ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИГА ДАХЛ ҚИЛИШ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Конституциямизда белгилаб қўйилганидек, мамлакатимизда демократия умуминсоний принципларга асосланади. Унга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Кейинги йилларда Ўзбе­кис­тоннинг хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланди. Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар хорижга чиқишининг қонуний тартиби йўл­га қўйилди, бу борадаги ҳу­қуқий асослар янада такомиллаштирилди.

Бугунги кунда тадбиркорлик, тижорат ишлари, сайёҳлик, ўқиш ёки ишлаш мақсади­да хорижий давлатларга бораётган юртдошларимизнинг ҳу­қуқ ва манфаатлари ҳимояси тўлиқ таъминланмоқда.

Аммо дунё жамоатчилигини глобал муаммо сифатида ташвишга солаётган одам савдоси каби иллатларнинг учраб туриши ўта ачинарлидир. Чунки одам савдоси туфайли жисмоний шахснинг товарга айланиши қилмишнинг ўта хавф­ли эканини билдиради.

Миллат ҳам, чегара ҳам танламайдиган ушбу ижтимоий хавфли қилмиш туфайли ёш болалар ҳамда аёлларнинг ҳам одам савдоси қурбонига айланаётганига асло бефарқ қараб бўлмайди. Шу маънода одам савдосига қарши курашиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг долзарб фаолият йўналишларидан бирига айлангани бежиз эмас.

Бунинг далили сифатида БМТ одам савдосига қарши курашиш бўйича глобал режа қабул қилганини айтиш мумкин. Ушбу ҳужжатда барча давлатлар ҳамкорлигини таъминлаш масаласи илгари сурилган, замонавий қулликни йўқ қилиш мақсадида жаҳон ҳамжамияти бирлашишга даъват этилган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, мамлакатимизда одам савдосига қар­ши курашишнинг мустаҳкам ҳу­қуқий асослари яратилган. Масалан, Ўзбекистон БМТ­нинг Одам савдоси ва учинчи шахс­лар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғ­риси­даги конвен­ция­сига 2004 йил 27 майда қўшилган. 2008 йил 17 апрелда эса, «Одам савдосига қар­ши курашиш тўғрисида»ги қонун амалга киритилган.

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган юртимизда одам савдоси жиноятига қўл урган кимсаларга нисбатан судларда қонуний жазо тайинланиб, қилмишга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.

Бунга биринчи бос­қич суди томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми «б» ва «и» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Гулбаҳор Сафоқулованинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) қилмиши ҳам мисол бўла олади.

Ҳаётда шундай ҳикмат бор: ақлли инсон ўз хатоларидан хулоса чиқаради, доно бошқаларнинг хатосидан сабоқ олади. Шу ҳикматга амал қилган инсон ҳаётда тў­кис, бахтли-саодатли умр кечиради.

Афсуски, Г. Сафоқулова бунинг тескарисини қилган. У 2020-2021 йилларда Туркия давлатида «Ҳусейн» исмли шахс­нинг уйида меҳнат қилиб, Самар­қанд­га қайтиб келгач, тасодифан Анзират Аширматова билан танишиб қолади. Суҳбат чоғида у хорижда осон пул топиш, тезда бойиб кетиш ҳақида ўзи ҳам ишонмайдиган пуч гапларни айтиб, Анзиратни аврайди, ёлғонларига ишонтиради.

Соддадил қизнинг кў­зига Г. Сафоқулова бой-бадавлат яшашига имкон яратадиган на­жоткорга ўхшаб кўринади. Шу сабабли у хорижга ишга боришига ёрдам беришни илтимос қилади.

Г. Сафоқулова ян­ги танишининг сўзини ерда қолдирмайди. Туркиядаги танишларига Анзиратнинг олдида қўн­ғироқ қилиб, иш бор-йўқлигини суриштиради. Хориждаги танишлар тубан иллат — фоҳишалик қилишга рози бўлса, келиши мумкинлигини айтади.

— Бу сердаромад иш, — дейди Г. Сафоқулова уялмай-нетмай.

Энг ёмони, Анзират ҳам жирканч ишдан ҳазар қилмайди, аксинча, рози бўлади. Шундан сўнг Гулбаҳор авиачипта сотиб олиш учун унинг фуқаролик паспортини олиб қўяди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Г. Сафоқулова Анзиратнинг Жиззах шаҳридаги уйига меҳмон бў­либ боради. У ерда Г. Сафоқулова ўзига тегишли уяли телефонидан «Телеграм»да очилган «Фотима, Фотима» аккаунти орқали А. Аширматова номига «Тошкент — Истанбул» йўналиши бўйича авиачиптани расмийлаштиради.

Эртаси куни у А. Ашир­матовани Тошкент халқаро аэропортига олиб бориб, кузатиб қўйишини айтади. Шу куни оқшом улар Жиззах шаҳридаги қаҳ­вахоналардан бирига бо­риб, хориж сафари олдидан хайрлашув базмни уюштиришади. Бу ерга Анзират дугоналари Нав­баҳор билан Фарангизни ҳам таклиф қилади.

Янгиликни эшитгач, Навбаҳор билан Фарангизда ҳам хорижга чиқиб ишлаш истаги пайдо бў­лади. Айниқса, хорижга етиб олгунга қадар қилинадиган барча сарф-харажатларни Г. Сафоқулова ўз зиммасига олганини эшитгач, уларнинг қизиқиши янада ортади.

2021 йилнинг 11 июль куни Г. Сафоқулова саробга ишониб, хориждаги ҳаёт орзусида ўртанаётган А. Аширматова, Н. Умарова ва Ф. Жўрабоева билан Самарқанд шаҳри томон йўлга чиқади.

Кечқурун Г. Сафоқулова ижарага олган уйига Нав­баҳор билан Фарангизни қол­дириб, А. Аширматовани Тошкент халқаро аэропортидан хорижга жўнатиш учун пойтахт­га йўл олади. Бироқ манзилга етиб боролмайди.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган «М — 39» автомобиль йўлида жойлашган «Санг­­зор — 15» йўл-патруль хизмати масканида у ич­ки ишлар ходимлари томонидан қўл­га олинади. Даст­лабки суриштирув жараёнида Г. Сафоқулова содир этган жиноий қилмишини тўлиқ тан олади.

Шундан сўнг Г. Сафоқуловага биринчи бос­қич су­дининг ҳук­мига асосан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинланади.

Яқинда судланувчи Г. Сафоқулова ва унинг ҳимоячиси томонидан берилган апелляция шикояти Жиззах вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Апелляция судлов ҳайъати биринчи босқич­ суди ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қа­ноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Бунинг сабабларига тўх­таладиган бўлсак, биринчи бос­қич суди иш тафсилотларини тўғ­ри аниқлаб, Г. Сафоқулованинг айби исботлангани ҳақида асосли хулосага келган.

Судланувчининг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “б”, “и” бандлари билан тўғри малакаланиб, қонуний тўхтамга келинган.

Суд муҳокамаси ўтказилишида Жи­ноят­ процессуал кодексининг 22-моддасига мувофиқ иш бў­йича исботланиши лозим бўл­ган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилган.

Суд ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқлаган.

Апелляция судлов ҳайъати Г. Сафоқулованинг мақсади фақат иш топиб бериш йўли билан жабрланувчиларга ёрдам бермоқчи бўлгани, унинг ёшлиги, турмушга чиқмагани, қарамоғида ногирон опаси, кекса ота-онаси борлиги, маҳалладан кафолат хати берилганини инобатга олиб, енгиллик бериш ҳақи­да келтирилган судланувчи ва ҳи­моя­чисининг важлари билан келишиб бўлмайди, деган тўхтамга келди. Чунки иш ҳолатларига ҳамда жиноят ишидаги далилларга кўра, Г. Сафоқулова шаҳвоний ва бошқа ғараз мақсадларда А. Аширматова, Н. Умарова ва Ф. Жўрабоевани хорижий давлатда ҳақ эвазига номуайян доирадаги шериклар билан шаҳвоний муносабатларда фойдаланиш учун ёллаганликда ифодаланган жиноятни содир қилгани тўлиқ исботланган. Бу биринчи босқич суди томонидан Г. Сафоқулованинг жи­ноя­тига қонуний жазо тайинланиб, жазонинг муқаррарлигини таъминлашга асос бўлган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари дахлсиз ва қонун ҳимоя­сида бўлиб, унга нисбатан содир этилган ҳар қандай ғаразли хатти-ҳаракат ёхуд жиноий қилмиш жазо ва жавобгарликка сабаб бўлади. Баён этилган воқеа тафсилоти ҳам бунинг исботидир.

 

 

Ўткиржон ЖУМАЕВ,

Жиззах вилояти суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: