ИЗЛАР БОСИЛМАДИ… ЁХУД БОСҚИНЧИ ТЎДАНИНГ КИРДИКОРЛАРИ ХУСУСИДА

Ўтган йилнинг айни кузагида шаҳрисабзлик Баҳром Шокиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) шериклари Собир ва Латиф билан қўшни Бухоро вилоятига сафарга отланди.

Аслида, кўпчилик Бухорои шарифга зиёрат ёки дўсту биродарлари билан дийдорлашиш мақсадида боради. Бу ҳамтовоқларнинг эса, ушбу «сафар»дан кўзлаган муддаоси бошқа эди. Улар бегона ҳудудда босқинчилик ва ўғрилик қилишни кўзлашганди.

Энди шу қабиҳ воқеа тафсилотига ойдинлик киритамиз.

Баҳром носоғлом муҳитли оилада вояга етган. Мактабни амал-тақал тугатгач, ўқиш ёки тайинли бир ишнинг бошини тутмади. Ёшлигиданоқ ўғрилик, безорилик каби иллатларни ўзига касб қилди. Ҳатто у килмишлари учун икки марта қонуний жазога маҳкум этилди.

Бироқ кейинги жазо муддатини ўташ асносида жамиятимизда қарор топган инсонпарварлик, бағрикенглик тамо­йиллари туфайли Баҳромга белгиланган жазо муддати енгил жазога, яъни ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. Орадан икки йил ўтиб эса, у бу жазодан ҳам муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.

Таассуфки, Баҳром бу бағрикенглик ва имкониятдан тўғри хулоса чиқармади. Ҳа­лол меҳнат қилиш, оиласи, фар­занд­ларига наф келтириш ўрнига яна жиноят кўчасига кирди. Яъни «Букрини гўр тузатади», деган нақл айнан Баҳромга ўхшаган кимсаларга нисбатан айтилган бўл­са, ажаб эмас.

Ҳаётда негадир кўпинча чиркин ниятдаги кимсалар тез ва осон тил топишади. Бу­нинг тасдиғи шуки, гуруҳбоши Баҳромнинг «маслак»дошлари Бухородан ҳам тезда топила қолди.

Унинг қабиҳ режасига кўра, танишлари Адиба Носирова ва Ғулом Замонов Бухоро шаҳрида яшовчи, ўзига тўқ, бадавлат хонадонларни мўл­жалга олиб, уларнинг манзилини ҳамтовоқларига етказиши керак. Ке­йин эса, жиноий гуруҳ босқинчилик йўли билан бу фуқароларнинг мулкини қўлга киритади.

Қисқаси, уюшган жиноий гу­руҳ Бухорога етиб келгач, А. Носирова шаҳарда истиқомат қилаётган тадбиркор аёллар Фаёза Ботирова ва Нигора Ваҳобова хонадонини мўл­жалга олиб қўйганини билдирди.

— Бу аёллар уйидаги бойликни қўлга киритсак, кам бўл­маймиз, — деди Адиба.

А. Носированинг режаси жи­ноий гуруҳ аъзоларига маъқул тушди.

Ўша оқшом жиноий гуруҳ аъзолари аввалдан тайёрлаб қўйилган қўлқоп ва ниқоблар, шунингдек, ўткир тиғли ошхона пичоғи билан қуролланишди. Улар А. Носирова бошқарувидаги «Ласетти» автоуловида ярим тунда Ф. Ботированинг хонадонига йўл олишди.

Жиноий гуруҳ манзилга етиб келгач, келишувга кўра, Адиба ва Ғулом атрофни кузатиб туриш учун автомашинада қоладиган, бошқалар эса, Ф. Ботированинг хонадонидаги «ўлжа»ни қўлга киритадиган бўлди. Аммо улар хаёл қилган «ов» пуч бўлиб чиқди.

Чунки босқинчилар девор ошиб ҳовлига тушгач, уйдан эшитилаётган телевизор товушини одамларнинг овози деб фаҳмладилар. Оқибатда жиноий қилмишни охирига етказа олмай, ортга қайтишди.

Бундан хуноб бўлган ҳамтовоқлар орадан бир кун ўтгач, навбатдаги ўлжа — Нигора Ваҳобованинг ҳонадонини нишонга олишди. Улар худди аввалгидек, ярим тунда А. Носированинг автомашинасида Н. Ваҳобова яшайдиган кўчада пайдо бўлишди.

Босқинчилар Н. Ваҳобова ёлғиз ётган хонага шарпасиз кириб, унинг қўл-оёғини боғлаб, олдиндан тайёрланган елим мослама билан оғзини беркитишди. Сўнг уй бекасини калтаклаб, унга пичоқ ўқталишди.

Шу йўл билан босқинчилар Н. Ваҳобовага тегишли 20 минг АҚШ доллари, 40 миллион сўм пул маблағи ҳамда 52 миллион 500 минг сўмлик тилла тақинчоқлар, яъни жами 254 миллион 342 минг 600 сўмлик маблағ ва бошқа моддий бойликларни ўмариб, воқеа жо­йидан ғойиб бўлишади.

Аслини олганда, босқинчилик ва талончиликнинг ҳадисини олган Б. Шокиров Бухородаги жиноий қилмишларидан олдин бошқа бир қинғир ишга ҳам қўл урганди. Яъни жиноий шериклари — Акмал Шарипов, Санжар Назаров билан бирга Китоб туманида яшовчи тадбиркор Яшин Ҳалимовнинг хонадонига унинг ҳамқишлоғи Зокир Му­ҳид­динов «кўрсатмаси» асосида тунда бостириб киришганди. Бу талончиликнинг бошқа сабаблари ҳам бор эди, албатта.

Анча пайтдан буён З. Муҳиддинов ҳамқишлоғи Я. Ҳа­ли­мовдан олган қарзини бермай келаётганди. Шу боис, ке­йинги пайтларда иккаласининг орасидан гап қочганди. Буни қарангки, Зокир олган қарзини вақтида қайтариш ўрнига Яшиндан ўзгалар қўли билан ўч олишни мақсад қилади.

Афсуски, «маслак»дошларнинг қалтис «операция»си бар­­бод бўлади. Чунки Яшиннинг ён қўшниси «тунги шарпа»ларнинг қалтис ҳаракатларини сезиб қолгач, улар жиноий қилмишларини охирига етказолмай, ортга қайтишади.

Ойни этак билан ёпиб бўл­майди. Ҳар қандай жиноий хатти-ҳаракат ҳам, у қай кўринишда бўлмасин, пайти келиб юзага қалқиб чиқиши тайин.

Бинобарин, узоқ суриштирув ва тергов жараёнида ҳамтовоқларнинг кирдикорлари бирма-бир ошкор бўлди. Жиноий гуруҳ етакчиси Б. Шо­ки­ров ва унинг жиноий шериклари тергов давомида турли ёл­ғон уйдирмаларни рўкач қи­либ, сувдан қуруқ чиқиб кетишга қанчалик уринмасин, исбот ва далиллар, қолаверса, жабр­ланувчи ва гувоҳларнинг кўр­сатмалари бу кимсаларнинг асл қиёфасини фош қилиб қўйди.

Суд ҳайъати судланувчи Б. Шокиров ва бошқа жиноий гуруҳ аъзоларининг кирдикорларини батафсил ўрганиб чиқиб, уларнинг ҳар бирига қонуний жазо тайинлади.

Шунинг баробарида, жабрланувчи Нигора Носированинг фойдасига бор-йўғи 13 миллион сўм моддий зарар қопланганини инобатга олган ҳолда, қолган 241 миллион сўм моддий зарарни судланувчилар ҳисобидан солидар тартибда ундириш ҳақида ҳукм чиқарди.

Хулоса шуки, ҳаёт инсонга бир марта берилади. Шундай экан, бу бебаҳо неъматни фақат эзгу ва хайрли амалларга бағишлаган киши асло кам бўлмайди.

Аксинча, тўғри йўл қолиб, эгри йўлни танлаган кимсалар алалоқибат эл назаридан қолиб, юзшувут бўлади.

Бу ҳаётий аччиқ ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслик керак.

 

 

Ҳомид БобоҚулов,

жиноят ишлари бўйича

Қашқадарё вилояти судининг судьяси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: