МАХФИЙ КОД «СИРИ» ЁХУД ХОРИЖИЙ ҲАМКОР НЕГА СУДДА ЮТДИ?

Бундан 3 йил муқаддам «URGENCH LEAZING» масъулияти чекланган жамияти томонидан Хитойнинг «Xinjiang ALKANAT import and export trade CO. LTD» компаниясидан 100 минг АҚШ доллари эвазига олиб келинган ва Қўшкўпир туманидаги «SUPERDENT» хусусий савдо-ишлаб чиқариш фирмасига сотилган 2017-UL-рақамли янги рентген ускунаси орадан роппа-роса 60 кун ўтгач, кутилмаганда ишламай қолди.

Бу носозликни бартараф этишга қаратилган уринишларнинг бирортаси самара бермади.

Хорижда ишлаб чиқарилган ва замонавийлиги, мукаммаллиги халқаро миқёс­­­­­­да эътироф қилинган даст­гоҳнинг кутилмаганда ишламай қолиши фавқулодда ҳодиса ҳисобланади. Ам­мо афсуски, шундай ҳо­лат рўй берди.

Энг ёмони, бунинг ортидан «SUPERDENT» хусусий савдо ишлаб чиқариш фирмасининг ишлари чаппасига кетди. Фирма раҳбарининг носозликни бартараф этиш ёки ускуна учун тўланган пулни қайтариш бўйича «URGENCH LEAZING» корхонасига қилган мурожаатлари натижа бермади. Иш судда якун топди. Яроқсиз ускуна учун тўланган пул суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ эгасига қайтарилди.

Шу билан тарафлар ўртасидаги низо барҳам топди. Аммо ҳақиқий можаро ҳа­ли олдинда, якунланган суд жараёни унинг бошланІич жараёни эди, холос.

Орадан бир неча ой вақт ўтгач, Хитойнинг «Xinjiang ALKANAT CO. LTD» компанияси 2018 йил 1 мартда «URGENCH LEAZING» корхонаси билан тузилган 1-сонли қўшимча келишувнинг 1, 3, 4 ва 5-бандларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда мазкур корхонага етказиб берилган янги рентген ускунаси учун тўланмай келаётгган 59 минг АҚШ доллари миқдоридаги асосий қарз ҳамда 29 минг 500 АҚШ долларлик пеня тўловини ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритди.

 

Суд муҳокамасида 2017 йилнинг 25 январида «Xinjiang ALKANAT CO. LTD» компанияси ва «URGENCH LEAZING» масъу­лияти чекланган жамияти ўртасида қиймати 100 минг АҚШ долларига тенг бўл­ган рентген ускунаси олди-сотди шарт­номаси имзолангани ва харидор 41 минг доллар ҳажмидаги тўловни амалга оширгани, бироқ 59 минг доллар миқдоридаги қарз тўланмагани, шундай бўлса-да, буюртмачига тиббий ускуна етказиб берилгани, ўз навбатида, у буюртмачи томонидан «SUPERDENT» хусусий фирмасига сотилгани маълум бўлди. Хитой компанияси раҳбари А. Абдулайте сотилган рентген ускунасининг ишламай қолиши билан боғлиқ ҳолатни изоҳлар экан, шундай воқеа содир бўлишини олиндан билганини маълум қилди. Бироқ савдодаги шеригини чув туширмагани, яроқсиз ускунани атай сотмаганини билдирди.

Аниқланишича, 2018 йилнинг 1 март куни «URGENCH LEAZING» масъулияти чекланган жамияти «Xinjiang ALKANAT CO. LTD» компаниясига 2017 йил 25 январда расмийлаштирилган асосий шартномага қўшимча равишда 1-сонли келишув битими имзолаш ҳақи­даги таклифни билдирган. Ушбу келишувда асосий шартномада қайд қилинган 100 минг АҚШ долларига тенг бўлган савдо-сотиқ доирасини яна кенгайтириш ва умумий қиймати 93 минг АҚШ долларига тенг бўлган турли рентген жиҳозларини сотиб олиш, шундан 23 минг АҚШ долларини 30, қолган 71 минг АҚШ долларини 90 иш кунида тўлаш, баҳс­ли ҳолатларни музокара йўли билан ҳал этиш ва асосий шартномани шу ҳақдаги 1, 3, 4 ва 5-бандлар билан тўлдириш кўзда тутилган.

Хорижий компания ўзбекистонлик ҳамкорининг таклифини қабул қилган ва битимни имзолаган. Бироқ «URGENCH LEAZING» масъулияти чекланган жамияти келишув битимини имзоламаган. Натижада 93 минг АҚШ долларига баҳоланган рент­ген жиҳозларини етказиб бериш борасидаги ишлар ора йўлда қолган. Бу эса, тарафлар ўр­тасида низо келиб чиқишига сабаб бўлди.

Суд «SUPERDENT» фирмасини мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида муҳокама жараёнига жалб қилди. Ана шунда фирмага сотилган рентген ускунасининг 2 ойдан сўнг ишдан чиқиш сабаби ҳам аниқ бўлди.

Хорижий компания шартномага асосан рентген мосламаси етказиб берилгани, лекин ўрнатиш вақтида унга автоматик ўчирувчи махсус код қўйилганини, бу 59 минг АҚШ долларилик қарздорликни белгиланган муддатда қопланмаган тақдирда 60 кундан сўнг амалга оширилганини баён қилди.

Бошқача айт­ганда, 59 минг АҚШ доллари миқдоридаги қарздорлик шартномада кўр­сатилган муддатда бартараф қилинмагани боис ускуна автоматик тарзда кодланиб қолган.

Бундан бехабар «URGENCH LEAZING» корхонаси қўшимча келишувни имзолашни рад қилган ва хорижий ҳамкорини қаллобликда айблаган.

Шу ўринда тарафлар ўртасида тузилган шартномага эътибор қаратсак, унда сотувчи харид қилинган молни етказиб бериш, олувчи эса, унинг ҳақини белгиланган ҳажм ҳамда муддатда тўлаш мажбуриятини олган.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбу­рият­ шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бош­қа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Ушбу кодекснинг 116-моддасида қайд этилишича, қонун талабларига мувофиқ келмайдиган, шу­нинг­дек, ҳу­қуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳа­қиқий эмас, деб ҳисобланади. Бундан ташқари алдаш, зўрлик, қўр­қитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъ­сирида тузилган, шунингдек, фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса, бундан фойдаланиб қолган битим (асоратли битим) ҳам жабрланувчининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақи­қий эмас, деб топилиши мумкин.

Суд мазкур қонун талабларига таянган ҳолда 2017 йил 25 январда тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномасини «URGENCH LEAZING» маъсулияти чекланган жамияти тўлиқ бажармаганини эътироф этди ва ундан хорижий компания фойдасига 59 минг АҚШ доллари миқдоридаги асосий қарз, 8 минг 850 АҚШ доллари миқдорида пеня ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди. Бундан ташқари тарафлар ўртасида 2018 йил 1 мартда тузилган 1-сонли қў­шимча келишувнинг 1, 3, 4 ва 5-бандлари ҳам ҳа­­қиқий эмас, деб топилди. Жа­вобгар тараф 10,6 миллион сўмлик давлат божини ҳам тўлайдиган бўлди.

Шу тариқа шартномавий мажбуриятини ўз вақтида ба­жар­маслик «URGENCH LEAZING» корхонасига қимматга тушди. Хорижий шериги олдида юзи шувут бўлгани янада афсусланарли. Чунки обрў-эътибор, ўзаро ишонч ҳамма нарсадан устун. Шу боис ҳамкорлик муносабатларида бу омилларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

 

 

Илёс Тешаев,

Хоразм вилояти суди

раиси ўринбосари

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: