ИЛМСИЗЛИК ЧОҲИ ЁХУД АДАШГАНЛАР ҚИСМАТИ

Олий суднинг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан ижтимоий тармоқларга жойланган бир қатор материаллар экстремистик материаллар деб топилди. Ушбу материалларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, намойиш этиш ҳамда сақлаш тақиқланди.

Амалдаги Жиноят кодексининг 244-1-моддасига асосан ушбу материалларни тайёрлаш, сақлаш, тар­қатиш ёки намойиш этиш шахс­ни жи­ноий­ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Афсуски, юртдошларимиз орасида ҳам диний билимсизлиги са­бабли экстремистик оқимларга қўшилиб қолаётганлар йўқ эмас. Қуйидаги воқеа тафсилоти шу ҳа­қида.

Ҳозирги кунда интернет ҳаё­тимиздан мустаҳкам ўрин эгаллагани айни ҳақиқат. Бу яхши, албатта. Аммо шу билан бирга ҳаё­тимизга «интернетга қа­рамлик» ту­­шунчаси ҳам ки­риб келди. Кўп­гина ривожланган мамлакатларда бу ҳол катта ижтимоий муаммога айланган.

Сир эмаски, янги техно­ло­гия­лардан фойдаланувчиларнинг кўпчилиги ёшлардан иборат. Уларнинг айримлари виртуал олам ичига шу даражада шўн­ғиб кетишдики, натижада реал воқеликдан виртуал оламни афзал кў­ра бошлашди. Бундай одамларда интернетдан узилиш улкан хавотир ва асабийликни келтириб чиқаради.

Маълумки, ҳозирги пайтда дин ниқоби остида фаолият юри­тувчи турли ташкилот ва оқимлар аҳолининг ислом динига бўлган қизиқишидан фойдаланиб, ижтимоий тар­моқлар орқали диний мутаассиблик руҳидаги маълумотларни тарқатишга уринишмоқда. Бу эса, айрим саводсиз кимсалар учун тузоқ вазифасини ўтамоқда.

Қаршилик Зоир Латипов (исм-шариф ўзгартирилган) ўрта мактабни тамомлагач, тенгқурлари қа­­тори ўқишни давом эттиришга интилмади.

Аксинча, пул топиш илинжида чет давлатга ишга кетди. Лекин у ерда иши юришмади. Уйга қайтгач, илмсизлик ва бекорчилик оқибатида «Одноклассни­ки.ру»­ сайти ва «Телеграм» мессенжеридан фойдаланиб, жиҳод ва ҳижратга чорловчи турли медиа материалар билан танишиб чиқди. Онги диний ақидапарастлик ғоя­лари билан заҳарланган З. Латипов кейинчалик жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материаларни танишлари ва «виртуал дўстлари»га тарқата бошлади.

Қонун талабини бузган ҳар бир киши жиноятига яраша жа­зо олиши шарт.

З. Латифовга ҳам нисбатан жиноят­ иши қўзғатилиб, жиноий хатти-ҳаракатлари судда кўриб чиқилди.

Суд мажлисида Зоир Латипов охирги вақтларда ўзини бошқача тутгани, «алоҳида дунёда» яшаб, бошқалардан ажралиб қолгани, Интернет тармоғи орқа­ли фаол равишда тақиқланган диний экстремистик материалларни тарқатиб келгани маълум бўлди.

Суд З. Латиповни Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» бандига асосан айбдор деб топиб, унга нисбатан қонуний жазо та­йинлади.

Билимсизлик, ота-она, қариндош-уруғ, шунингдек, маҳалла фаолларининг бефарқлиги ана шундай аянчли якун топди. Ҳолбуки, диннинг жамиятдаги ўрни беқиёс. Ислом дини азалдан халқимиз учун муқаддас қадрият бўлиб келган. Бироқ унинг давлат хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солувчи айрим кучларнинг қабиҳ ниятларига эришиш йўлидаги во­­ситага айланиб қолишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Бунинг учун барча бир ёқадан бош чиқариб, адашганларни тўғри йўлга қайтаришга, бузғунчи даъватчиларнинг сохта сўзларига алданиб қолмасликка ундаши лозим.

Зе­ро, Президентимиз таъкидлаганидек, бир боланинг йўлдан адашиши — бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кў­ради. Агар биз битта болани тўғри йў­нал­тир­сак, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билсак, ун­га бутун  қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни билса, аниқки, унинг ҳам қалб кўзи очилади, тўғ­ри йўлга қа­дам қўяди.

Ҳамкорликдаги ишларимизни ана шу тамойил асосида олиб борсак, ўйлайманки, бу борада кутилган натижаларга эришишимиз шуб­ҳасиз.

 

 

Шаҳзод Бахтиёров,

Қашқадарё вилояти

суди судьяси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: