МАНСАБДОР ШАХСЛАР ФАОЛИЯТИ ҚОНУНИЙЛИГИ

Бутун дунёда давлат бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низоларни ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари қонунийлиги устидан суд назоратини таъминлашнинг энг демократик механизми маъмурий судлар ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди.

Давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятлар маъмурий суд томонидан ҳал этилишининг бир қатор ижобий жиҳатлари мавжуд. Хусусан, шикоятлар қатъий белгиланган процессуал тартиб-қоидалар асосида холис, ошкора, тортишувчилик тамойиллари асосида кўриб чиқилди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­нинг 26-моддасига мувофиқ, маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳу­қуқ­лари, эркинликлари ва қо­ну­ний манфаатларини ҳи­моя қи­лиш тўғрисидаги ҳамда маъмурий ва бошқа оммавий-ҳу­қуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир (Конституциявий суд, фу­қаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар бундан мустасно).

Маъмурий судлар фуқаролар ҳамда юридик шахс­ларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғ­риси­даги маъмурий ишларни кў­риб чиқишга ихтисослашган.

Маъмурий судларда кўриладиган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, бир тарафдан — фуқаролар ва юридик шахслар, бошқа тарафдан — давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўртасидаги ҳуқуқий низолар ҳисобланади. Бунда ҳар бир шахс Конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қи­лиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги ҳамда қарорлари устидан судга ши­коят­ қилиш ҳуқу­қини амалга оширади. Жумладан, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар, шунинг­дек, қа­­рорлар устидан берилган ши­коятлар, давлат органи, фуқаролар ўзини ўзи бошқа­риш органининг ҳужжатини ҳа­қи­қий эмас, деб топиш ҳа­қидаги аризалар ҳам маъмурий судларда кўриб чиқилади.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича судларга мурожаат қилиш муддатлари, тартиби, кў­риб чиқилиши Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­рисидаги кодексда аниқ белгилаб қўйилган.

Ўтган уч йилдан ортиқ вақт мобайнида маъмурий судлар ўз ваколатлари доирасида давлат ва фуқаролар ўзини ўзи бош­қариш органлари, шу­­нинг­дек, мансабдор шахс­лар­нинг хатти-ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги, қа­рор­ла­ри устидан берилган ҳам­да оммавий-ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низоларни амалдаги қонун талаби асосида ҳал этиб келмоқда.

Шу ўринда маъмурий ҳуқуқ­бузар­ликлар тўғрисидаги иш­ларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилгани, маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кў­ришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, ви­лоят­лар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилгани ҳам­да Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қо­линганини эслатиб ўтиш жоиз.

Эндиликда маъмурий судларда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, яъни давлат бошқаруви ор­­ганлари, маъмурий-ҳуқу­қий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ор­ганлар ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳу­қуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳа­ракат­лари ё ҳа­ракат­сиз­лиги билан боғлиқ ишлар кўрилади ва ҳал қи­ли­нади.

Масалан, Тошкент ви­лоя­ти ҳамда Нурафшон туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йилнинг ўтган уч ойи давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 340 та маъмурий иш мазмунан кўриб чиқилди. Шундан 178 таси қаноатлантирилди, 90 таси рад қилинди, 33 та­си иш юри­тишдан тугатилди, 39 таси кўр­масдан қолдирилди. Бу кўрсаткич ўтган йил­нинг шу даврига нисбатан 30,1 фоизга ошган.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 191 тасини ёки 56,1 фоизини ҳокимларнинг қа­рорлари­ни ҳа­қи­қий эмас, деб топиш ва ҳокимият вакилларининг ҳаракати ёки ҳа­ракат­сиз­лигини қо­нунга хилоф деб топиш билан боғлиқ ишлар ташкил этади.

Мисол учун Нурафшон туманлараро маъмурий судининг шу йил 2 февралдаги ҳал қи­лув қарорига асосан Д. Очиловнинг Бекобод тумани ҳокимининг 2020 йил 19 де­кабр­даги 1432-сонли қа­рорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғ­рисидаги ши­коя­ти қаноатлантирилган ва Бекобод тумани ҳокимлиги зиммасига маз­­кур қа­рорни «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қо­нунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилган.

Нурафшон туманлараро маъмурий судининг шу йил 19 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, Бўс­тонлиқ тумани ҳо­ки­мининг 2019 йил 14 октябрдаги 7619-сонли қарори ҳа­қи­­қий эмас деб топилган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мансабдор шахсларнинг қонунга қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритиши давлат ва жамият тарққиётида муҳим аҳамиятга эга. Чунки уларнинг хатти-ҳаракати ва қарорлари ижтимоий-сиёсий вазиятга катта таъсир кўрсатади. Улар фаолиятига суд орқали муносабат билдириш эса, ҳу­қуқий-демократик бошқарув тизимининг муҳим шартидир.

 

 

Азизжон ЭРНАЗАРОВ,

Тошкент вилояти

маъмурий суди судьяси

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: