МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ОҚИБАТИ ЁКИ ҚОНУН ҲАММАГА БАРОБАР

Ҳеч кимга сир эмаски, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг ўрни жуда муҳимдир. Кейинги йилларда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари асосида юридик хизмат соҳаси тубдан такомиллаштирилиб, соҳа ходимларининг мавқеи, манфаатдорлиги ва масъулияти оширилди.

Бундан кўзланган мақсад — давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Қолаверса, ҳу­қу­қий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ҳам­да фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади.

Бироқ айрим юридик хизмат ходимлари зиммасидаги вазифаларга лоқайд ва масъулиятсизлик билан ён­дошаётгани, қонунбузилиш ҳолатига йўл қўяётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бундай салбий ҳо­лат­ларни судда кўрилган қуйидаги иш­лар ҳам тасдиқлайди.

Маълум бўлишича, Жондор туманидаги «Ботиржон» фермер хўжалиги ва «Қоракўлдонмаҳсулотлари» акциядорлик жамияти ўртасида 2021 йил 20 майдаги бошоқли дон харид қи­лиш бўйича шартномани расмийлаштириш жараёнида шартнома лойи­ҳасига маҳсулот миқдори, нархи ва умумий суммаси ҳақидаги ёзувлар киритилмай қолган. Натижада жиддий қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган.

Мазкур қонунбузилиши ҳолатларига шартнома тузиш учун масъул бўлган юрисконсульт Л. Мамиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва бош­қа масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараши натижасида йўл қўйилган. Бунинг оқи­батида тарафлар ўртасида шартномага асосан етиштирилган буғдой маҳсулотининг нархи бўйича низо келиб чиққан ва фермер хў­жалиги судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Шунингдек, «Бухоро-Агро эркин иқтисодий зона дирекцияси» давлат унитар корхонаси ва «Бекзод Фур­қат саховати» фермер хўжалиги ўртасида 2019 йил 10 апрелда тузилган «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвес­тициялашни амалга ошириш тўғрисидаги шартнома фермер хўжалиги раҳбари Н. Қўшаева томонидан эмас, балки унинг ўғли Б. Нарзуллаев томонидан имзоланган. Бу ҳам тарафлар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлган.

Айтиш керакки, иқтисодий судлар томонидан қайд этилган қонун бузилиш ҳолатларини муҳокама қилиш, келгусида бундай ҳо­латларни такрорламаслик ва юрисконсульт ходимларнинг масъулиятини оширишга қа­ратилган чо­ра-тадбирлар белгилаш мақсадида хусусий ажримлар чиқарилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун талабларига қатъий риоя этиш, ўз вазифасини масъулият билан бажариш ҳар қандай ишни олға силжитиши баробарида турли низо ва оворагарчиликлар келиб чиқишининг олдини олади. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.

 

 

Илҳом Юлдашев,

Бухоро вилояти суди судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: