги қоидани киритиш талаб этилади. Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юри­тиш тўғрисидаги кодекс­нинг 276-моддасига маъмурий суд томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай мулкий ва номулкий тусдаги ҳал қилув қа­рорлари бўйича иж­ро варақасини бериш ҳа­қидаги қои­дани киритиш мақ­садга мувофиқдир. Бундай ўзгартишлар одил судлов самарадорлигини таъминлаши баробарида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳи­моя қи­лишга янада кенг имкон яратади.

 

 

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: