ЛОҚАЙДЛИК ОҚИБАТИ ЁХУД ҚАДР ТОПМАГАН БАҒРИКЕНГЛИК

Ҳар бир ота-она фарзандини ҳар жиҳатдан комил инсон бўлиб вояга етишини истайди. Бироқ бунга яхши истакнинг ўзи билангина эришиб бўлмайди.

Андижонлик Салоҳиддин Анваров (исм-шарифлар ўз­гар­тирилган) коллежни тамомлач, бирор ишнинг бо­ши­ни тутиш ўрнига жиноят кўчасига кирди.

Жумладан, унга 2016 йилда безорилик қилгани учун жарима жазоси тайинланган ва ам­нис­тия актига асосан жазодан озод қилинган. Аммо бу енгилликни ўзгача тушунган Салоҳиддин 2017 йил 26 июлда яна жиноят содир этади. Бу сафар у ўзганинг мулкини талончилик йў­ли билан очиқдан-очиқ талон-торож қилади. Судда унга жазо та­йин­лашда инсонпарварлик тамойили асосида 1 йил синов муддати берилади.

Аммо «Эгрини гўр тузатади» деганларидек, белгиланган синов муддати тугамасдан С. Анваров қасддан баданга ўр­тача оғир шикаст етказиш жиноятини содир этгани учун 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Жазони ижро этиш муассасида ижобий хусу­сият­ларини намоён этгани сабабли ўтган йили озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қи­линди.

Аммо С. Анваров озодликка чиқ­қач, хулқини ўзгарти­риб, фойдали иш билан шуғулланиш ўрнига яна жиноят содир этди.

2020 йилнинг 24 август ку­ни С. Анваров жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан ўзига нотаниш бўлган А. Ҳусниддинов билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашади ва унинг оёғига пичоқ санчиб, енгил тан жароҳати ет­казади.

Сал вақтдан сўнг А. Ҳусниддиновга ёрдам беришга келган Н. Бурҳоновнинг танасига ҳам пичоқ санчади.

Жабрланувчилар шифокорларнинг ўз вақтида кўр­сатган тиббий ёрдами туфайли соғ­лиқла­рини тиклаб олишади.

С. Анваровнинг қилмиши эса, жиноят ишлари бў­йича Андижон шаҳар судида атрофлича кў­риб чиқилди ва унга тайинланган жазоларни қисман қў­шиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари С. Анваровнинг хулқи оиласи, яқин қариндошлари ва маҳалла аъ­золари иштирокида муҳокама қи­лин­магани, унга нисбатан ўз вақтида тегишли чоралар кў­рил­магани сабабли хусусий ажрим чиқарилиб, ижроси Андижон шаҳар ички ишлар ор­ганлари фаолиятини мувофиқлаштириш бош­қар­маси зиммасига юкланди.

С. Анваров қилмишларидан пушаймон бўлса-да, берилган ен­гиллик ва имкониятлардан тўғ­ри хулоса чиқармади. Аксинча, яна қайта жиноятга қўл урди.

Агар ота-онаси, маҳалла ва ич­ки иш­лар идораси масъул ходимлари ўз вақтида унинг юриш-туришни назорат қилганида С. Анваров қайта жиноят содир этмаслиги мумкин эди. Де­мак, лоқайдлик ҳар доим зарар келтиради.

Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.

 

 

Улуғбек Шералиев,

жиноят ишлари бўйича

Андижон шаҳар судининг судьяси,

Икромжон ОрифжОнов,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: