ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ — 2022 ЙИЛДА: сарҳисоб ва истиқболдаги режалар

Ўтган йил бутун дунё, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида қайд этганидек, «Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиётга — фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади».

Мурожаатномада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти экани алоҳида таъкидланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўз­бекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал­ Саидов билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

 

— Авваламбор, давлатимиз раҳбарининг «Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ — қонун талаблари ва ин­сон ҳу­қуқлари — биз учун олий қадрият», деган фикрларига эътиборни қаратмоқчиман, — деди А. Саидов.

 

— Президентимизнинг айнан шундай қатъий ва оқилона сиёсати туфайли, пандемия ва глобал инқирознинг салбий таъсирларига қарамасдан, 2022 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш бўйича ислоҳотлар изчил давом этди.

 

Албатта, «Якунига етган 2022 йил бўйича жаҳон миқёсида бу борадаги аҳвол қандай?» — деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, пандемия оқибатларини тўлиқ бартараф этишга улгурмасдан, жаҳон минтақаларида рўй бераётган можаролар янги глобал инқирознинг бошланишига олиб келди.

 

Сайёрамизнинг турли ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотлари, энергия ва ўғитларга нарх-навонинг кескин ошиб кетишидан, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар катта зарар кўрмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, можаролар алангаси «тенгсизлик, ночорлик ва молиялаштиришдаги етишмовчиликлар билан янада авж олаяпти».

 

Бундан ҳам ачинарлиси, ўтган йи­ли 1.2 миллиард аҳоли яшайдиган 74 та ривожланаётган мамлакатдаги инқироз оқибатида инсон ҳуқуқ­ларини таъминлаш билан боғлиқ аҳвол кескин ёмонлашди. Шундай мураккаб ва синовли даврда Ўзбекистон учун муҳим бўлган қатор тадбирлар амалга оширилгани ва ўз самараларини бергани диққатга лойиқдир.

 

— Шу амалий тадбирлардан айримларини санаб ўтсангиз?

 

Биринчидан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнига янги механизмлар татбиқ этилди. Шу орқали қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларимизни қийнаб келган муаммоларни ҳал этиш, қийноқларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш каби йўналишларда ижобий натижаларга эришилди.

 

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг раис ўринбосарлигига сайланди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрнини яхшилашга биринчи даражали аҳамият берилди.

 

Учинчидан, 2021-2022 йилларда қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари каби рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича муайян ютуқлар қўлга киритилди. Умуман олганда, 2022 йилда жами 24 та рейтингнинг 15 тасида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди, 3 тасида илк маротаба эътироф этилди.

 

Тўртинчидан, 2023 йилда айни йўналишдаги ислоҳотлар самарадорлигини изчил ошириш тақозо этилади. Нега деганда, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилганимизга қарамай, Президентимиз таъбири билан айтганда, «одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар бор.

 

Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одам­ларнинг оворагарчилиги, суд қа­рорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда».

 

— Ушбу соҳани такомиллаштиришга оид энг муҳим чора-тадбирлар ҳам Миллий марказ томонидан ижроси мунтазам мониторинг қилиб борилаётган дастурий ҳужжат — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида ўз аксини топган, шун­дай эмасми?

 

— Албатта, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган мазкур Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг 78 бандидан 62 бандидаги ишлар ижро муддати доирасида якунланди. Яъни, бугунги кунга қадар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг 85 фоизи бажарилган.

 

Айниқса, 2022 йилда Миллий стратегия доирасида 1 та кодекс, 1 та қонун, Президентимизнинг 5 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1 та қарори қабул қилингани ҳамда 1 та халқаро шартнома ратификация қилиниб, уларнинг илғор нормалари ҳаётимизнинг турли соҳаларида аллақачон қўлланаётгани жуда ҳам муҳим. Миллий стратегия «Йўл харитаси» билан белгиланган бандларнинг бажарилиши суръатлари, шубҳасиз, уш­бу дастуриламал ҳужжатда кўрсатилган долзарб вазифалар ижросининг умумий ҳолатини ижобий баҳолашга имкон беради.

 

— Мониторинг асносида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни бажариш борасида қандайдир муаммо ва камчиликлар ҳам аниқландими?

 

— Миллий стратегияни амалга оширишдаги ютуқларни эътироф этган ҳолда, айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилганидан кўз юмиб бўлмайди.

 

Жумладан, Миллий стратегия «Йўл харитаси»нинг 6 та банди бўйича ижро муддати узайтирилган. Содда қилиб айтганда, Миллий стратегия доирасидаги тадбирларни амалга ошириш муддатларининг чўзиб юборилиши ҳолатлари мавжуд.

 

Биринчидан, Миллий страте­гия­да белгиланган «Оммавий тадбирлар», «Судьялар ҳамжамияти ор­ганлари», «Хусусийлаштириш», «Ижтимоий тадбиркорлик», «Мажбурий тиббий суғурта», «Давлат ижтимоий суғуртаси», «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти», «Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида»ги, «Прокуратура органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ишлари якунланган бўлса-да, улар ҳалигача қабул қилинмаган. Шунинг­дек, Ахборот кодекси ва Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳаларини тайёрлашда белгиланган муддатларга амал қилинмаган.

 

Иккинчидан, Миллий стратегия «Йўл харитаси»нинг қонунчиликни такомиллаштириш билан боғлиқ айрим бандлари юзасидан қонун лойиҳалари лозим даражада тайёрланмагани учун Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган. Жумладан, Уй-жой кодексининг янги таҳрири, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги ҳамда «Ижтимоий тадбиркорлик асослари тўғрисида»ги қонунлар илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ва ҳуқуқшунос олимлар фикрларини чуқур таҳлил этган ҳолда такомиллаштириш учун қайтарилган.

 

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг қонун талаблари ва инсон ҳуқуқларига қатъий амал қилинишини таъминлашга қаратилган фикрлари ниҳоятда долзарб ва улкан аҳамиятга эга. Президентимиз Мурожаатномада илгари сурилган бу борадаги барча ташаббусларни Конституцияда тўғ­ридан-тўғри муҳр­лаб қўйиш лозимлигига эътибор қаратгани бежиз эмас.

 

— Мурожаатномада илгари сурилган қонун устуворлиги ҳамда адолат тамойилларини қарор топтиришга оид ташаббусларнинг мазмун-моҳиятига ҳам мухтасар тўхталсангиз.

 

— Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда адолат тамойилларини қарор топтириш ҳуқуқий, демократик ва халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шартидир. Шу боис суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Конституциямиз принципларига таяниб, суд ҳокимияти мустақиллиги, суд жараёни ва жазонинг адолатлилиги ва инсонпарварлигини таъминлаш, адолатли суд қарорларини қабул қилиш каби масалаларга катта эътибор қаратилмоқда.

 

Судга қадар бўлган иш юритиш босқичида суд назоратини мустаҳкамлаш, «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳаларини кенгайтириш, судлов очиқлигини таъминлаш, айрим ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш йўли билан жиноят қонунчилигини демократлаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

 

Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш, тергов сифатини ошириш, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолишига чек қўйиш ка­би ечимини кутаётган кўплаб масалалар бор. Шу мақсадда Мурожаатномага кўра:

 

– адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳамда масъулиятини янада ошириш;

 

– тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказиш;

 

– тергов сифатини ошириш ва тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақи­қатни аниқлаш учун ишлашини таъминлаш;

 

– судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпусини шакллантириш, уларни махсус ўқитиш;

 

– одил судловни таъминлашда ҳимоячининг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, хусусан, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилишини таъминлаш ва судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиниши тартибини белгилаш;

 

– маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қи­линган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда — бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиётини жорий қилиш каби ташаббусларни Конс­титуциямизда тўғридан-тўғри муҳрлаб қўйиш лозим.

 

Энг муҳими, бундан буён «Ўз­бе­кис­тонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳо­ким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади», деган ғоя ҳаётга татбиқ этилишида кенг жамоатчилик, айниқса, барча депутатлар ва сенаторлар фаол бўлиши даркор.

 

— Президентимиз тараққиётимиз кушандаси бўлмиш коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини алоҳида таъкидлар экан, бу борада ҳам ғоят муҳим вазифаларни белгилаб бердилар…

 

— Жуда тўғри, ўтган икки йилнинг ўзида 5 мингга яқин мансабдор коррупцияга доир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган. Аёнки, бунда айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билангина чекланиб қолинмаяпти.

 

Бу борада тизимли превентив чо­ралар кўрилмоқда. Яъни жиноятчиликнинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан амалиёт қўлланмоқда.

 

Коррупцияга қарши кураш борасида ҳар бир вазир ва ташкилот раҳбарининг ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бў­йича шахсий жавобгарлигини ошириш зарур. Мурожаатномада сунъий монополия, ёпиқ схемалар, умуман, коррупцияга имкон яратадиган барча бўшлиқларга барҳам бериш каби амалий таъсирчан чоралар истиқболли долзарб масалалар сифатида қайд этилди.

 

Айниқса, депутат ва сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар аниқ соҳаларни тизимли таҳлил қилиши, ўз округидаги бюджет ҳисобидан амалга оширилаётган қурилишлар, ижтимоий ва иқтисодий лойиҳалар бажарилиши мониторингини кучайтириши коррупцияни бартараф этишнинг муҳим омилидир. Шу нуқтаи назардан, коррупцияга қарши курашиш борасида алоҳида қонунлар қабул қилиниб, конституциявий-ҳуқуқий асослар яратилиши белгилангани катта аҳа­мият касб этади.

 

Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, «Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бош­қарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кў­риб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди».

 

— Ўтган йили Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши борасида қандай ишлар амалга оширилди?

 

— Бу йўналишда, биринчи нав­батда, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини тайёрлаш ва БМТнинг шартномавий қўмиталарида кўриб чиқиш натижаларини депутатлар ва сенаторлар томонидан мунтазам эшитиб бориш, шартномавий қўмиталарнинг тав­сия­ларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаларини Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланиши амалиёти такомиллашганига эътибор қаратиш лозим. Ушбу илғор демократик ҳуқуқий жараён жорий йилда ҳам давом эттирилади.

 

Ўтган йилда инсон ҳуқуқлари бў­йича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан мамлакатимизнинг 3 та миллий маърузаси БМТ шартномавий қўмиталарида эшитилди:

 

биринчиси — БМТнинг Хотин-қиз­ларни камситишнинг барча шакл­ларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Олтинчи миллий маърузаси;

 

иккинчиси — Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни бажариш бў­йича Учинчи миллий маъруза;

 

учинчиси — Бола ҳуқуқлари тўғ­рисидаги конвенция бажарилиши бўйича Бешинчи миллий маъруза.

 

Миллий маърузалар муҳокамасида илк бор Марказ томонидан ўндан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотининг он-лайн иштироки таъминланди. Миллий маърузалар бўйича якуний мулоҳазаларда ўз ифодасини топган тавсияларни амалга ошириш учун Миллий ҳаракатлар режаларининг лойиҳалари манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди ҳамда Инсон ҳуқуқ­лари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқа­ро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясига тақдим қилинди.

 

— Шу масъулиятли ишлар ўзининг қандай амалий натижаларини бермоқда?

 

— Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенати Кенгашларининг бу борадаги тегишли қўшма қарорлари қабул қилинди.

 

Ушбу қарорларга мувофиқ:

 

биринчидан, «2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекис­тон Республикасининг Олтинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсия­ларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси» тасдиқланди. Миллий ҳаракатлар режаси уч йил давомида амалга ошириладиган 69 та чора-тадбирни ўз ичига олган;

 

иккинчидан, «Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг амалга оширилиши тўғрисидаги Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда кўзда тутилган 34 та чора-тадбир беш йил давомида амалга оширилади;

 

учинчидан, «2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бў­йича Миллий ҳаракатлар режаси» тасдиқланди. Мазкур Миллий ҳа­ракатлар режаси 43 та муҳим чора-тадбирни ўзида қамраган.

 

Айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши тўғрисидаги Бешинчи миллий маърузасини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқ­лари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга оширишга оид Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Тез орада уни ҳам тасдиқлаш ва ижрога қаратиш жараёнлари бошланади.

 

Ушбу йўналишдаги яна бир муҳим ҳужжат — БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қи­лиш масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасидир. Айни лойиҳа халқаро ҳужжатларга қўшилиш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий асосларни, суд тизимини мустаҳкамлаш, терроризмни мо­лиялаштиришга қар­ши курашиш, қочоқлар мақоми, репатриация ва реинтеграция каби йўналишлар доирасида тайёрланган.

 

Лойиҳани ишлаб чиқишда Адлия, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Молия, Мудофаа вазирликлари, Олий суд, Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизматининг фикр-мулоҳазалари инобатга олинди.

 

Шунингдек, Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси БМТ Инсон ҳу­қуқ­лари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлинмасига экс­пертиза учун юборилди.

 

— 2022 йилда инсон ҳуқуқ­лари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қи­лиш доирасида Миллий марказ томонидан нималар қилинди?

 

— Ўтган йилда бу борада қабул қилинган қонунларнинг ҳудудлардаги ижросини мониторинг қилиш алоҳида эътиборимизда турди. Айни йўналишда муайян натижаларга эришилгани ва айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилгани аниқланди.

 

Масалан, 2022 йил май ойида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши ҳолати мониторинг қилинди. Мониторинг ўтказиш мақсадида 30 га яқин давлат органи ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига тегишли саволномалар юборилди.

 

Мониторинг натижасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ бир қатор муаммолар аниқланди. Хусусан:

 

– ногиронлиги бўлган шахсларга давлат ташкилотлари ва хусусий секторнинг салоҳиятли ходимлари сифатида эмас, балки асосан хайрия ва реабилитация ёрдамини олувчилар сифатида қараш сақланиб қолмоқда;

 

– ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларни моддий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари йўлга қўйилмаган;

 

– ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими самарали ишламаяпти;

 

– олий таълим муассасалари ва мактаблар бинолари ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақил ҳаракатланиши учун қулай эмас;

 

– таълим муассасаларида Брайл алифбосидаги дарсликлар етишмайди;

 

Мониторинг хулосаларига асосан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун қуйидагилар тавсия этилди:

 

биринчидан, «Қулай жисмоний му­ҳит» Давлат дастурини ишлаб чиқиш;

 

иккинчидан, олий ўқув юртларида инклюзив таълим ва қулай жисмоний муҳит масалалари бўйича жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш;

 

учинчидан, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Биринчи миллий маърузасини тақдим қилиш;

 

тўртинчидан, ногиронлиги бўл­ган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ва уларни ҳал қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш ва жамоатчилик муҳокамалари ўтказиш амалиётини кенгайтириш лозим.

 

Бу борада, юқорида қайд этганимдек, Парламент палаталари Кенгашларининг 2022 йил 19 декабрдаги қўшма қарори билан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўл­жал­ланган Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқлангани жуда мақбул иш бўлди. Эндиликда ушбу ҳужжат негизида ҳам айни соҳадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган ишлар натижадорлигини изчил кузатиб борамиз.

 

— Миллий марказнинг шу со­ҳадаги фаолиятига яна мисоллар келтира оласизми?

 

— Миллий марказ томонидан 2022 йил 13-14 октябрь кунлари Тошкент вилояти ва 20-21 октябрь кунлари Фарғона вилоятида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижроси ўрганилди.

 

Натижада ушбу вилоятларда ҳам айни йўнлишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

 

Жумладан, мутасадди кадрларнинг малакасини ошириш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш юзасидан тегишли чоралар кўрилмаган. Тошкент вилоятида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани тўғрисидаги мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмаган, жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш чора-тадбирлари самараси паст. Фарғо­на вилоятида эса, ваколатли органлар ва ташкилотлар ўртасида хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор ахборот алмашиниш тизими йўлга қўйилмаган.

 

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга оид таклифларимизни тақдим этдик.

 

Жумладан, тазйиқ ва зўравонликдан жабр­ланганларга психологик, ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий ёрдамни кенгайтириш мақсадида барча туманларда «Ижтимоий мослашув маслаҳатхоналари»ни ташкил этиш тавсия қилинмоқда.

 

Бундан ташқари ўтган йили жазони ижро этиш муассасаларида суд ҳукми билан тайинланган жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Жумладан, 26-27 апрель кунлари Тошкент вилоятида ҳамда 24-27 октябрь кунлари Навоий вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида мониторинг ўтказилди.

 

Мазкур тадбирлар давомида, айниқса, пенсия ёшидаги, ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатсиз бўлган маҳкумлар учун яратилган шароитлар яқиндан ўрганилди. Жумладан, маҳкумларнинг даволаниши, дам олиши, озиқ-овқатининг сифати, меҳнат шароитлари билан боғлиқ масалалар ўрганилганда, айрим муаммо ва камчиликлар аниқланди.

 

Ушбу муассасалардаги ишлаб чи­қариш бинолари, ишлаб чиқариш цехларидаги дастгоҳлар жисмонан ва маънавий эскирган бў­либ, уларни янгилаш зарур. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси — lex.uz, шунингдек, advice.uz ҳу­қуқий ахборот порталидан фойдаланган ҳолда, маҳкумларга керакли ҳу­қуқий ахборотни тақдим этиш имкониятини яратиш лозим, деган фикр­дамиз.

 

— Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилишнинг яна қандай жиҳатлари бор?

 

— Айни вақтда Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экс­пертизадан ўтказилмоқда. Агар 2021 йилда 104 та норматив ҳуқуқий-ҳужжат лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилган бўлса, ўтган йили ушбу кўрсаткич 95 тани ташкил этди.

 

Жумладан, 2022 йилда Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Фуқаролик-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Оила, Солиқ, Маъмурий суд ишларини юритиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қў­шимчалар киритишни назарда тутувчи 22 та қонун лойиҳаси ҳамда Жазони ижро этиш кодекси лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экс­пертизадан ўтказилган.

 

Яна бир жиҳат: «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қо­нун лойиҳасига Инсон ҳуқуқлари бў­йича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқ­лари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқа­ро шартномалардаги халқаро мажбуриятлардан келиб чиқиб тайёрланган хулосаси тақдим этилди. Хулоса мазкур Конституциявий қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан тайёрланган.

 

Бу саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳам, аҳамияти ҳам катта, албатта.

 

Бинобарин, Президентимиз ибораси билан айтганда, «маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўл­ган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак».

 

— Конституциявий ислоҳот ва инсон ҳуқуқлари — суҳбатимизни шу муҳим мавзу доирасида давом эттирсак деган фикрдаман?

 

— Бугунги кунда мамлакатимизда конституциявий ислоҳот изчил давом этмоқда ва ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараён — Янги Ўз­бе­кис­тонни барпо этиш йўлидаги объектив заруратдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» фундаментал муаллифлик монографиясида бу борадаги иккита муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилган.

 

Биринчи муҳим масала: «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қи­лиш — конституциявий исло­ҳот­­ларнинг ажралмас қисми бў­либ, бир қатор давлатларнинг Конституцияларида Инсон ҳуқуқ­лари умумжаҳон декларацияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий шартномалардаги нормалар ўз аксини топган».

 

Иккинчи муҳим масала: «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига барҳам бериш, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини мустаҳкамлаб қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми ва ваколатлари тўғрисидаги қои­далар ўз аксини топиши керак».

 

Ҳақиқатан ҳам, жадал ўзгариб бораётган замонавий талабларга жавоб берадиган Конституцияга эга бўлиш учун, албатта, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қои­даларига мос хатти-ҳаракатлар ва ўзгаришларни амалга ошириш талаб қилинади. Янги Ўзбекистонга мувофиқ келадиган янги конституциявий принцип ва нормаларни белгилаш, аввало, «Инсон қадри учун» устувор тамойилини ҳаётга татбиқ этишни тақозо этади.

 

Энг асосийси, Президентимиз таъкидлаганидек, «Аввал — инсон, ке­йин­ — жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қо­нун­ла­римизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қо­дир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мус­таҳкамлашимиз зарур.

 

Шуларни эътиборга олган ҳол­да, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилаётгани Мурожаатномада алоҳида қайд этилгани бежиз эмас. Негаки, ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутмоқда. Бугунги кунга қа­дар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам бунинг яққол далилидир.

 

Поёнига етган йилда Консти­ту­ция­га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан халқаро ҳамжамиятни таништириш мақсадида халқаро ташкилотлар ва экспертлар, фуқаролик жа­мия­ти вакиллари иштирокида Ўз­бе­кис­тондаги конституциявий ислоҳотларнинг турли жабҳаларига бағишланган 100 дан ортиқ миллий ва 40 дан ортиқ халқаро форум ва жамоатчилик маслаҳатлашувлари ўтказилди.

 

— Ушбу миллий ва халқаро тадбирларнинг амалий аҳа­мия­ти нимада, деб ҳисоблайсиз?

 

— Шу жараёнларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва уларда инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг ўрни бўйича таклифлар илгари сурилди. Хусусан:

 

– инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ривожланиш дастурларини кенгайтириш;

 

– ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яхшилаш;

 

– жамиятда сўз ва фикр эркинлиги учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш;

 

– фуқаролик жамияти институтларининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш;

 

– давлатлар ва минтақаларнинг барқарор ривожланишига хизмат қилувчи минтақавий механизмларни яратиш, бу соҳада мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш;

 

– референдумда фуқаролик жа­мия­ти институтлари, халқаро кузатувчилар, сайловчиларнинг инклюзив иштирокини рағбатлантиришга оид амалий таклифлар шулар жумласидандир.

 

— Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш борасидаги халқаро тажриба ва миллий амалиёт хусусида ҳам маълумот берсангиз?

 

— Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқларини бутун дунё миқёсида қўллаб-қувватлаш ва барчанинг инсон ҳуқуқларига риоя этишига эришиш борасида ни­ҳоят­да катта аҳамиятга эга. Инсон ҳу­қуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида қайд этилганидек, «Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳу­қуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўст­­ликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак».

 

— Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг моҳиятини таърифлаб берсангиз?

 

— Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан:

 

биринчидан, барча инсонлар инсон ҳуқуқлари ўзи нима экани, бу ҳуқуқлар қандай кафолатланиши ёки таъминланиши ҳақида етарлича билим олиши лозим;

 

иккинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқларига оид қадриятларга мос ва мувофиқ ҳолда амалга оширилишига ҳамда бу соҳадаги таълимнинг нафақат жараёни, балки мазмун-моҳияти ҳам жуда муҳимлигига жиддий эътибор қаратиш керак;

 

учинчидан, инсон ҳуқуқлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш, ўз навбатида, таълим олаётган шахсларга инсон ҳуқуқларига оид қадриятларни ўз ҳаётида қўл­лаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини мустақил равишда ёки жамоатчилик билан биргаликда рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун жуда қўл келишини унутмаслик зарур.

 

— Бу борада Самарқанд Глобал форуми қандай ўрин тутди?

 

— Маълумки, 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилганди.

 

Глобал форумда 120 нафардан ортиқ халқаро эксперт ва 2 мингдан зиёд миллий мутахассис иштирок этди. Иштирокчилар томонидан ке­йинги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни такомиллаштириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш соҳаларида кенг қамровли ишлар амалга оширилгани эътироф этилди.

 

Самарқанд Глобал форуми, бир томондан, башарият тарихида илк бор инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эъ­лон қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлашга қаратилган «Қадр-қиммат, эркинлик ва адолат — ҳамма учун» кампаниясини бошлаб берди. Шу билан бирга, Глобал форум БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясининг 11 йиллигига бағишланган тадбирларнинг дебочаси бўл­ди.

 

Глобал форум якунида қабул қи­линган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш бўйича Самар­қанд Ҳаракатлар режаси форум иштирокчиларининг фикрича, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш ишига қўшилган катта ҳисса бўлди. Бинобарин, Жаҳон таълим дастурининг ўзи — Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияни тўлдирувчи глобал Ҳаракатлар режаси, деганидир.

 

— Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешта босқичи, деганда нималарни тушунмоқ керак?

 

— Ўтган даврда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг кетма-кет учта босқичи изчиллик билан амалга оширилди. Ўз нав­батида, 2020 йилда бошланган тўр­тинчи босқич 2024 йилда ниҳоя­сига етади.

 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кен­гашининг 2022 йил 6 октябрдаги Резолюциясида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дас­ту­ри­нинг тўртинчи босқичини амалга оширишга масъул тегишли манфаатдор томонларнинг бу борадаги ижобий ташаббуслари алоҳида таъкидланди.

 

Шунингдек, Инсон ҳуқуқ­лари соҳасидаги Жаҳон таълим дас­турининг бешинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар юзасидан таклифларни шакллантириш масаласи кун тартибига қўйилди.

 

Резолюцияда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасига БМТнинг барча тузилмалари, давлатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва манфаатдор томонларнинг айни мавзудаги фикр-мулоҳазаларини сўраб олиш тавсия этилди. Шу маънода, «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумда, жумладан, Жаҳон таълим дастури бешинчи бос­қичи бўйича таклифларнинг муҳокама қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимга оид миллий амалиётга яна иккита ихчам далил келтираман.

 

Биринчи далил — бугунги кунда Марказда инсон ҳуқуқлари соҳасида электрон курсларини жорий қилиш мақсадида электрон платформани ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Электрон платформада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича материаллар жойлаштирилади.

 

Иккинчи далил — 2022 йил давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган 40 дан зиёд амалий қўлланма, шарҳ ва услубий адабиётлар нашр этилди. Уш­бу китоблар Миллий марказ томонидан 80 дан ортиқ давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилотларига беғараз тарқатилди.

 

— Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қи­лиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий инс­титутлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида 2022 йилда Сиз раҳбарлик қилаётган Миллий марказда қандай ишлар амалга оширилди?

 

— Халқаро ҳамкорлик алоқалари турли шаклларда амалга оширилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларга қўшилиш ва уларни ратификация қи­лиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликда икки томонлама тадбирларни ташкил қи­лиш, меморандумлар имзолаш ҳам­да инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалаларини ўрганиш бўйича мониторинглар ўтказиш шулар жумласидандир.

 

Даставвал, халқаро ҳамкорлигимиз маҳсули ҳисобланувчи қуйидаги тўртта амалий-ҳуқуқий қа­дамга эътиборингизни қаратаман.

 

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йилдаги 75-сессиясида билдирган таклифга мувофиқ, 2022 йил 14 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюция бир овоздан маъқулланди.

 

Резолюцияда COVID-19 панде­мия­­сидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилган. Жумладан, унда хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ҳамда парламент жараёнларида тў­лиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кў­маклашиш орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришга эъ­тибор қаратилди.

 

Иккинчидан, ёшлар ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро-ҳу­қуқий ташаббусларини амалга ошириш мақсадида қатор халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар, маслаҳатлашувлар ташкил қилинди. Хусусан, 2022 йил 4 октябрда БМТ­нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 51-сессиясида «Ёшлар ва инсон ҳу­қуқ­­лари» резолюцияси қа­бул қилинди.

 

Ушбу Резолюция 41 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган. Унда ёшларнинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштирокини кенгайтириш, навқирон авлод учун тенг имкониятлар яратиш, ёшларни рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббусларни илгари суриш, ёшларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар ўз ифодасини топди.

 

Учинчидан, 2022 йил 7 февралда Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли конвенцияси ратификация қилинди. Конвенциянинг ратификация қилиниши меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.

 

Тўртинчидан, болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашни бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисидаги Гаага конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда мазкур халқаро ҳужжатга қўшилиш бўйича қонун лойиҳасини белгиланган тартибда келишиш жараёнлари бормоқда.

 

— Бу борада эришилган яна қандай натижаларга тўхталмоқчисиз?

 

— Хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари тузилган. Ушбу меморандумларни 2023 йилда янгилаш ва янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.

 

Ҳамкорлик меморандумларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш йўналишидаги фаолиятни биргаликда қўллаб-қувватлаш, мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиш, инсон ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш, қўш­ма ўқувлар ва семинарлар, илмий тадқиқотлар ўтказиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасида халқаро ва минтақавий механизмларда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.

 

Ўтган йили хорижий мамлакатларда Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, меҳнат мигрантлари ҳу­қуқла­ри­нинг ҳимоя қилингани ҳолатини ўр­ганиш мақсадида мониторинг ташрифлари ҳам амалга оширилди.

 

Хусусан, Россия, Туркия ва Қозоғистонга мониторинг ташрифлари асносида ушбу мамлакатларда яшаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувлар ташкил қилиниб, ўзбекистонлик мигрантлардан таълим, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминланиш, моддий ёрдам, фуқароликни расмийлаштириш каби масалаларда мурожаатлар қабул қилиб олинди. Ўзбекистонлик мигрантларнинг ай­рим муаммолари жойида тезкор ҳал қилинди.

 

— 2023 йилдаги режалар қандай?

 

— Ўтган йили жаҳон миқёсидаги­ иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, COVID-19 пандемияси ва иқлим ўзгариши оқибатлари, тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларга қарамасдан, Ўзбекистонда инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш механизмини такомиллаштириш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Бунда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича бир қатор нуфузли ва самарадор тадбирлар амалга оширилгани улкан аҳамиятга эга бўлди.

 

Ютуқлар — ўзимизники. Жорий йилда уларнинг салмоғини янада оширишимиз даркор.

 

Бу борада 2023 йили Инсон ҳу­қуқлари умумжаҳон декларацияси қа­бул қилинганининг 75 йиллиги ҳам­да Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури қабул қилинганининг 30 йиллиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг нишонланиши, албатта, биз учун қулай имкониятлар яратади.

 

Яъни шу муҳим оламшумул воқеликлар билан боғлиқ ҳолда, халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказамиз, инсон ҳуқуқлари бў­йича ахборот-маърифий ҳам­да таълим-тарбиявий ишларимизни янада такомиллаштирамиз. Шунингдек, аҳоли, ёшлар ва болалар учун Инсон ҳуқуқларига оид дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлаш ўзига хос долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади.

 

— Ушбу режаларни амалга оширишга оид амалий таклифларингиз борми?

 

— Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тавсияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни самарали бажариш амалиётимизга жорий йилда ҳам содиқ қолишимиз мақсадга мувофиқдир. Шунинг учун, жумладан:

 

– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бў­йи­ча тадбирларни амалга ошириш;

 

– Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш;

 

– Ахборот кодекси ва Соғлиқни сақлаш кодекси қабул қилинишини жадаллаштириш;

 

– «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни қа­бул қилиш;

 

– таълимга оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириб, Таълим кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш;

 

– ижтимоий объектлар, маданий-кўнгилочар ташкилотлар ва спорт иншоотларидан ногиронларнинг фойдаланиши учун тегишли шарт-шароитларни яратиш, пиёдалар йўлаклари, йўловчилар учун бекатлар ва пиёдалар ўтиш жойларида овоз ва ёритиш мосламаларини ўрнатишни тартибга солиш чора-тадбирларини назарда тутувчи «Қулай жисмоний муҳит» давлат дастурини тасдиқлаш;

 

– етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришни деинституционализация қилиш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда «Етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;

 

– БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига бар­ҳам бериш қўмитаси тавсиясига асосан «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонунга «оиладаги зўравонлик» тушунчасини киритиш ва оиладаги зўравонлик учун алоҳида жиноят таркиби сифатида жавобгарлик белгилаш;

 

– Халқаро меҳнат ташкилотининг 1981 йилги Оилавий масъулияти бор ишчилар тўғрисидаги (156-сон) конвенциясини ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш;

 

– хусусий компаниялар фаолиятида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилиш асослари тўғрисида хабардорликни ошириш учун ахборот кампаниясини ҳамда тадбиркорлар учун тегишли ўқув курсларини ташкил қилиш;

 

– БМТнинг «Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тадбиркорлик фаолиятининг дастуриламал тамойиллари»ни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини қабул қилиш;

 

– суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳу­қуқлари соҳасидаги халқаро нормаларни қўллаш амалиётини йўлга қў­йиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга оид таклифларимиз рўёбга чиқиши учун астойдил саъй-ҳаракат қиламиз.

 

Хулоса қилиб айтганда, ҳеч ким четдан келиб, бизга бу ишларни ҳал қилиб бермайди. Бунда биз юртдошларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятига таянамиз. Президентимиз таъкидлаганидек, «Хал­қи­мизга қанча имконият яратсак, бунинг фойдаси жамиятимизга ўн карра, юз карра бўлиб қайтади».

 

 

Ғулом Мирзо суҳбатлашди.

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: