ЙЎЛТЎСАР ТОВЛАМАЧИЛАР ҚИЛМИШИ УЛАРНИНГ АФСУС-НАДОМАТИГА САБАБ БЎЛДИ

Мутахассислиги бўйича бўш иш ўрни борлиги сабабли Алишерни (исм-шарифлар ўзгартирилди) Нуробод шаҳрига ишга юборишганди. У икки ойдан буён ижара уйида яшагани боис иш жойи ва қўни-қўшнилардан бошқаларни таниб улгурмаганди.

Бу воқеа ўтган йилнинг 19 август ку­ни кутилмаганда рўй берди. Кечки со­ат йигирма иккилардан сўнг Алишер эрталабки нонуштага бирон-бир егулик харид қилиш учун кўчага чиқади.

Озиқ-овқат дўкони тарафга бораётганда ортидан қандайдир нотаниш жувон ҳам келаётганди. Шу пайтда кутилмаганда «ВАЗ — 2106» русумли «Жигули» автомашинаси етиб келди-да, ундан бироз нарида тўхтади ва икки ки­ши тушиб, Алишернинг йўлини тўсди.

— Биз ички ишлар бўлимиданмиз, — деди улардан бири (кейинчалик маълум бўлишича, у Қиличбек Бўриев бўлган) чўнтагидан хизмат гувоҳномасини чиқариб кўрсатди. — Карантин пайтида кўчада ни­ма қилиб юрибсан?! Қани, машинага чиқ!

Алишер табиийки, дўконга бораётганини тушунтиришга ҳаракат қилди, ам­мо нотаниш кимсаларнинг ҳақоратли сўзлари ёмғири остида қо­лди.

— Эй, довдир, — деди яна Қ. Бўриев, — ҳозир карантин талаблари кучайтирилган пайт, асабга тегадиган гапларни гапирмасдан тезда машинага ўтир.

Уларнинг яна бири (кейинчалик маълум бўлишича, Садриддин Шамсиев) Алишернинг орқа томонига ўтиб, уни машина томонга итарди ва таҳдидли овозда «ўтир» дея ўшқирди. Рўй бераётган бу воқеадан гангиб қолган Алишер «Жигули»нинг орқа эшиги яқинига келиб қолганди. Орқа ўриндиқда ҳалиги кимсаларнинг яна бир шериги — Дилмурод Қўчқоров ўтирган экан, у машина эшигини очиб, Алишернинг қўлидан ичкарига тортди.

— Сенга ўхшаганларни милиция формасида юриб, ушлаёлмаяпмиз, — деди Қ. Бў­риев. — Шунинг учун бугун кўчага фуқаролик кийимида чиқдик.

Шундан сўнг Қ. Бўриев автомашинани бошқараётган С. Шамсиевга «Халқ қабулхонаси» томон юришни буюрди. «Ўша кўчада ҳам бемаҳал юрадиганлар бор, уларни ҳам тутиб, ички ишлар бўлимига олиб борамиз», — деди у.

«Жигули» русумли автомашина «Ға­лаба» кўчаси бўй­лаб, кўп қаватли уйларни оралаб, анча юрди. Алишер улардан ўзини қўйиб юборишни қайта-қайта сўради. Натижа бўлавермагач, у чўн­та­гидан қўл телефонини олиб, уйидагиларга қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Лекин Қи­личбек ундан телефонни тортиб олди-да, кириш-чиқиш қўнғироқларини текшириб кўрди. Охирги марта ким билан гаплашганини сўради. Боя кўчада ортидан келаётган жувон билан телефонда гаплашиб, унга тегажоқлик қилмоқчи бўлганликда айблайди.

«Бунинг учун ҳам катта миқдорда жаримага тортиласан», — дея пўписа қилиб қўйди у.

— Акалар, илтимос, мени қўйиб юборинглар, — дея Алишер яна ялинишга тушди.

— Сени қуруқдан қуруқ қў­йиб юборолмаймиз, — мақсадга ўтди Қ. Бў­риев. — Агар баённома ёзсак, тўрт юз минг сўмдан кўп жарима тў­лайсан. Агар шу пулни бизларга берсанг…

Алишер ёнида бунча пул йўқлиги, бор-йўғи бир юз эл­лик минг сўм беришини айтди. Қ. Бўриев фурсатдан фойдаланиб, буни ўзининг телефонига тасвирга тушириб олди ва тасвирни Алишерга кўрсатаркан, «Мана бу­ни қара, бизга пора бермоқчисан, сенга учта айблов қўя­миз, биринчиси, тунда тиббий ниқобсиз юрганинг, иккинчиси, орқангда эргаштириб келаётган аёл билан яқинлик қилмоқчи бўлганинг, учинчиси, бизга пора беришга уринганинг. Бу қилмишларинг учун отнинг калласидек жарима тўлайсан ёки қамалиб кетасан!».

Шундан сўнг автомашинани бошқариб бораётган С. Шамсиев гапга қўшилди.

У автомашинаси ғаладонидан қан­дайдир ҳужжатларни олиб, Алишерга кўрсатаркан: «Бир юз эллик минг сўм нима бўлади, мен ҳо­зирнинг ўзида учта ҳужжатга имзо чекаманда, сени саккиз баравардан ўн икки бараваргача миқдордаги жа­римага тортиб юбораман», — деди у таҳдидли оҳангда.

Жабрланувчи А. Омонтурдиев оғир аҳволга тушиб қолган, нима қилишни билмай боши қотарди. Қ. Бўриевнинг «Сени ҳозир бўлимга олиб борамиз, кўрасан» деганидан сўнг у ҳақиқатан ҳам, булар жиноят қидирув бўлими ходимлари экан, деган фикр­га келганди. Бир пайт ҳалиги кимсалар унга «Ёнингда нима бўлса, ҳаммасини чиқар», деб буюришди. Алишер шоша-пиша чўнтагидаги иш жойи ва ижара уй калити, даст­рў­мол­часи ва 462 минг сўмни олиб, ўртага қўйди.

Қ. Бўриев Алишерга қўл телефони, калитлар ва дастрўмолчасини олиб, автомашинадан тушишни буюрди. Алишер пулларини қайтариб беришни илтимос қилди.

— Агар яна кеч соат йигирма иккидан сўнг кўчада юрсанг, ўзингдан кўр, — дейди Қ. Бўриев. — Мен эрталаб нав­батчиликдан чиқаман, эртадан кейин яна ишда бўламан, ҳозир кў­зимга кў­ринма, йў­қол…

Жабрланувчи А. Омонтурдиев уйига келгач, тун бўйи бу кўнгилсиз воқеани ўзича таҳлил қилди, кўнглида бу кимсалар ички ишлар бўлими ходимлари эканлигига шубҳа туғилди. Шундан сўнг эрталаб туман ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилди.

Буни қарангки, дастлабки тергов ва суриштирув жараёнида ҳаммаси ойдинлашди. Товламачилик жиноятига қўл урган Қ. Бўриев, Д. Қўчқоров ва С. Шамсиев ички ишлар бўлимига ушлаб келинди, улар ҳодиса содир бўлган жойни кўрсатиб беришди, айбларини тўлиқ тан олишди.

Шу ўринда судланувчиларнинг шахсига ойдинлик киритадиган бўл­сак, Қиличбек билан Дилмурод синф­дош. Қиличбек вақтинча ишсиз, Дилмурод эса, Тошкентда олий таълим муассасаларидан бирида ўқий­ди. Уларнинг жиноий шериги Садриддин Шамсиев ҳар иккаласига ҳам таниш.

Ўша куни Қ. Бўриев С. Шамсиев билан унинг «Жигули» русумли автомашинасида Дилмуроднинг уйига таъмирлаш ишларига кўмаклашиш учун боришган. Ҳашарни ту­­гатиб, соат ўн етти-ю ўттизларда учовлон С. Шамсиевнинг автомашинасида кўчага сайрга чиқишган. Кўча сайри ниҳояси жиноий қилмиш билан якун топган.

Энди ушбу жиноят ишидаги ҳо­латларга ойдинлик киритамиз. Қи­личбек 2020 йилнинг 11 февраль куни «Нуробод ёнғинга қарши курашиш жамияти» масъулияти чекланган жамиятига назоратчи сифатида ишга қабул қилинган.

Унга 15 февраль куни хизмат гувоҳномаси берилган. Қ. Бў­риев масъулияти чекланган жамиятида ишлаб кетолмаган шекилли, атиги уч ой деганда иш жойи билан хайрлашган.

Аммо у бир кунга асқотиб қолар, деган ға­раз ниятда хизмат гувоҳномасини қайтариб топширмаган. Ўша тунда Алишернинг йўлини тў­сиб, «Биз ички ишлар бў­лими­дан­миз», — дея шу гувоҳномани кўрсатганди.

— Ўша куни опамнинг уйига боргандим, анча вақт суҳбатлашиб ўтирдик, — дейди гувоҳ З. Қаландарова судда ва терговда берган кўр­сат­ма­си­да. — Уйга қайтаётганимда мендан икки-уч қадам олдинда бир нотаниш йигит қаергадир кетиб бораётганди. Кутилмаганда «Жигули» автомашинаси унинг олдига келиб тўхтади, кейинчалик билсам, Қ. Бўриев машинадан тушиб, «қаердан келяпсан, биз ички ишлар бў­лими хо­димларимиз, сени олиб кетамиз» дея дўқ-пўписа қилди. Мен ўз йўлимда кетдим.

Суд судланувчи Қ. Бўриев, Д. Қўчқоров, С. Шамсиевни бир гуруҳ бўлиб, товламачилик, яъни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилганликда айбдор деб топди.

Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жи­ноят­ учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 3-бандида «Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳо­латда индивидуал та­йинланиши, жазонинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик да­ражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак» дея раҳбарий тушунтириш берилган.

Суд судланувчиларнинг жиноят содир этишдаги ҳо­латини муҳокама қилиб, уларнинг ўз айбига тўлиқ иқ­рорлиги, қил­мишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганини жазони енгиллаштирувчи жиноятни бир гу­руҳ бў­либ, олдиндан ўзаро тил бириктириб, ғараз ва бошқа паст ниятларда содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади.

Суд ҳукми билан йўлтўсар товламачилар Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қис­ми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, қилмишларига яраша қо­нуний ва адолатли жазога тортилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ҳаётда ҳеч бир жиноят изсиз кетмайди. Бу сафар ҳам ана шу оддий ҳа­қи­қат яна бир бор бўй кўрсатди.

Йўлтўсар товламачилар қилмиши афсус-надоматга сабаб бўлди.

 

 

 Наби РАЙИМОВ,

 жиноят ишлари бўйича

Нуробод тумани суди раиси,

 Ҳамид ЭГАМ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: