КЕНГАЙТИРИЛАЁТГАН ВАКОЛАТЛАР – МАЪМУРИЙ СУДНИНГ ЎРНИ ВА РОЛИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида қилган маърузаcида мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизими такомиллаштирилишини, «Бу борада маъмурий суднинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида унинг ваколатлари кенгайтирилади. Шунингдек, маъмурий судларга давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколати берилади», дея таъкидлади.

Албатта, давлатимиз раҳбари бежиз айни масалага эътибор қаратгани йўқ.

Чунки айрим мансабдор шахсларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қи­лиш ҳолатлари камай­маяп­ти. Энг ачинарлиси, суд қарори ижросини таъминламаётган мансабдор шахслар ҳам йўқ эмас.

Ваҳоланки, Конс­титуция­мизнинг 114-моддасига мувофиқ, суд ҳокимия­ти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Шу ўринда биргина Фар­ғона вилояти мисолида гапирадиган бўлсак, жорий йилнинг дастлабки ярмида маъмурий суд қарорлари асосида 155 та иш бўйича муайян мажбуриятлар юкланган. Аммо Фарғона вилояти маъмурий судига 113 та суд қа­рорининг ижро этилгани тўғрисида маълумот тақдим этилмаган. Шундан 52 таси ҳокимликлар зиммасига юклатилган мажбуриятлардир.

Масалан, Олтиариқ туманидаги «Файзобод сара узумлари» фермер хўжалиги раҳбари А. Мирзаев Фарғона туманлараро маъмурий судига шикоят ариза билан мурожаат қилиб, туман ҳокимининг 2020 йил 23 ноябрдаги 1238/5-сонли қарорини хақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Суд мажлисида аниқланишича, А. Мирзаев Олтиариқ тумани ҳокимининг 2020 йил 26 сентябрдаги 1031-сонли қарори билан тендер танловида ғолиб деб топилган. Шу боис унга туманнинг «Файзобод» массивидан заҳира ери ҳисобида бўлган 2 гектар ер майдони интенсив узум боғи барпо қилиш учун 49 йил муддатга ижарага берилган. Мазкур қарор эса, қонунда белгиланган тартибда Халқ депутатлари Олтиариқ тумани кенгашининг 2020 йил 16 ноябр­даги сессиясида тасдиқланган. Натижада тадбиркор Олтиариқ тумани давлат хизматлари маркази орқали давлат рўйхатидан ўтиб, «Файзобод сара узумлари» фермер хўжалигини ташкил қилган.

Аммо 2020 йил 6 ноябрда Олтиариқ тумани прокуратураси томонидан туман ҳокимининг юқоридаги қарорини бекор қилиш тўғрисида протест келтирилган. Бунга туман ҳо­кимлиги томонидан ер ажратишда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қо­нун ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2005 йил 18 ноябрдаги 237а-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисида»ги Ни­зом талаблари бузилгани асос қилиб кўрсатилган. Туман ҳокими эса, 2020 йил 23 ноябрда протест ижросини таъминлаб, 1238/5-сонли қарорини қабул қилган. Бироқ мазкур ҳолатда Олтиариқ тумани ҳокимлиги амалдаги Ер кодекси талабларини бузган.

Жумладан, Ер кодекснинг 24-моддасига биноан, ер участ­каларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади. Ко­декс­нинг 36-моддасида бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қи­лиш асослари қайд этилган. Шундан келиб чиқилса, Олтиариқ тумани ҳо­кимлиги низоли ер майдони «Файзобод сара узумлари» фермер хўжалигининг мулки ҳисобланишини инобатга олмаган. Бундай ҳолатда суд туман ҳокимлиги фермер хўжалигининг ҳуқуқ ва қо­нун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган деб ҳисоблайди.

Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Ер кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида»ги қарори 14-бандига асосан, ер участкасига бўл­ган ҳуқуқларни бекор қилиш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда судлар бундай ҳуқуқлар фақат Ер кодексининг 36-моддасида кўр­сатилган ҳолларда бекор қилинишига эътибор қаратиши, кодекснинг 36-моддаси 1-қисми 6-11-бандлари асосида ер участкаларини олиб қўйиш тўғ­рисидаги ваколатли ор­ганлар қарорларининг қонуний ва асослилиги масаласини ҳал қилишда, суд улар томонидан мазкур кодекснинг 38-моддаси талабларига риоя қи­лингани ҳолатига баҳо бериши лозимлиги белгиланган. Қолаверса, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, суд низолашилаётган қа­рор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид экани ва аризачининг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганини аниқласа, маъмурий ор­ган, унинг мансабдор шахси қарорини тўлиқ ёки муайян қисмини ҳақи­қий эмас, ҳаракатини (ҳа­ракатсиз­лигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бинобарин, Фарғона туманлараро маъмурий су­ди Олтиариқ тумани ҳо­кимининг 2020 йил 23 ноябрдаги 1238/5-сонли қарори 2-банди (масалага тааллуқли)ни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳокимлик зиммасига прокуратура протести ижросини қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлаш, йўл қўйилган қонун бузилишларни бартараф этиш ҳамда ҳал қи­лув қарорининг ижроси тўғрисида судга ва аризачига бир ой ичида хабар қилиш мажбуриятини юклатиш тўғрисида қарор чиқарган. Лекин ўз хатосини тан олмаган Олтиариқ тумани ҳокимлиги ҳал қи­лув қарорининг ижроси таъминлангани тўғ­рисида судга маълумот тақдим этмади. Шу боис, суд томонидан шу каби ҳал қилув қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан жавобгарларга эслатма хати юборилди.

Президентимиз партия қурултойидаги маърузасида «…энди қарор ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбурияти уни қабул қилган мансабдорнинг ўзига юкланади. Мансабдор шахслар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан «ошиб борадиган» жарима ва бошқа ҳу­қу­қий чораларни қўл­лаш тартиби киритилади. Шу орқали шикоятлар сонининг камида 2 баробар қисқаришига эришиш мумкин» дея қайд этди. Демак, келгусида баён этилгани каби қонунбузилиш ҳолатлари бар­ҳам топади. Бу ўз навбатида, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳи­моя қилиш ва одил судлов сифатининг ошишига хизмат қилади.

 

 

Дониёрхўжа МАҲАМАТОВ,

Фарғона вилояти

маъмурий суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: