МАШИНА БОЗОРИДАГИ МУШТУМЗЎРЛАР

Ҳар кимнинг ўз орзу-ҳаваси бор. Пешона тери эвазига йиққан маблағига кимдир уй қурсам, дейди, бошқа биров тўй қилишни орзу қилади… Яраш Азимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фирмасига янги, оппоқ “Кобалт” харид қилади. Анчадан бери орзу қилиб юрган машинага эга бўлишнинг қувончи, гашти бошқача бўлади. Эндигина заводдан чиққан бўлишига қарамай, Яраш автомобилини янада мукаммалроқ, кўркамроқ “тойчоқ”қа айлантиришни ният қилади. Бироз рўзғордан орттирган маблағини олади-ю, Сергели машина бозорига қараб йўл олади. 

Яраш бозорга кириши билан қўли кўксида: “Хизматингизга тайёрмиз!” деб турган уста йигитлар ҳам топила қолади. Я. Азимов усталарнинг сертакаллуфлигини кўриб: ”Қандай ажойиб замонлар бўлди-я, пулинг бўлса чангалда шўрва, хориждагилардан ҳам ўтиб кетишди бу усталаримиз, ҳам ишингни қилади, ҳам ширин сўзини аяшмайди”, деб ўйлаган ва “Тарбия берган отангга раҳмат-эй!” деб юборган бўлса ажаб эмас.

Ишқилиб, мижоз Яраш машина ўриндиқларига қоплама ўрнатиш ва орқа ойнасини қорайтириш ниятида келганлигини айтади. Ғилдиракларни алмаштирадиган уста билан хизмат нархини келишади. Ўша пайтда чаққонгина бир йигит: “Ака, орқа ойнангизни ўзим қорайтириб бераман, сиз бемалол бозорни айланиб келаверинг”, дея беминнат хизматини таклиф этади.

Яраш анча вақт бозор айланади, нарх-наво билан танишади. “Уста ўз ишини тугатгандир, хизмат ҳаққи ҳам хомчўтим бўйича унчалик кўп бўлмас. Икки миллионча пулим бор, бемалол етади”, деган ўйлар билан янги машинанинг янада кўзни қувнатадиган ҳолга келишини ўйлаб, ширин хаёллар оғушида машинаси томон юради. Аммо… не кўз билан кўрсин-ки, боягина ял-ял ёниб турган яп-янги машина гўёки сочилиб ётар эди: машина ўриндиқларигача ечиб ташланган! Бирданига Яраш акани ваҳима босди-ю, аммо ғилоф ўрнатиш учун ўриндиқларни ҳам ечиб олишган бўлса керак, дея ўзини-ўзи тинч­лантиради. Кузатиб турса, 5 нафар уста бирпасда 20 нафардан ошди. Улар машина атрофида куймаланишар экан, бу йигитлар жуда аҳил экан, дарров ҳамкасбига ёрдамга келишибди-да, қойил, деб чеккага чиқиб, уларнинг ишни тугатишини кутиб ўтиради…

Бир пайт йигитлар машина эгаси олдига келиб, пул талаб қила бошлашади. Машинанинг у ерини, бу ерини тузатдик, деб туриб олишади. Яраш ҳайрон бўлиб:

– Мен сизларга тузатинглар, демадим-ку, янги машина бўлса, унинг нимасини тузатасизлар? – дейди ва ўзи келишган уста йигитга юзланади: – Булар сен билан келишганми? Сен уларга у-бу қилинглар, дедингми?

– Йўқ, мен ҳеч кимга ҳеч нарса демадим, ҳаммаси ўзбошимчалик билан нималардир қилишди, – дейди уста.

“Ўзбилармон усталар” эса яна иш ҳақи талаб қила бошлашади.

Табиийки, Яраш пули йўқлигини, уларга хизмат айтмаганини, бунинг устига улар ҳеч нарса қилишмаганини, бирон нарсани янгилаган (ҳолбуки, янги машина) бўлса кўрсатишларини талаб қилади, ҳатто ўзи тайинлаганидек, ўриндиқларга ғилоф ҳам қўйилмагани, орқа ойналар ҳам қорайтирилмаганини айтади. “Бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган йигитлар” эса, “Биз қилган иш сизга кўринмайди, уларни сиз кўзингиз билан кўра олмайсиз”, дейишар, “уста”ларнинг бири мен “никель” ёпиштирганман, деса, иккинчиси “ламинат” қилганини иддао қиларди.

Машина эгасининг “Мен ламинат ҳам, никель ҳам ёпиштиринглар, демадим-ку, қани кўрсатинглар “ламинат ва никелни”, деганига эътибор ҳам бермай, дўқ-пўписа қилиб, иш ҳақини талаб қилишарди. Қилмаган ишларига иш ҳақи ҳам отнинг калласидай – нақд 8 миллион 500 минг сўм! Яна АҚШ долларида! Меҳнат қилмаганнинг нон ейишини кўр, дегани шу бўлса керак.

Яраш ёнида бунақа пули йўқлигини айт­­са, улар машинани йиғиб бермасликларини, шундай сочилиб ётаверишини, ўзи ҳам уйи­­га кета олмаслигини айтишади. Қандли диабет ва қон босими касаллиги бўлган Яраш ака бу гапларни эшитиб, соғлиғи ёмонлашади. Мусобақа ўйнашганми – бири-биридан гапдон йигитлар инсофга келиб, унга бир пиё­­ла сув бериб, ўзига келтириб олишади. Машина эгасининг ҳеч бўлмаса бозорга кириб, жиҳозларнинг нархини ўрганиб чиқай, деган таклифини ҳам тинглашмайди, унинг бозорга қайтиб киришига йўл қўйишмайди. Соғлиғи ёмонлашган машина эгасини Али Йўлдошевнинг машинасига ўтқизиб, уйига олиб боришади ва уйидан айтилган пулни олиб чиқишга мажбур қилишади. Бозорга қайтиб, кун кеч бўлиб қолганини, машинани йиғиб беришса кетмоқчилигини айтганида эса бояги пулнинг устига яна 1 200 АҚШ доллари қўшиб беришини сўрашади. На чора, яна уйидан уларнинг машинасида 1 000 доллар олиб келади. “Нега?” дейсизми? Гавдали, тоғни урса талқон қиладиган 20 нафардан ортиқ йигитлар қўлларига бири отвёрка, иккинчиси яна бошқа темир асбоб олиб, дағдаға-пўписа қилиб турса, кетаётганида кимдир қорнига урса, бошқаси орқасидан тепса, ўлимига ишора қилиб туришса – иложи қанча?!

2 000 АҚШ доллари миқдоридаги “иш ҳақи”ни тақсимлаб олишганидан кейин ҳам бу товламачилар тинчишмайди, яна пул ундириш мақсадида уни қўйиб юборишмайди. Қарабсиз-ки, текин даромаднинг мазасини олган зўравонларнинг ишламаган қўли 30 миллион “қўл ҳақи”га эга бўлади-қўяди. Бақир-чақир кучайганидан кейин бозор қоровуллари келиб, бозор ёпилганини, машина эгасини қўйиб юборишларини айтишгач, товламачиларнинг бугунги овига тушган Яраш Азимовдан талаб қилинаётган 600 АҚШ долларини “эртага, албатта, бераман”, деган ваъдасини олгачгина унинг бозордан чиқишига рухсат беришади.

Яраш Азимов тегишли органларга мурожаат қилишга мажбур бўлади.

…Ниҳоят 2021 йилнинг 23 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди ушбу масала юзасидан ҳукм чиқаради. 1994 йилда туғилган, оилали, бир нафар фарзанднинг отаси, Сергели туманида истиқомат қилувчи Али Йўлдошев, 1994 йилда туғилган, 3 нафар фарзанднинг отаси, ўрта махсус маълумотга эга, Сергели-8 даҳасида яшовчи Равшан Мадаминов, 24 ёшли, уйланмаган, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани, Хўжайпак маҳалласида рўйхатда турувчи Шавкат Азизов, 1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилиб, Сергели туманининг 5-даҳасида истиқомат қилувчи, бир нафар фарзанднинг отаси Сайфулла Салимовларнинг Сергели туман суди ҳукмидан норозилиги туфайли келтирилган апелляция шикоятларига кўра, 2022 йилнинг 18 январь куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судланувчиларнинг ҳар бирига тайинланган 3 ва 4 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзгаришсиз қолдирди.

Мустақил юртимизда қонунларимиз адолатли, ҳар бир фуқаро қонун ҳимоясида. Билаги кучга тўлган, вужудидан куч ёғилаётган, ҳар қандай жисмоний меҳнатни дўндириб бажара оладиган, аммо ҳалол меҳнат қилишга бўйинлари ёр бермаётган, ҳеч кимдан тап тортмасдан зўравонлик, товламачилик қилаётган йигитлардан баъзиларининг 3, айримларининг 4 йил умри қамоқда ўтадиган бўлди. Жиноятга жазо муқаррарлигини, қонун барчага баробарлигини унутганлар шундай кўйга тушиши шубҳасиз.

 

 

Ҳамиджон ШАМШИЕВ,

Тошкент шаҳар суди судьяси,

Саодат МАТЁҚУБ қизи

“Adolat” мухбири

 

(“Adolat газетаси,

2022 йил 11 март)

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: