МАЪМУРИЙ СУДЛАР ҲАҚИҚИЙ ХАЛҚ СУДИ СИФАТИДА ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯЧИСИГА АЙЛАНМОҚДА

Мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш механизмларини яратиш ҳисобланади.

Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг 2017 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўз­бекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мазкур Фармонга асосан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш мақсадида маъмурий судлар ташкил қи­линди.

Маъмурий судлар оммавий-ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли экани белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан фуқароларнинг судга шикоят қи­лиш ҳу­қуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлаш мақсадида Олий суднинг маъмурий ишлар бў­йича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди.

Кейинчалик эса, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳол­да, юртимизда самарали маъмурий одил судлов тизими яратиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Шу асосда туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кў­риб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.

Айни пайтда маъмурий судлар фаолияти давлат ҳо­ки­мияти ва бош­қаруви ор­ганлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида самарали тиклашга қаратилган.

Мисол учун 2019 ва 2020 йиллар мобайнида маъмурий судлар томонидан 31 минг 321 та ариза кўрилган. Шундан 21 минг 272 таси, яъни 68 фоизи қаноатлантирилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилган.

Шу билан бирга, суд амалиёти таҳлили натижасига кўра, давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқи бузилган фуқаронинг аризаси бўйича ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда қуйидагилар аниқланди.

Биринчидан, амалдаги қо­нун ҳужжатларига мувофиқ, оммавий-ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар маъмурий судлар томонидан тарафларнинг тортишуви асосида кўриб чиқилади. Бунда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларга, яъ­ни ҳуқуқи бузилган фуқаро — аризачига ва давлат органи ёки мансабдор шахс — жавобгарга юклатилган.

Мазкур ҳолат фуқаро билан давлат органи ёки мансабдор шахснинг тенгсизлигини кўр­сатмоқда. Чунки фуқаронинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органи ёки мансабдор шахснинг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган ҳисобланади.

Статистик маълумотлар таҳлили Ўзбекистонда ҳар 1 000 нафар фуқарога оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 0,5 та низо тўғри келишини кўрсатмоқда. Бундай низолар Россияда 1 та, Қозо­ғис­тонда 1,4 та, маъмурий суд ривожланган мамлакатларда эса, 2 тадан 5 тагача тўғри келади.

Мазкур рақамлар оммавий-ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларнинг юқори латентлигини кўрсатмоқда. Бундан келиб чиқадики, фуқаролар давлат органлари би­лан муносабатларда ҳуқуқлари бузилганда, айрим ҳолларда маъмурий судга мурожаат қилишмайди.

Мисол учун агар 2018 йилда маъмурий судлар томонидан 17 минг 424 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш кўриб чиқилган бўлса, 2019 йилда бундай ишлар сони 16 минг 255 тани, 2020 йилда 15 минг 66 тани ташкил қилган.

Иккинчидан, амалдаги қо­нун ҳужжатларига мувофиқ, оммавий-ҳу­қу­қий низолар бўйича суд ҳужжатлари ижро қи­лиш учун давлат ор­ганларига юборилади. Ушбу ҳужжатлар бў­йича ижро варақалари берилмайди.

Бунда оммавий-ҳуқуқий низолар бўйича суд ҳужжатларининг давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилиши ҳолати талабга жавоб бермаслиги, уларнинг ижросини таъминлаш устидан таъсирчан назорат тизимининг мавжуд эмаслиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўл­моқда.

Учинчидан, оммавий-ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларда бошқа суд иш юритиш соҳаларида самарали қўлланиб келинаётган институт, яъни тарафларда келишув битимини тузиш ҳуқу­қи мавжуд эмас.

Бу эса, айрим ҳолларда низоларнинг самарали ва адолатли ҳал этилишига тўсқинлик қилмоқда.

Бу ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида алоҳида тўхталиб, эндиликда мансабдор шахсларнинг қа­рор­лари устидан берилган шикоятларни кў­риб чиқиш тизими такомиллаштирилиши, бу борада маъмурий суднинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида унинг ваколатлари янада кенгайтириш зарурлигини қайд этиб ўтди.

Буларнинг барчаси, ўз нав­батида, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни хал­қаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадга мувофиқлигини кўрсатади.

Шу мақсадда «Давлат ор­ганлари билан муносабатларда фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўл­ган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойи­ҳаси­да асосан қуйидагилар назарда тутилмоқда.

Биринчи — маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» принципи асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш, ҳу­қуқи бузилган фуқаро — аризачига эса, далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этиш мажбуриятини юклаш назарда тутилмоқда.

Хорижий тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда маъмурий суд томонидан ўз ташаббуси билан далил йиғиш имконияти Германия, Грузия, Озарбайжон ва Қозоғистон каби давлатларда мавжуд.

Иккинчи — давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлар бўйича суд қарорини ижро қилмаган тақдирда, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда (1 350 000 сўм) суд жаримасини қўллаш таклиф этилмоқда.

Бунда суд қарорини такроран ижро қилмаганлик учун даст­лабки жаримани ўн баравар оширилган миқдорда қўллаш ҳамда жарима қўлланилганлиги суд қарорини ижро қилишдан озод қилмаслиги белгиланмоқда.

Хорижий тажрибада оммавий-ҳуқуқий муносабатлар бў­йича суд қарорини ижро қилмаганлик учун суд жаримасини қўллаш имконияти Озарбайжон, Эстония ва Қозоғистон каби давлатларда мавжуд.

Учинчи — ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг судма-суд овора бўлиб юришининг олдини олиш мақсадида уларга оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган талаб билан бирга сабабий боғланиши бўл­ган зарарни ундириш талабини маъмурий судга билдириш ҳуқу­қи­ни тақдим этиш ҳамда бундай талабларни ҳал этишни маъмурий судлар ваколатларига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Маъмурий суд томонидан зарарни ундириш талабини кўриб чиқиш имконияти Озарбайжон, Литва ва Қозоғистон каби давлатларда мавжуд.

Тўртинчи — оммавий-ҳу­қуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш таклиф қилинмоқда.

Бунда тарафларга бундай тоифадаги ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқу­қи берилади, улар суд томонидан тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда ижрога қаратилади.

Келишувга эришиш жараёнида қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тарафларнинг шахсан иштирокида, улар узрли сабабларга кўра суд мажлисига келмаган ҳолларда эса, фикри олинган ҳолда суд томонидан тасдиқланади.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ярашувга эришиш механизмларини қўллаш имконияти Озарбайжон, Эстония ва Қозоғистон каби давлатларда амалиётга жорий этилган.

Бешинчи — жисмоний ва юридик шахсларга одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2023 йил 1 январдан бошлаб судга мурожаат қилишда «ягона дарча» тартиби жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Бунда:

– даъво аризалари, аризалар ҳам­да шикоятларни судга бевосита топширишдан ташқа­ри давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этиш имконияти яратилади ҳам­да уларни кўриб чиқиш ҳолати фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари томонидан масофадан туриб онлайн тарз­да кузатиб борилади;

– судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қи­лишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш тақиқланади ҳамда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки иш уни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказилади. Бош­қа давлат органи ёки ташкилот ваколатига кирган ҳоллар бундан мустасно.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга ҳамда маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ишончли ҳимоячисига айлантиришга хизмат қилади.

 

 

Шербек Назаров,

Олий суд бўлим бошлиғи

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: