ИЧКИЛИК КАСРИ ИККИ ОИЛАГА КУЛФАТ КЕЛТИРДИ

Узоқ қишлоқдаги қариндошининг уйига ҳашарга борган Зокир (исм-шарифлар ўзгартирилди) иш якунида автомашина бошқариб келганини унутиб, ҳурмачаси тўлгунча спиртли ичимлик истеъмол қилди.

Кейин маст ҳолатда уйига қайтаркан, йўлда йў­ловчи сифатида қўл кўтарган Мунирани автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтқазиб олди. Мунира Зокирнинг маст эканлигини билгач, Китоб шаҳри маркази яқинида тушиб қолмоқчи эканини айтади. Бироқ Зокир автомашинани тўхтатмайди. Маст ҳайдовчининг ғайритабиий хатти-ҳаракатларидан қўрқувга тушган қиз охир-оқибат автомашина салонидан ўзи­ни ерга отишга мажбур бў­лади. Қандай ҳодиса рўй берганини базўр идрок этган Зокир қизга ёрдам бериш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетади.

Бошқа йўловчилар нотаниш қизнинг қонга беланиб ётганини кўриб, уни касалхонага олиб боришади. Би­роқ оғир тан жароҳати ва кўп қон йўқотиш оқибатида Мунира Қодирова вафот этади.

Тезкор суриштирув чоғида бу фожианинг айбдори ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган, устига-устак ўта маст ҳолда автомашина бош­қарган Зокир Мирзаев экани аён бўлди.

Гап шундаки, З. Мирзаев «Йўл ҳа­ракати қоидалари»нинг 77-бандида белгиланган ҳаракатланишда ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятида бўлган хавф пайдо бўлса, у транспорт воситасининг тезлигини тўлиқ тўхтатишни таминлайдиган да­­ражада камайтириш чораларини кўриши кераклиги ҳақида­ги талабларга риоя қилмай, автомашинани юқори тезликда бошқариб, марҳума Мунира Қодированинг истагини бажармасдан, воқеанинг фожиа билан якун топишига сабабчи бўлган.

Бу билан З. Мирзаев амалдаги Жи­ноят кодексининг 117-моддаси иккинчи қисми ва 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноий ҳаракатларни содир этган.

Шу боис суд ҳайьати судланувчи З. Мирзаевга нисбатан муайян муддатга озодликдан маҳрум этган ҳолда жабрланувчиларга етказилган 55 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарни ундириш жазосини тайинлади.

Сиртдан қараганда, адолат қарор топгандек кўринади. Чунки жиноятчи қилмишига яраша жазосини ол­ди. Жабрланувчига етқазилган зарар ундириладиган бўл­ди. Бироқ эндиликда икки ои­ла ичкилик жабрини тортади.

Муниранинг ота-онаси, яқинлари, жигарбандлари бўз­лаб қол­ган бўлса, Зокирнинг оиласи ва фарзандлари узоқ йиллар ота меҳридан мосуво бўлдилар.

Одатда, бирор машъум ҳо­диса рўй берганда одамлар «тақдирда бор экан, фалокатда», деб ўзини юпатади. Аммо баён этилган нохуш воқеанинг бош сабабчиси ичкилик экани ўйлаб кўрилса, ўткинчи кайф-сафонинг қандай оқибатларга олиб келиши аён бўлади.

Қисқаси, умр мазмунини тўғрилик ва ҳалоллик белгилайди. Улардан чекинган ҳар қандай киши афсус-надомат домида қолиши шуб­ҳасиз.

 

 

Лазиза Расулова,

жиноят ишлари бўйича

Шаҳрисабз шаҳар суди раиси

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: