ИНСПЕКТОРЛАРНИНГ ХАТОСИ ЎЗЛАРИГА ҚИММАТГА ТУШДИ

Кўпинча йўл ҳаракати ҳақида гап кетганда ҳайдовчиларнинг белгиланган қоидаларга амал қилмаганлиги тилга олинади. Аммо Фарғона шаҳрида юз берган ҳолатда ҳайдовчи эмас, инспекторлар қонунни бузишди.

Гап шундаки, Қува туманида яшовчи Аҳмадулло Бозоров 2021 йил 8 декабрь куни соат 12:55 ларда Фарғона шаҳрига келади. Сўнг шаҳарнинг Ҳамза кўчаси пиёдалар йўлаги ёнида “Нексия” русумли автомашинасини қолдириб, шахсий ишларини битириш учун бир жойга кириб кетади.

Аммо…

Бироқ қўли бўшаб қайтиб чиққач, Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ 1-отряд инспектори Аброр Аҳмаджонов унга нисбатан маъмурий баённома тузганини айтади. Инспектор бунга сабаб сифатида “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 91-бандини бузганлигини, яъни машинаси тўхташ таъқиқланган 3.27 йўл белгиси ёки 1.4 йўл чизиғи таъсири оралиғида турганлигини асос қилиб келтиради. Аслида эса ундай эмасди. А. Бозоров буни А. Аҳмаджоновга тушунтиришга ҳар қанча уринмасин, фойдаси бўлмайди.

Буни қарангки, худди шу куни Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ 1-отрядининг яна бир инспектори Э. Бегматов ҳам Аҳмадулло Бозоровга нисбатан маъмурий баённома тузади. Яъни ҳайдовчининг соат 16:44 ларда шаҳарнинг Бозор йўли кўчасида тўхтаб, бозорга кирганини асос қилиб олади ЙҲХБ ходими.

Шундан сўнг ҳар иккала маъмурий баённома Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан судга олиб чиқилмай туриб, ҳайдовчидан жарима ундириб олинади. Бинобарин, Аҳмадулло ўзининг ҳақлигини исботлашга киришади. Аниқроғи, у маъмурий баённомаларни бекор қилишни сўраб, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судига ариза билан мурожаат қилади.

Албатта, суд унинг аризасини, келтирган важларини атрофлича ўрганиб чиқади. Натижада суднинг 2021 йил 27 декабрь кунги қарори билан ҳайдовчининг аризаси қаноатлантирилиб, инспекторлар томонидан тузилган UZ-20-серияли 40-135110 ва 40-135004-рақамли маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар бекор қилинган ҳолда мазкур ишлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-банди асосида иш юритишдан тугатилди.

Бир қарашда шу билан ҳаммаси из-изига тушгандек эди. Лекин Аҳмадулло Бозоров иккала инспекторнинг хатоси билан ноқонуний жавобгарликка тортилгани, бунинг оқибатида ўзи ва оила аъзолари руҳий азоб чекканини билдириб, улардан маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бў­йича Фарғона туманлар­аро судига даъво ариза киритди.

Дарҳақиқат, суд юқорида баён этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, А. Бозоровга маънавий зарар етган деб ҳисоблади. Ахир қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўллашниши ҳар қандай кишининг асабини емириб, соғлиғига путур етказади, руҳий жиҳатдан азоб беради. Бу ўринда инспекторларнинг ҳайдовчига нисбатан ноқонуний маъмурий баённома тузгани уларнинг айбидир. Шунинг учун суд даъвони қаноатлантириб, иккала жавобгардан А. Бозоров фойдасига тегишли маънавий зарарни ундириб берди.

 

 

Камолиддин РАҲИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Фарғона

шаҳар судининг судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: