«КЕЧИКИБ ТУҒИЛГАН» ФАРЗАНДЛАР

Учкўприклик Ҳасанбой Остонақулов ва Санобар Раҳмонова 1990 йилда шаръий никоҳ асосида турмуш қуришганда қонуний никоҳнинг аҳамияти нечоғлик юқори эканини хаёлларига келтиришмаган эди. Аммо ўтган йиллар мобайнида улар бу борада кўпгина муаммоларга дуч келишди.

Тўғриси, ўтган вақт давомида эр-хотин бир жойда муқим яшашгани йўқ.

Гоҳ Сирдарёда, гоҳ Тошкент вилоятида истиқомат қилишни шароитнинг ўзи тақозо қил­ди. Аниқроғи, улар ижара асосида деҳ­қончилик билан машғул бў­лишган. Ҳозир ҳам шундай. Энг эътиборлиси, ўтган давр ичида 6 нафар фарзанд — Наргиза, Авазбек, Феруза, Му­ҳайё, Муштарий ва Нодирабегим туғилди, ўсиб-ул­ғайди. Боғча, мактаб ва касб-ҳунар коллежларида таълим-тарбия олишди. Бироқ…

Бироқ ота-онанинг эътиборсизлиги, бепарволиги туфайли фарзандларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинмади. «Қолган ишга қор ёғар», деганларидек, ўғил-қизларининг туғилганлиги ўз вақтида қайд этилмагани кўп оворагарчиликларни келтириб чиқарди. Бу­ни қа­рангки, ҳатто туғруқхона­лар­дан болаларнинг туғилганлиги ҳақи­даги тиббий маълумотномалар ҳам олинмаган экан. Албатта, бундай вазиятда фуқаролик ҳо­латлари далолатномалари ёзуви бўлими ҳам, бош­қа бир идора ҳам муаммога ечим тополмайди. Шу боис улар кўпгина оворагарчилигу сарсонгарчиликларни бошдан кечиришди.

Охир-оқибат Ҳ. Остонақулов ва С. Раҳмонова туғилганлик ҳақидаги фактни бел­гилашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига мурожаат қилишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аввалига суд иш ҳолатларини атрофлича ўрганиб чиқди. Сўнгра одам ДНК­си экс­пертизаси тайинланди.

Адлия ва­зирли­ги­ ҳузуридаги Хадича Сулаймонова но­­мидаги Республика суд экс­пер­ти­за­си марказининг 2021 йил 2 ноя­брдаги судга оид одам ДНКси экспертиза­си­ хулосаси билан Раҳмонова Санобар Патидиновна 1993 йил 12 августда туғилган Абдураҳмонова Наргиза Ҳа­санбой қизи, 1997 йил 27 январда ту­­ғилган Абдураҳмонов Авазбек Ҳасанбой ўғли, 1998 йил 11 февралда туғилган Абдураҳмонова Феруза Ҳасанбой қизи, 2000 йил 15 июнда туғилган Абдураҳмонова Муҳайё Ҳасанбой қизи, 2004 йил 21 мартда туғилган Абдураҳмонова Муштарий Ҳасанбой қизи ва 2009 йил 12 апрелда туғилган Абдураҳмонова Нодирабегим Ҳасанбой қизи исм­ли фар­занд­ларнинг билогик онаси, Остонақулов Ҳасанбой Абдураҳмонович эса, уларнинг биологик отаси экани тасдиқланди.

Тошкент вилояти, Қибрай тумани «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тузилган далолатномада Ҳ. Остонақулов ва С. Раҳмонова фарзанд­лари билан бирга ижарада яшаб келаётгани кўрсатилган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига биноан, суд фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгариши­га ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди. Аризачи юридик аҳа­мият­­га эга бўл­ган факт­ларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўл­маган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидалари»нинг 40-бандига мувофиқ, ни­коҳда бўлмаган ота-онадан туғилган болага оталикни белгилаш ота ва онаси томонидан биргаликда берилган аризаси ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзуви органида амалга оширилади. Мазкур Қоидаларнинг 49-бандига кўра, ота-онанинг биргаликдаги аризаси бўл­ма­ган тақдирда оталик (агар отаси ёки онаси вояга етмаган бўлса) ота-оналардан бири ёки васийлик ва ҳо­мийлик органининг даъво аризаси бў­йича суд тартибида белгиланиши мумкин.

Ана шу асосларга таянган суд юқорида исм-шарифлари қайд этилган фарзанд­лар­нинг туғилганлик фактини белгилаш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди. Айни қарор ижроси Учкўприк тумани фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзуви бўлими зиммасига юкланди.

Албатта, энди Авазбек Абдураҳмо­нов­ ва унинг сингиллари аввал туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, сўнгра фу­қаролик паспорти олиши мумкин. Энг қувончлиси, бундан буён улар тенг­дошлари қатори барча ҳуқуқ ва эркинликлардан эмин-эркин фойдалана олади.

Баён этилган ҳолат мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил чинакам ўз ифодасини топаётганидан далолат беради.

 

 

Байрамали НОРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўқон туманлараро суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: