ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРНИНГ 2021 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

2021 йил мобайнида иқтисодий судлар томонидан 175 445 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 12,8 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

 

Ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Тошкент шаҳар, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми, яъни 90 900 таси бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 3 483 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 2 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари тежаб қолинди.

 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 51 335 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 3,2 трлн. сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.

 

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, корхоналарнинг банкротлигига оид ишлар ҳамда маҳсулот етказиб бериш, кредит, контрактация, коммунал хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этди.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 1 140 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 397 та қарор бекор қилинди ва 78 та суд қарорлари ўзгартирилди.

 

 Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: