ИНСОНПАРВАРЛИК ҒОЯЛАРИ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ АСОСИ

2021 йил 22 февраль куни янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида яна бир тарихий воқелик рўй берди. Шу куни давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессияси юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этди ва ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида 2021 йил 1 январдан бошлаб мамлакат тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси мақомига эга бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Қарийб 150 мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг нуфузли экспертлари, кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари қатнашган сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг «инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради» ғояси халқаро ҳамжа­мият­нинг юксак эътирофига сазовор бўлди.

Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам «Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» сингари инсонпарвар тамо­йиллар билан суғорилган нутқ­нинг ўзига хос жиҳатлари қу­йи­дагиларда намоён бўлди.

Биринчидан, янги Ўз­бекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотлар фақат инсонни эъзозлаш, унинг фаровонлигини ошириб бориш, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалда таъминлаш вазифаси қатъий давом эттирилиши таъкидланди.

Иккинчидан, БМТ тизимидаги энг нуфузли ор­ганлардан бири — Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг асосий мақсадларига ҳамоҳанг бўлган 7 та принципиал ташаббус ва таклиф илгари сурилди.

Жумладан, гендер сиё­сати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилиши баён этилди.

Бунда 2021 йилда Ўзбе­кис­тонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Шу ўринда сўнгги 4 йилда мамлакатимизда гендер тенглиги бўйича бир қатор норматив-ҳу­қуқий ҳужжатлар қабул қилинганини ва унинг ижроси таъминланаётганини таъкидлаш жоиз. Бунинг натижасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар муносиб ўринга эга бўлиб бормоқда.

Масалан, хотин-қизларнинг орасида кўплаб парламент ва ҳукумат аъзолари бор. Бундан ташқари давлат бош­қа­руви органларида аёл раҳбарлар фаолият юритмоқда. Аёл бир қўли билан дунёни тебратса, яна бир қўли билан бешикни тебратади, деб бежиз айтилмаган.

Бугунги кунда одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьяларнинг муносиб ҳиссаси бор. Юртимизда 160 нафар аёл судья ана шу ғоят масъулият­ли ва шарафли касбда самарали фаолият юритмоқда.

Айни шу муҳим масала бўйича мамлакатимиз хал­қаро рейтингларда сезиларли даражада юқорига кўтарилди. Бу тажриба хал­қаро миқёсда муносиб эътироф этилмоқда. Халқаро парламентлараро ассамблея Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўлишини таъкидлагани ҳам буни тасдиқлайди.

Мамлакатимиз кейинги даврда бошқа бир қа­тор соҳаларда эришган натижалар ҳам халқаро рейтинг агентликлари томонидан юксак баҳоланмоқда. Хусусан, Бертельсман фондининг 2020 йилги ҳисоботида Ўзбекистон Бар­қарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларига эришиш бўйича 193 та мамлакат орасида 66-ўринни эгаллагани қайд этилди.

Бундай натижага эришишнинг асосий омиллари сифатида камбағал аҳоли улушининг 2015 йилдаги 13 фоиздан 2018 йилда 11 фоизгача камайгани, болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилдаги 28 фоиздан 2019 йилда 52 фоизга ошгани эътироф этилган.

Ўтган қисқа вақт мобайнидаги шиддатли ислоҳотлар туфайли биргина суд-ҳуқуқ тизимида 40 дан зиёд қо­нун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Судларимиз том маънода инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органга айлангани натижасида 2 минг 500 нафарга яқин шахс оқ­ланди. 3 минг 500 нафардан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши орқали маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига берилди.

Давлатимиз раҳбари Женевадаги чиқишида илгари сурган яна бир муҳим ташаббус, яъни судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклиф ҳам бевосита инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида давом этаётган эзгу сиёсат билан чамбарчас боғлиқ. Чунки жамиятда  адолат  ўрнатишда одил судлов фаолиятини амалга оширувчи судья­ларни касбга тайёрлаш, ҳалол ва пок номзодларни танлаш ва тайинлаш масаласи ўта муҳимдир.

Таъкидлаш жоизки, ҳо­зирча судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларига оид халқаро ҳужжат мавжуд эмас. Шунинг учун турли давлатлар тизимида уш­бу фаолият турлича амалга ошириб келинмоқда.

Бу ғоя илк маротаба мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилгани ўта фахрлидир. Албатта, бу хужжатнинг қабул қилиниши умуминсоний ҳуқуқий асос яратилишига замин бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқи инсон ҳуқуқлари соҳасида аниқ ва юксак самарали мақсадларга йўналтирилган, улкан стратегик аҳамиятга эга бўлган миллий, минтақавий ва глобал миқёслардаги ташаббусларни ўзи­да қамрагани билан ни­ҳоят­да долзарб ҳамда аҳа­миятлидир.

 

 

Холмўмин Ёдгоров,

Судьялар олий кенгаши раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: