ЙЎЛОВЧИ НИҚОБИДАГИ БОСҚИНЧИЛАР

Даврон Абдурасулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ижарага олган «Матиз» русумли автомашинада киракашлик қилиб, рўзғор тебратиб келарди. Баъзида йўловчиларнинг инжиқликларини кўтаришга ҳам мажбур бўлади.

Шу йилнинг 28 апрель куни у тунда автомашинасига газ ёқилғисини қуйиш мақсадида Бектемир туманида жойлашган газ қуйиш шаҳобчаси томон ҳаракатланиб кетаётганида 2 нафар йигит Қибрай туманига олиб боришни сў­райди. Даврон Абдурасулов розилик билдиради.

Улар йўлга чиқар экан, орқа ўриндиққа ўтирган йигит ўзини «Отабек», олдида ўтирган шеригини «Лазиз» дея таништиради. Аслида улар Қибрай туманида яшовчи Шаҳриёр Кимсанов ва Зоҳир Эшонов эди.

Д. Абдурасулов салдан ке­йин йигитларнинг ўзини тутиши ва сўзларидан кайфи баланд эканини билиб қолади. Қи­зиғи, улардан спиртли ичимлик ҳиди келмасди. «Психот­роп модда ичишган бўлса керак» деб ўйлади Даврон. Бу унда хавотир уйғотади. Дар­ҳақиқат, йўловчилар тез орада жанжал бошлашди.

«Аҳиллик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига етганда улар машинани тўхтатишни буюришади. Шунда Ш. Кимсанов Давронга пичоқ ўқталиб, иккала олди ўриндиқ орасига ўрнатилган ҳайдовчининг қўл­бола сейфини очиб, икки миллион эллик минг сўмни олиб қўяди. Сўнг­ра босқинчилар ҳайдовчининг ёнида бўлган бир миллион сўмни ҳам қўлга киритишади.

— Аслида сени ўлдириб, машинангни бўлаклаб сотмоқчи эдик. Ҳатто харидор ҳам топиб қўйгандик, — дейди Ш. Кимсанов Давронни қўрқитишни давом эттириб.

— Майли, пулни олинглар. Аммо ўлдирманглар, илтимос. Ҳеч кимга даъво қилмайман, — дея ялинади Д. Абдурасулов.

Мўмай пулни қўлга киритгач, босқинчилар Давронни қў­йиб юборишади.

Босқинчилар қўлидан соғ-саломат қутулганига шукр қилиб, уйига етиб олган жабрдийда акаси Жавлонга бўлиб ўтган во­қеани сўзлаб беради. Ж. Абдурасулов дарҳол ички ишлар бўлимига мурожаат қи­либ, босқинчиларга нисбатан қонуний чора кўришни сў­райди. Тезкор қи­дирув на­тижасида ушбу босқинчилик жиноятини Ш. Кимсанов ва З. Эшонов содир этгани аниқланади. Табиийки, босқинчиларга нисбатан жиноят­ иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қибрай тумани судида кўриб чиқилди. Суд босқинчиларни Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Маълум бўлишича, Шодиёр Кимсанов жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 2020 йил 16 мартдаги ҳукмига асосан Жи­ноят­ кодексининг 166-моддаси 3-қисми «а» банди билан айб­дор деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган экан. Шундай бўлса-да, у бундан тўғри хулоса чиқариш ўрнига такроран жи­ноят­ содир этган.

Енгил-елпи ҳаётга ўрганган, бу йўлда босқинчиликдек оғир жиноят содир этишдан ҳам тап тортмаган кимсаларга қонуний жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Бундан бошқалар сабоқ чиқариши зарур.

 

 

Санжар ДЎСМАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қибрай тумани суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: