КОРРУПЦИЯ — ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги кунда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу маълумот коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг ҳисоботларида таъкидланган. Шу боис коррупция ва порахўрликни ҳеч иккиланмай “аср вабоси” ва “тараққиёт кушандаси” деб аташ мумкин. Дунёнинг илғор давлатлари коррупцияга қарши жиддий чора-тадбирларни қўллаш билан бир қаторда, халқаро миқёсдаги дастурларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Чунки бу муаммо ҳар қандай давлатда амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида жиддий тўсиқ бўлиб келмоқда. Қайси бир соҳада ривож­ланиш, тараққиёт бўлмаётган экан, унинг асл сабаби коррупцияга бориб тақалади.

Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши жиддий ва кескин кураш олиб борилмоқда. Миллий манфаатларимизни инобатга олган ҳолда амалга оширилаётган бундай изчил сиёсат давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши, халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб боришини таъминлаяпти.

Бугунги кунга қадар респуб­ликамизда коррупцияга қарши қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда, бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Шундай бўлса-да, давлат бошқарувини халқ олдида обрўсизлантирувчи бу иллатга қарши тизимли ва самарали курашиш учун зарур бўлган бир қатор ҳуқуқий чоралар етишмаётган эди. Соҳага оид ҳуқуқий нормаларнинг етарли даражада такомиллашмаган, ҳатто коррупция тушунчаси қонунчиликда аниқ-равшан белгиланмаганди.

Қонунларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар аниқ кўрсатиб ўтилмаганди. Мамлакатимизда бу борада 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ушбу иллатга қарши жадал кураш олиб боришнинг қонуний асосларини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Айнан мазкур қонун билан тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби коррупцияга қарши курашнинг асосий принциплари белгилаб қўйилди. Демак, бу борада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қонун даражасида мустаҳкамланган.

Қонун нормаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Президент қарори билан коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби ҳам тасдиқланган.

Мазкур интилишларни бевосита порахўрликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар сифатида эътироф этиш жоиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, коррупция иллати нафақат пора олиш маъносини беради, унинг тушунчаси кенг бўлиб, мансабдор шахснинг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслиги ва бепарволикка йўл қўйи­­ши ҳам ана шундай салбий ҳолатларга элтувчи йўл ҳисоб­ланади.

Мухтасар қилиб айтганда, айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган.

Фақат юртдошларимиздан огоҳлик ва масъулият талаб этилади, холос.

Улар ҳам ушбу кураш жараёнида ҳамкорликни кучайтиришса коррупциянинг илдизи, албатта, қурийди. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши янада фаровонлашади.

 

 

Дониёрбек Эшчанов,

фуқаролик ишлари бўйича

Шовот туманлар­аро суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: