КАМАЙГАН ПЕНЯ ЁХУД МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ШАРТНОМАСИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Маълумки, маҳсулот етказиб бериш шартномаси иқтисодий соҳадаги шартномаларнинг кенг тарқалган турларидан бири ҳисобланади. Бундай турдаги шартномани тузиш юридик шахслар учун ҳам, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик қилаётган шахслар учун ҳам бирдек қулай бўлиб, унда маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан уни сотувчилар ўртасидаги муносабатлар соддалаштирилган.

Маҳсулот етказиб бериш шарт­номасининг яна бир ўзига хос жиҳати унинг субъектларида ўз ифодасини топган. Юридик шахслар ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахслар шундай субъектлар ҳисобланиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахс маҳсулот етказиб бериш шартномасининг тарафи бўла олмайди.

Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш шарт­номасининг амал қилиш муддати ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Шартнома бир йил, бир йилдан ор­тиқ муддатга ёки узоқ муддатли шартнома ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бош­қа муддатга тузилиши мумкин. Агар шартномада унинг амал қилиш муддати белгиланмаган бўлса, бир йилга тузилган деб ҳисобланади.

Суд амалиётида маҳсулот етказиб бериш шартномаси юзасидан келиб чиқадиган низолар кўп учрайди. Шундай ҳолатлар ҳам борки, шартнома иштирокчилари етказиб берилган маҳсулотни қабул қилиб олган бўл­са-да, тўловни номаълум сабабларга кўра тўлашдан бош тортади.

Мисол учун айтадиган бўлсак, «Истиқлолнинг Мангу Машъали» масъулия­ти чекланган жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Уч­қўрғон ёғ» акциядорлик жамиятидан шартнома бў­­йича етказиб берилган газ маҳсулоти учун 309 233 945,18 сўм асосий қарз, 61 531 323,32 сўм пеня, 3 707 652 сўм адвокат ҳақи — жами 370 765 268,50 сўмни ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, «Истиқлолнинг Мангу Машъали» корхонаси ҳамда «Учқўрғон ёғ» акциядорлик жамияти ўртасида 2019 йил декабр ойида тегишли шартнома тузилган. Шартномага асосан 2020 йилда 309 233 945,18 сўмлик газ маҳсулоти етказиб берилган.

Шартнома шартларига кўра, маҳсулот қабул қилиб олинган ва солиштирма далолатнома тузилгандан сўнг тў­ловлар амалга оширилиши, шунингдек, олдиндан тахминий сумма тўлаб берилиши лозим бўлган. 2020 йил охирида маҳсулот етказиб берилгани ҳа­қи­да солиштирма далолатнома тузилган бўлса-да, маҳсулот олган тараф уни имзоламаган. Шундан сўнг маҳсулот етказувчи юзага келган қарздорликни ундириш учун талабнома юборган.

Талабнома ижро этилмагач, қарздорлик ва унга ҳисобланган пеняни ундириш учун судга мурожаат қилинган.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 8 ва 234-моддаларида мажбуриятнинг шартнома асосида вужудга келиши белгиланган. Мазкур кодекснинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шарт­ларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса, иш муомаласи одатлари ёки одатда қў­йиладиган бош­қа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Бундан ташқари ушбу ко­декс­нинг 449-моддасига асосан, сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шарт­номада назарда тутилган ҳи­соб-китоб­лар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди.

Агар маҳсулот етказиб бериш шарт­номасида товарлар ҳақи олувчи томонидан тўланиши назарда тутилган бўл­са ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош торт­са ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўл­са, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Шартноманинг 2.4-бандига кўра, тарафлар шартнома асосида ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажаришни асоссиз кечиктиргани, мажбу­рият­ни бажармагани учун кунлик 0.2 фоиз миқдорда пеня тўлаши белгиланган.

Шу боис даъвогар судга 309 233 945,18 сўмлик қарздорлик 7 ой муддатга кечиктирилгани ҳо­лати бўйича 61 531 323,32 сўм­лик пеня ундириш ҳақида талаб киритган.

Даъвогар томонидан пеня тўғри ҳисобланган. Чунки Олий суд Пленумининг «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳа­қида»ги қарорида суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳ­волини, шунингдек, кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли экани белгиланган.

Шу сабабли суд жавобгарни қарздорликни бартараф этиш чораларини кўраётган ва молиявий ҳолатини инобатга олиб, шунингдек, пеня миқдорнинг ошиб кетишида даъвогарнинг ҳам айби борлигини эътиборда тутиб, фақатгина ҳисобланган пеняни 50 фоизга, яъни 30 765 661,5 сўмга камайтириб ундиришни лозим деб топди.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, «Учқўрғон ёғ» акциядорлик жамияти ҳисобидан «Истиқлолнинг Мангу Машъа­ли» масъулия­ти чекланган жамияти фойда­си­га 309 233 945,18 сўмлик асосий қарз, 30 765 661,5 сўмлик пеня ва 3 707 652 сўмлик адвокат ҳақи ундириладиган бўлди.

Кўриниб турганидек, маҳсулот етказиб бериш шартномаси ўзига хос хусусиятларга эга бў­либ, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар уларни инобатга олган ҳолда фао­лият­ юритиши зарур. Ана шунда улар ҳеч қачон ютқазмайди.

 

 

Осимхон СОДИҚОВ,

Учқўрғон туманлараро

иқтисодий суди раиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: