КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ

Ҳар бир мамлакат эркин ва фаровон жамият қуришга интилар экан, бу йўлдаги улуғвор мақсад ҳамда эзгу истак-интилишларини, аввало, ўз Конституциясида белгилайди. Зеро, Конституциянинг мамлакат тараққиёти, жамият ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти беқиёсдир.

Айни пайтда халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўлмиш Конституциямизнинг 30 йиллик байрами кенг нишонланмоқда.

Ўттиз йил — тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда мамлакатимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, миллий ҳуқуқ ва қонунчилик асослари шакллантирилди.

Конституциямиз мустақиллик даврида амалга оширилган демократик ислоҳотлар ҳамда уларнинг қонунчилик асосларини яратишнинг бош ҳуқуқий асоси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишонч­ли ҳимоя қилишнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни Конс­титуциямиз билан боғлашимиз бежиз эмас. Чунки Асосий қонунда хал­қимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллик ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари бел­­­гилаб берилган.

Конституция ва қонун устуворлиги хусусида сўз борганда, энг аввало, Бош қомусимизда инсон омили, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий мақомга кўтарилганини таъкидлаш лозим. Конституция Муқаддимасининг дастлабки сатрларидаёқ инсон ҳуқуқларига содиқлик тантанали равишда эълон қилинган.

Президентимиз раҳбарлигида «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган давлат сиёсати ҳам Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган.

Инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари айнан адолатли ва холис, кучли ва мустақил суд орқали ҳимоя қилинади.

Сўнгги олти йилда суд тизимига оид 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, тизимни янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар учун кенг ҳуқуқий йўл очди.

Суд процессида тортишувлик принципи ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш ўта зарур. Шу мақсадда судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди.

Суд ишларини юритишда янги институтлар киритилди, мавжудлари такомиллаштирилди. Жумладан, жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилиб, у барча инстанцияларда қўлланадиган бўлди. Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.

Шу нуқтаи назардан, жамиятда адолатни таъминлашда ва фуқароларнинг Конституция ва қонунлар билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлашда суднинг ўрни, суд-ҳуқуқ соҳасида инсонпарварлик тамойили алоҳида муҳим аҳамият касб этади.

Бундан беш йил муқаддам давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахсларини ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар ташкил этилди. Хорижий тажрибага асосланган ҳолда, улар умумюрисдикция судларидан алоҳида фаолият юритиши белгиланди.

Маъмурий судлар кейинчалик янада такомиллаштирилди. Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиб, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, самарали маъмурий одил судлов тизими яратилди.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди. Шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.

Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 29 январда қабул қилинган «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этди. Қарорга асосан маъмурий судлар тизимида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар қабул қилиш тартиби жорий қилинмоқда.

Бунда фуқаролар ва тадбиркорлар оворагарчиликларининг олдини олиш, уларнинг вақт ва ре­сурс­ларини тежаш учун судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмагани сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш тақиқланади.

Янада муҳими, иш фуқаролик, иқ­тисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, аризалар ушбу судлар томонидан қабул қилинади ва тегишли судларга тааллуқлилиги бўйича юборилади.

Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳаси кенгайтирилмоқда. Шу мақсадда қарори, ҳаракати ё ҳаракатсизлиги ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбуриятини уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартиби — «суднинг фаол иштироки» тамойили жорий этилмоқда.

Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбурияти юкланади. Ўз навбатида, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти далилларни йиғишда фақат имконияти доирасида иштирок этишига шароит яратилади.

Суд амалиёти таҳлили маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўрсатди. Жумладан, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган ҳисобланади.

Ушбу ҳолатда маъмурий суд ишларини кўришда суднинг фаол иштироки орқали тарафларнинг тенг имкониятлари таъминланади.

Бундан ташқари амалдаги қо­нун ҳужжатларига мувофиқ, оммавий-ҳуқуқий низоларга тегишли суд ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро варақалари берилмайди. Бунинг устига, фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлашга оид таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас.

Бунинг оқибатида кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатини кўзлаб чиқарилган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолмоқда. Мисол учун биргина 2021 йилда маъмурий судлар томонидан давлат органларига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бў­йича мажбурият юклатилган 55 фоиз қарорларнинг ижро этилгани ҳақида судларга тегишли ахборот берилмаган.

Амалиётдаги бу муаммони бартараф этиш мақсадида мансабдор шахслар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан «ошиб борадиган» тартибда жарима ва бошқа ҳуқуқий чораларни қўллаш тартиби белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан мазкур механизм­ларни амалиётга жорий этиш бў­­йича тегишли қонун қабул қи­линган бўлиб, ҳозирда Сенат томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ушбу ислоҳотлар, шубҳасиз, давлатимиз учун халқ манфаатлари, адолатли суд тизими ва қонун устуворлиги барча нарсадан муҳим эканини яққол намоён этади. Мазкур жараёнда эришилаётган барча ютуқларнинг мустаҳкам ҳу­қуқий пойдевори — Конститу­ция­миз ҳисобланади.

Бугунги шиддатли давр биздан замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этмоқда. Шу боис миллий қонунчилигимизни, энг асосийси, Бош қомусимизни бугунги воқеликка, амалга оширилаётган ислоҳотларимиз руҳига мослаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бу конституциявий янгиланишлар — халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир.

Шу маънода, 2022 йил миллий ҳу­қуқ ва қонунчилик тарихида янги даврни бошлаб берди. Сўнгги йилларда фуқароларимиз томонидан Бош қомусимизни такомиллаштириш бўйича кўплаб фикрлар билдирилди.

Жорий йил 20 май куни Олий Мажлис палаталари Кенгашлари қарори асосида тузилган Конституциявий комиссия томонидан Бош қомусимизни такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган Конс­титуциявий қонун лойиҳасини маромига етказиш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Конституция ва қонун устуворлиги давлат ва жамият тараққиётининг энг муҳим омилидир. Бинобарин, юртимизнинг келажаги, фарзандларимизнинг эртанги куни айнан шу омил билан бевосита боғлиқ.

Буни фуқароларимиз ҳам чуқур англамоқда, улар ислоҳотларнинг натижасига ишонган ҳолда, жа­мият­да рўй бераётган барча ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Буни икки ойдан кўп вақт мобайнида очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида ташкил этилган умумхалқ муҳокамасида фуқаролар томонидан 160 мингга яқин таклиф билдирилгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, буларнинг барчаси — конститу­ция­вий ислоҳот фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширилаётганидан далолатдир. Зеро, келгусида янгиланаётган Асосий қонунимиз том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган ҳақиқий халқ Конституция­сига айланади.

 

 

Робахон МАҲМУДОВА,

Олий суд раисининг

биринчи ўринбосари

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: